Аёл ҳокимлар. Ишониш қийин бўлсада, ишонгимиз келади
Аёл — ожиза, аёл — куч! Аёллар ҳокимиятда бўлиши керакми? Бу баҳс-мунозараларнинг абадий мавзуси. Юртимизда аёл ҳокимлар сони 6 нафарга етди. Уларнинг барчаси шу пайтгача ҳокимиятда, давлат идораларида у ёки бу вазифани бажаришган эди. Ўзбекистондаги бу ислоҳот, умид қиламизки, шунчаки номига эмас.
Гарчи тайинланаётган раҳбарлар шу тизимга ўрганган ва «тепадан пастга» ташаббуси гуллаб яшнаётган бир пайтда ҳақиқий ўзгариш олиб келишига ишонмасакда, ИШОНГИМИЗ келади. Хўш, аёл ҳокимларни тайинлашдан мақсад — гендер тенглигими ёки сўконғич ҳокимларнинг сафини озайтиришми ёки тоза ҳаво олиб киришми? Нима бўлганда ҳам яхшиликка бўлсин.
Ўтган йили давлат бошқаруви соҳасидаги мутахассис Азиза Умарова «Наҳот, 196 туманда ҳокимликка лойиқ бирорта аёл бўлмаса?!» дея интервью берганди.
Аёл раҳбар кўпайса, жамиятда қандай ўзгаришлар юз беради? — деган саволга у шундай жавоб қайтарганди:
«Менимча, аёл раҳбар кўпайса, жамият янада раҳм-шафқатли, инсонпарвар ва маърифатли бўлади. Чунки аёлга ваколат берилса, у аксар ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади, ғазна пулини кўпроқ мактабу шифохона қуришга йўналтиради. Эркакларнинг «уруш-уруш» ўйинлари ҳам андак тизгинланади. Аёлларни раҳбар сифатида тан олиш ҳам жамият нечоғли маърифатли эканини кўрсатувчи мезонлардан бири, аслида.
Бугун жамиятимизга аёлларнинг мослашувчанлиги, меҳри, зукколиги ва закийлиги етишмаётгандек. Биз охирги йилларда кўп қадриятларимиз қаторида «илғор аёл» сиймосини ҳам бой бердик...
Назаримда, уддабурон ва илғор хотин-қизларимиз талайгина, аммо уларнинг иқтидоридан унумли фойдаланилмаяпти. Агар аёлларимиз кўпроқ раҳбарлик лавозимларини эгалласа, беш-олти йилда бунинг самарасини кўрамиз. Зарур бўлса, уларнинг малакасини оширайлик, қобилиятини тўлиқ юзага чиқаришга имкон берайлик.
Биз жамиятда муқаллидлар, лаббайгўйларнинг эмас, шахсларнинг қадрини кўтарсак, дадил одим отишдан қўрқмайдиган авлод шаклланади. Бу эса мамлакат равнақига кучли туртки беради...»
Мана, ниҳоят хориж мамлакатларидаги каби тажриба бизда ҳам қўлланила бошланди. Аёл ҳокимларимиз сони кўпаймоқда. Бироқ ҳозирча фарқи — хорижда аёллар ҳокимиятга талашиб, тортишиб, курашиб, халқ томонидан катта овоз тўплагач эришган. Сиёсат майдонида ўз «овози»га эга бўлган.
Россиялик Галина Ширшина Петрозавдскка ҳоким бўлгач жуда кўп ўзгаришлар қилган. У ўзини европалик сиёсатчи каби тутади. У аввало раҳбарлар учун инагурацияни ва «олтин парашют»ларни бекор қилади, яъни турли зиёфатлардан бош тортади. Интернетда тинимсиз қилинаётган ишлар ҳақида ҳисобот бериб боради. Одамлар билан яқин бўлишга, қўшниларидан ҳол-аҳвол сўрашни биринчи қиладиган иши деб билди. Велосипедлар учун йўлаклар қурилишини, Wi-Fi текин бўлишини орзу қилди ва эришади, тадбирбозликка чек қўйди, яъни давлат бюджетини беҳуда кетказмасликни йўлга қўяди. Дам олиш масканларини кўпайтиришни қўллаб-қувватлайди.
Яна битта Якутия мэри Сардана Асксентева, аввало раҳбарларнинг қиммат уловларини сотиб юборди. Бюджетдан маблағ ажратилиб, ишхоналарда ўтказиладиган корпоратив байрамларга чек қўйди. Бу маблағларни болалар ва қариялар уйига, ногиронларнинг муаммоларини бартараф этишга сарфлашни маъқул кўрди. Ижтимоий тармоқларда қорнинг устига йўл ётқизилаётган видеони кўриб қолиб, пудратчилар билан шартномани дарҳол бекор қилди.
Айтганча, унинг ижтимоий тармоқларда 110 мингдан ортиқ «подписчиги» бўлган. Яна у бир модельернинг иштирокини бекор қилади. Ушбу модельернинг ташрифи учун ундан олдинги ҳоким яхшигина маблағ ажратган эди. Бироқ, Сардана Авксентева, бу маблағ шаҳар мактаблари учун, ҳаво тозалаш мосламаларини сотиб олишга сарфланишни маъқул кўрган. Кейин Якутскда нархи 1,5 миллион рублга тенг бўлган машҳур «Cорсаир» балетини намойиш этишдан бош тортди. Тежалган пуллар маҳаллий кутубхоналар, болалар бадиий мактаблари ва халқ ижодиёти марказларини қўллаб-қувватлашга сарфланди.
Умуман олганда, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Аммо бизнинг тайинланаётган аёл ҳокимларимиз қатъиятлими, битта шаҳарда ёки туманда тартибни ўзгартиришни чин дилдан хоҳлашадими, буни энди вақт кўрсатади. Лоақал ҳозирча ижтимоий тармоқларда сўконғич ҳокимларнинг суратлари, ҳақоратлари бошқа трендга чиқмайди, деб умид қиламиз. Бора-бора жамиятни чиндан-да раҳм-шафқатли, инсонпарвар ва маърифатли қила оладиган, ўзгартира оладиган аёл ҳокимларимиз минбарга кўтарилса, ажаб эмас.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter