Ароқхўрлик бор экан, жиноятлар бўлаверади!
Гиёҳвандликка қарши курашамиз, лекин унга ундовчи спиртли ичимликка нисбатан нега лоқайдмиз?
Бугун вақт шиддат билан ўтмоқда. Турмуш тарзимиз жадаллик билан ўзгармоқда. Албатта яхши томонга. Фан-техника ривожлангани сайин яшаш, меҳнат қилиш ҳам осонлашмоқда. Даромадини кўпайтириш иштиёқида бўлган одам борки, қимирлагани, излангани сайин нимадир топмоқда. Фақатгина унда уқув, шижоат, ғайрат бўлса бўлгани. Аммо бугун одамларга нима етишмаяптики, баъзиларнинг кўнглига чироқ ёқса ёришмайдиган, бошлаган ишини охиригача етказишга ҳафсала қилмай қўл силтаб кетадиганлар учрамоқда. Бундайларга меҳр туйғулари, шукроналик, сабр-тоқат, масъулият, бир-бирини қадрлаш хислатлари етишмаяпти. Сабаби улар инсониятни ақлидан айирадиган, эгри йўлларга бошлайдиган спиртли ичимликни қўрқмай, тап тортмай истеъмол қила оладилар.
Жиноят ҳақидаги кўрсатувда эндигина қирчиллама ёшга етган, ота-онасининг хизматини қилиб, оиласига, бола-чақасига бош-қош бўлиши керак бўлган бир йигит кайф ҳолда ҳовлисига кириб келаркан, супада ухлаб ётган отасининг тепасига борди. Қўлига болтани олиб, отасини чопиб ташлади. Умрини ўғлига бағишлаб, уни шу ёшга етказгунича кексалик ёшига қадам қўйиб, энди қарилик гаштини суришга зор бўлган ота ухлаб ётган чоғида ўз фарзандининг қўлида ўлим топган бўлса-я... Энг таажжубланарлиси, ўғил гўё ҳеч нарса бўлмагандай болтани ювиб, тозалаб жойига қўяди ва отасининг чўнтагидаги пулларни олиб, бир оғайнисининг тўйига боради. У ерда яна ароқ ичади, отасининг пулларини ўйнаётганлар бошидан сочади.
Кўрсатувда қотиллик содир бўлган маҳалланинг фаоллари ва зобитлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришаркан, барчалари бир гапни таъкидлашяпти: «Бу воқеа ҳаммамизга сабоқ бўлди. Бу ходиса рўй беришида ҳаммамизнинг айбимиз бор. Лоқайдлик қилдик, бепарволик қилдик. Маҳаллада фуқаролар ўртасида тинмай тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Энди бундан кейин бу каби жиноятлар рўй бермаслиги учун қўлимиздан келган барча чораларни қўллаймиз...».
Бундай сийқаси чиқиб кетган гаплар ҳар бир салбий ходисадан кейин бўлиб ўтадиган майда баҳс-мунозаралар холос. Турмушимизда ёмон иллатлар бор экан, жиноятчиликлар, қотилликлар барибир содир бўлаверади. Ҳар бир қотиллик аралашган жиноятдан кейин албатта ўша маҳалла фаоллари ўртасида мажлисбозликлар, текширув-суриштирув ишлари олиб борилаверади.
Шундай экан, жиноятчини ўғриликка, қотилликка, зўравонликка ундаган ароқхўрликдек иллатни таг-туги билан йўқ қилайликки, токи ўша иллат бошқа кимсаларни ҳам йўлдан урмасин, деган қатъий чорани амалда қўллаш фурсати келмадими?
Зеро ўз отасини ваҳшийларча ўлдирган қотил ўғил илгаритдан каллакесар бўлмаган, отасини доимо калтаклаб юрмаган, туғма манқурт, одамхўр бўлмаган, бу қотилликни ароқ таъсирида қандай қилиб амалга оширганини билмай қолган. Динимиз инсонни ақлу ҳушидан айирувчи ичимликларни ҳаром санаган, медицина ҳам ароқ ичган одамнинг мияси айниб, ўзига бўйсунмай қолишини исботлаган.
Оддий сўз билан айтганда ароқ шайтоннинг қуроли!
Юзлаб, минглаб жиноятчилар орасидан ҳеч бир киши йўқки ёки оғзига ароқ олмаган бўлса, ёхуд гиёҳванд модда истеъмол қилмаган бўлса. Акс ҳолда ваҳшийга, ўз яқинининг қотилига айланармиди? Нима учун жиноятчиларнинг кирдикорларини синчиклаб ўрганамиз, уларни озодликдан маҳрум қиламизу, улар истеъмол қилган спиртли ичимликни унутиб қўямиз?
Агар ҳар бир маҳалланинг яқинида ароқ сотувчи дўконлар мавжуд бўлмаганида ароқхўрлар сони анча қисқарган бўлармиди... Узоққа бориб ўтирмайман, ўзим кўп қаватли уйлардан бирида истиқомат қиламан. Сал нарироқда ароқ дўкони жойлашган. Ёз келди дегунча бекорчи эркаклар ярим тунгача одамларнинг тинчини бузиб, бақир-чақир қилиб ўтиришади. Кайф аралаш жанжаллашишади. Аҳоли зич яшайдиган кўп қаватли уйлар ёнида ароқ дўконларининг фаолият олиб боришига ушбу маҳалла фуқаролари норози бўлишса-да, дўконни беркитишга ожизлар. Пойтахтнинг марказий кўчаларидан бирида ҳам ароқ сотувчи дўкон бор. У кўчанинг шундоқ юзида, бекат ёнида бўлгани учун у ердан чиққан маст-аластлар одамларнинг таъбини хира қилади. Энг ёмони, бекатда, ерда думалаб ётган пиёнисталарни кўриб, наҳотки шаҳар марказида ҳам шундай хор одамлар учраб турса, деган ғашлик руҳиятимизга таъсир этмай қолмайди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, спиртли ичимлик таъсирида эс-ҳушини йўқотиш туфайли содир этилган қотилликлар ҳар ерда учраб туради. Қайсики маҳаллада ароқхўрлар сони кўп бўлар экан, ўша маҳаллада ажримлар ҳам шунга яраша. Меҳрибонлик уйларига ташлаб кетилган чақалоқларнинг кўпчилигининг ота-онаси ароқхўрлардир. Кўзига ароқдан бошқаси кўринмагач, боласини ташлаб кетадида.
Токи маҳалла оқсоқоллари, зобитлари, керак бўлса депутатлар бир ёқадан бош чиқариб ароқхўрликка қарши шунчаки сўзда эмас, амалда қатъий чораларни қўллашмас экан, жиноятлар содир бўлаверади. Ароқхўрлик нафақат оилаларни парокандага олиб келяпти, балки унинг касрига ногирон гўдаклар дунёга келяпти, онгсиз, қашшоқ одамлар пайдо бўляпти.
Юртбошимизнинг бошчилигида бугун юртимизда ислом дини янада ривожланди. Ёшу-қари, эркагу-аёл борки, эмин-эркин Қуръон тиловати мусобақаларида қатнашишмоқда. Президентимиз ҳар бир оилада тинчлик фаровонликни йўлга қўйиш мақсадида барча чораларни қўллашимизга йўл очиб бердилар. Шундай экан, менталитетимизга ёт бўлган нимаики иллат бўлса, барчасига қарши курашиш фурсати ҳам етиб келди.
Раъно Маҳмудова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter