Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аргентинанинг энг сўнгги диктатори 90 ёшида вафот этди

Аргентинанинг энг сўнгги диктатори 90 ёшида вафот этди

Рейналдо Биньоне.

Фото: «Eleconomistaamerica.com.ar»

Аргентина ҳарбий хунтасининг охирги бошлиғи Рейналдо Биньоне 90 ёшида вафот этди. Бу ҳақда 7 март куни «Todo Noticias» телеканалига асосланиб ТАСС хабар бермоқда.

Телеканалнинг маълум қилишича, диктаторлик режими томонидан содир этилган жиноятлар учун қамоқда бўлган Биньоне ҳарбий госпиталда вафот этган. У бу ерга соғлиғи ёмонлашуви туфайли олиб келинган эди. Биньоне бир неча марта умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган. Хусусан, 2016 йил май ойида суд уни Кондор плани доирасида инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айбдор деб топган эди. 1970 — 1980-йилларда бу амалиёт сиёсий мухолифларни йўқ қилиш учун Аргентина, Боливия, Бразилия, Парагвай, Уругвай ва Чили ҳарбий режимлари томонидан биргаликда олиб борилган.

1976 йил 24 мартда Аргентинада генерал Хорхе Видела бошчилигида ҳарбий тўнтариш содир этилди. Парламент тарқатиб юборилди, комендантлик соати жорий қилинди, сиёсий партиялар ва касаба уюшмалар фаолияти тўхтатилди. Расмий маълумотларга қараганда ҳарбий диктатура йилларида 18 минг фуқаро изсиз йўқолган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра бу рақам 30 минг кишига етади.

Биньоне 1982 йил июль ойида ҳарбий хунта томонидан Аргентинанинг президенти этиб тайинланган. 1983 йилнинг декабрида у ҳокимиятни президент Раул Алфонсиннинг ноҳарбий ҳукуматига топширган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг