«Автобусда 47 нафар ўзбекистонлик бўлган» — ТИВ Қозоғистондаги ҳодиса ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг Олмаота шаҳридаги (Қозоғистон Республикаси) Бош консулхонаси маълумотига кўра, жорий йил 12 май куни Жамбил вилоятида йўловчи автобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Нукус – Олмаота йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган автобусда 53 нафар йўловчи, шу жумладан 47 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган. Воқеа оқибатида 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди.
Айни пайтда 16 нафар юртдошимиз туман шифохонасида, жумладан, 2 нафари жонлантириш бўлимида қолмоқда.
Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси қошида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди. Дипломатлар воқеа жойига етиб бордилар.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар ва тиббиёт муассасалари билан доимий алоқа ўрнатилган. Марҳумларнинг жасадларини ватанга олиб келиш билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳал этилмоқда.
Вазият Бош консулхона назоратига олинган.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради ҳамда ҳамюртларимиз мамлакатимизнинг Олмаота шаҳридаги бош консулхонасига (тел.: +77779504422, +77779504433) ёрдам сўраб мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда ичида ўнлаб кишилар бўлган Ўзбекистон автобуси ЙТҲга учрагани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter