Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аёл ўқитувчилар иш стажи етса, эртароқ пенсияга чиқса бўладими? – мутахассис жавоб беради

Аёл ўқитувчилар иш стажи етса, эртароқ пенсияга чиқса бўладими? – мутахассис жавоб беради

Савол: ўриндош сифатида ишловчи ходим билан мехнат шартнома бекор қилинганда ходим буйруқ билан танишиш учун келмаса ҳамда корохона бухгалтерияси ходим танишмаганлиги учун буйруқ нусхасини олмаса ва ҳисоб-китоб килмаса кандай йўл тутиш керак?

Асосий иш жойидан керакли ҳужжатларини олган.

Меҳнат кодексининг 171-моддаси 1-қисмига кўра, иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини бериши шарт. Иш берувчи ходимнинг ёзма аризасига кўра унга иш билан боғлиқ ҳужжатларнинг тегишли равишда тасдиқланган кўчирма нусхаларини ҳам бериши шарт.

Ўриндошнинг меҳнат дафтарчаси эса асосий иш жойида сақланади. Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини эса ходимнинг буйруқнинг кўчирма нусхасини почта орқали юбориш учун розилигини олмаган ҳолда почта жўнатмасини топшириш ҳақидаги билдиришнома билан юборишга ҳақли.

Меҳнат кодексининг 172-моддаси 4-қисмига кўра, агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаган бўлса, тегишли суммалар ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида ходим томонидан талаб қўйилганидан кейин уч кундан кечиктирмай тўланиши керак.

Савол: Ўқитувчи бўлиб ишлайман  ва яқинда меҳнат таътилига чиқишим керак. Жорий йилда ўқитувчилар 48 кун эмас, 56 кун дам олиши ҳақида вазир буйруғи чиққан эди. Шунда таътил пули 56 кунга ҳисобланадими ёки 48 кунга?

Меҳнат кодексининг 501-моддасига кўра, таълим ташкилотларининг педагог ходимларига ҳафтасига ўттиз олти соатдан ортиқ бўлмаган иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланади ва йиллик узайтирилган меҳнат таътили берилади. Педагог ходимлар иш вақтининг аниқ давомийлиги ва йиллик узайтирилган меҳнат таътилининг давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланади.

Меҳнат кодекси 216-моддаси 1-қисмига кўра, ҳар йилги меҳнат таътили дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган вақт давридир.

Меҳнат кодекси 233-моддасига кўра, ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ушбу Кодекснинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланади.

Демак, юқоридагилардан хулоса қилсак, таътил вақти учун ҳақ тўлашда таътилнинг барча кунларига ҳақ тўланиши зарур деб ҳисоблаймиз. Яъни 48 кунга эмас, 56 куннинг барчасига.

Савол: 48 ёшдаман, 32 йиллик стажим бор: педагогман. 16 ёшимдан ишлаганман, пенсия ёшига ҳали бор. Аёл ўқитувчилар иш стажи етса, эртароқ пенсияга чиқса бўладими?

“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасига кўра, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига:

  • эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;
  • аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.

Қонуннинг 12-моддасига кўра, ногиронлиги бўлган болалар учун ихтисослашган таълим муассасалари, “Меҳрибонлик” уйлари, ҳарбий академик лицейлар, тарбия колониялари ўқитувчилари — махсус иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда (3-сонли рўйхат, VII қисм) умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқи эга бўладилар.

Қонуннинг 12-1-моддасига кўра, ушбу Қонун 37-моддасининг “а”, “б”, “в” ва “г” бандларида назарда тутилган камида йигирма йиллик иш стажи бўлган аёллар эллик тўрт ёшга тўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов жавоб берган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг