Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аввал ўн йилга «кесилган» эркак яна икки йилга қамалди

Аввал ўн йилга «кесилган» эркак яна икки йилга қамалди

Биринчи турмуш ўртоғининг ўз жонига қасд қилишигача олиб борган эркак иккинчи хотинини ҳам муттасил қийнаб келгани аниқланди.

Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида 49 ёшли Отабек Пиримов 2012 йилда Жиноят Кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айбли деб топилиб, ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган. У қонуний никоҳидаги хотинини муттасил дўппослаб, қийнаб келган. 4 нафар фарзандининг онасига ўта шафқатсизларча муносабатда бўлиб, аёлниниг баданига қасддан оғир тан жароҳатлари етказган. Турмуш ўртоғи соғлигининг ёмонлашувига ва руҳий зўриқишда қолишига сабаб бўлган. Шафқатсиз хатти-ҳаракатлари билан хотинининг ўз жонига суиқасд қилишигача олиб борган. Юқоридаги айблар билан Отабек Пиримов жазо муддатини ўта оғир тартибли колонияларда ўтаган.

2023 йилда қўшни маҳаллада яшовчи Феруза Темирова билан шаръий никоҳдан ўтиб, қонуний никоҳсиз бир оилада яшаб келган. Иккинчи аёл билан турли келишмовчиликлар сабаб ўзаро тортишиб келган. Ўринсиз рашк туфайли Феруза Темировани ҳам бир йил давомида муттасил уриб, дўппослаб, калтаклаб келган. Бош мия чайқалиши, ҳали елка, ҳали қўл ёки оёқ суяклари синиши билан поликлиникама-поликлиника қатнаб келган аёл эри урганини яшириб, тан жароҳатларини эҳтиётсизлиги туфайли орттириб олганини айтиб келган.

Бироқ, эрнинг хурмача қилиқлари кун сайин ортиб борган. Охир-оқибат эрнинг ўта шафқатсизларча аёлини қийнаб келаётгани ошкор бўлган. У ожиз аҳволдаги аёлга турли уйдирмалар билан босим ва тазйиқ ўтказиб келган. Баданининг турли аъзоларига қасддан шикаст етказилаётгани аёл руҳий зўриқишлар остида қолдирган. Эри томонидан охирги тепкилаш ва қийноқлардан эзилган Феруза турмушидаги кўнгилсизликлар ҳақида ўз онасига айтиб берган. Онаси эса куёвининг аввалги хотинини ҳам муттасил қийнаб келгани ва охир-оқибат аёлининг ўз жонига қасд қилишигача олиб боргани ҳақида эшитган. Феруза Темирова бу ҳақда ҳуқуқ тартибот органларига ҳам билдиришга мажбур бўлган.

«Айбдор Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) билан судланди. У тайинланган икки йиллик жазо муддатини манзил колонияларда ўтайдиган бўлди», - деди Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди раиси Бобур Умаров.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг