Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШда ёшларнинг армиядан кўнгли совигани сабаби маълум қилинди

АҚШда ёшларнинг армиядан кўнгли совигани сабаби маълум қилинди

Фото: AFP

АҚШ Қуролли кучларида ҳарбий хизматчилар етишмаслиги кузатилмоқда. Аксар ёшлар армияга боришни истамаяпти, деб ёзади шарҳловчи Томас Шпор The Washington Examiner нашрида чоп этилган мақоласида.

Гап шундаки, Қўшма Штатларда 1973 йилдан армияга кўнгилли равишда аскар ёллаш тизими йўлга қўйилган.  Ўшандан буён иқтисодий омиллар ёки ҳарбий тўқнашувлардаги йўқотишлар сабаб 1999, 2005 ва 2018 йилларда ҳарбий хизматга қизиқиш сусайиши кузатилган.

Пентагон 2022 йилда ҳам шартнома асосида шакллантириладиган қўшинларда кадр етишмовчилиги юқори бўлишидан хавотир билдирмоқда. Сенатдаги муҳокамаларда жорий йил кўнгилли равишда аскар ёллаш тизими йўлга қўйилганидан буён энг мураккаб йил бўлиши маълум қилинган. Қайд этилишича,  талабгор йўқлиги важидан АҚШ Қуролли кучлари 12 минг аскар штатини қисқартиришга мажбур бўлган.

Шарҳловчи Томас Шпорга кўра,  ҳарбий тизимдаги мавжуд инқирозга 2021 йилда АҚШ аскарларининг Афғонистонни тарк этгани сабаб бўлди. Ушбу муваффақиятсизликдан кейин аҳолининг армияга бўлган ишончи кескин пасайган.

Ёшлар орасида анъанавий равишда денгиз пиёдалари корпусига қизиқиш кучли бўлиб келган. Аммо 2022 йилда мазкур корпус ҳам муносиб хизматчи топишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Бошқа томондан, семириш, жиноий ўтмиш, жисмоний нуқсонлар, гиёҳвандлик моддалари истеъмол қилиш, ўрта мактаб шаҳодатномасининг йўқлиги каби муаммолар сабаб америкалик ёшлар орасида армияга яроқлилар сафи қисқармоқда. Таҳлилларга кўра, 12-19 ёш орасидаги ўсмирларнинг 21,2 фоизида семириш ҳолати қайд этилган.

«Ҳарбий хизматга чақирув муваққат муаммо эмас. Бу масала бир йилда ҳал бўлиб қолмайди. Муаммони рад этиш билан ҳам уни ечиш амримаҳол. Бунинг ўрнига муқобил ечимлар қидириш керак. Чунки миллий хавфсизлигимиз мазкур масалани тўғри англашимизга боғлиқ», – деб ёзади  шарҳловчи Т.Шпор.

Шунга кўра, муаллиф АҚШ мудофаа вазирлигига имтиёзларни кучайтириш орқали армияга кўпроқ ёшларни жалб этишни тавсия қилган.

Украина уруши ортидан Россия қуролли кучларида ҳам шу каби ҳолат кузатилаётгани айтилмоқда. Хусусан, The Moscow Times нашрининг ёзишича, Украинада уруш бошлангач, йигитлар орасида армияга боришдан бош тортиш ҳолатлари кўпайган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг