Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Avto oltmish oy» МЧЖ раҳбарларига ҳукм ўқилди

«Avto oltmish oy» МЧЖ раҳбарларига ҳукм ўқилди

2021 йил 29 март куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида судланувчилар Ж. Баҳодиров (1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган, «Avto oltmish oy» МЧЖ раҳбари), О. Мирзаев (1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган, ишсиз), Э. Қурбонов (1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланмаган, ишсиз), М. Гулмирзаева (1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, «Avto oltmish oy» МЧЖ бош ҳисобчиси) ва М. Ҳакимова (1981 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланмаган, «Avto oltmish oy» МЧЖ маслаҳатчиси)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Д. Валиев томонидан кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра:

Ж. Баҳодиров Жиноят кодексининг 179-моддаси (сохта тадбиркорлик), 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) 2-қисми «а» банди ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятлар юз бермаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1-бандига асосан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари тугатилди. Ж. Баҳодиров Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «а», «б» бандлари, 188-1-моддаси (қасддан банкротликка олиб келиш) 2-қисми «б», «в» бандлари ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

О. Мирзаев Жиноят кодексининг 179-моддаси, 184-моддаси 2-қисми «а» банди ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятлар юз бермаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари тугатилди. О. Мирзаев Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а», «б» бандлари, 188-1-моддаси 2-қисми «б», «в» бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Э. Қурбонов Жиноят кодексининг 179-моддаси, 184-моддаси 2-қисми «а» банди ва 3-қисми ҳамда 243-моддасида назарда тутилган жиноятлар юз бермаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1 ва 3 бандларига асосан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари тугатилди. Э. Қурбонов Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а», «б» бандлари ва 188-1-моддаси 2-қисми «б», «в» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

М. Гулмирзаева Жиноят кодексининг 179-моддаси, 184-моддаси 2-қисми «а» банди ва 3-қисми ҳамда 243-моддасида назарда тутилган жиноятлар юз бермаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1 ва 3 бандларига асосан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари тугатилди. М. Гулмирзаева Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «в», «г» бандлари, 168-моддаси 3-қисми «а», «б» бандлари, 188-1-моддаси 2-қисми «б», «в»бандлари, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми «б» банди ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. М. Гулмирзаевага Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида, 2019 йил 7 ноябрдан 20 ноябрга қадар дастлабки қамоқда сақланган 14 кун муддатини озодликдан чеклашнинг бир кунига тенглаштириб ҳисобга олган ҳолда ўташ учун узил-кесил 4 йил 11 ой 16 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

М. Ҳакимова Жиноят кодексининг 179-моддаси, 184-моддаси 2-қисми «а» банди ва 3-қисми ҳамда 243-моддасида назарда тутилган жиноятлар юз бермаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1 ва 3 бандларига асосан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари тугатилди. М. Ҳакимова Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а», «б» бандлари ва 188-1-моддаси 2-қисми «б», «в» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 70-моддаси (шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш)га асосан жазодан озод қилинди.

Жиноят оқибатида жабрланувчиларга етказилган моддий зарар судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши ҳамда жиноят иши юзасидан хатланган пул маблағлари ва мол-мулк сотувидан тушган пулларни пропорционал тартибда жабрланувчиларга тақсимлаш белгиланди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан манфаатдор тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарар бўйича фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликлари ҳамда судланувчилар ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилишнинг қонунда белгиланган тартиби ва муддати тушунтирилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг