АҚШ ва Исроил Ғазо сектори келажагига оид уч вариантни кўриб чиқмоқда
Вашингтон ва Тел-Авив агар Исроил ҳарбийлари ҲАМАС жангариларини у ердан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлса, Ғазо сектори келажаги учун учта вариантни кўриб чиқмоқда, деб хабар бермоқда Bloomberg манбаларга таяниб. Муҳокамалар Исроил армияси Фаластин назорати остидаги ҳудудда қуруқликдаги ҳаракатларини кенгайтираётган пайтда ўтказилмоқда.
Биринчиси, Яқин Шарқ минтақасидаги мамлакатларга анклав устидан вақтинчалик назоратни бериш. Ғазо секторида АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия қўшинлари жойлаштирилади. Шунингдек, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларининг иштироки ҳам маъқул кўрилмоқда, деб ёзади агентлик.
Иккинчи вариантга кўра, 1979 йилги Исроил-Миср тинчлик шартномаси (Кемп Девид келишувлари) амалга оширилишини назорат қилувчи миссия бўлган Синай ярим оролидаги Кўп миллатли кучлар ва кузатувчиларга ўхшаш секторда тинчликпарвар кучлар фаолият юритади. Манбаларга кўра, Исроил бу ғояни «кўриб чиқишга лойиқ» деб ҳисоблайди.
Яна бир вариант – Ғазо секторини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида вақтинчалик бошқариш (агентлик аввалроқ томонлар у ерда БМТ кўмаги ва араб давлатлари иштирокида муваққат ҳукумат тузиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзган эди). Bloomberg маълумотларига кўра, Исроил учун бу таклиф амалий эмас, чунки БМТнинг «фойдаси кам».
Bloomberg таъкидлаганидек, учта вариант ҳам президент Жо Байден ва бошқа давлатлар, жумладан Форс кўрфази давлатлари учун «сиёсий хавф» туғдиради. Манбага кўра, Байден ҳатто кичик бир америкалик аскар контингентини ҳам хавф остига қўймоқчи эмас. Араб давлатлари Ғазо сектори тақдирида иштирок этишдан манфаатдор ёки йўқлиги ҳам номаълум.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен «янгиланган Фаластин миллий маъмурияти» анклавни бошқариш учун энг яхши вариант деб атади.
Фаластин ҳудудлари икки қисмга бўлинган: Ўрта ер денгизи соҳилидаги Ғазо сектори ва пойтахти Рамаллаҳ шаҳри бўлган Ғарбий Соҳил минтақаси. Биринчиси — Ҳамас томонидан, иккинчиси Фаластин Озодлик Ташкилоти (ФОТ) томонидан назорат қилинади. 2004 йилда Маҳмуд Аббос ФОТ раҳбари бўлди. Фаластин миллий озодлик ҳаракати Фатҳ ташкилотининг асосий бўлинмаларидан бири ҳисобланади.
Ҳамас 2007 йилда Фатҳ билан тўқнаш келгандан сўнг Ғазо секторида ҳокимиятни ўз қўлига олган. Бу 2006 йилда Рамаллоҳда бўлиб ўтган Фаластин Қонунчилик Кенгаши сайловларида Ҳамас Фатҳдан кўпроқ ўрин олгандан кейин содир бўлди. Иккинчи томон сайлов натижаларини тан олмади, шунингдек, Фатҳ етакчилигида миллий бирлик ҳукумати тузилмади. Жанглар натижасида Ҳамас Фатҳни Ғазо секторидан сиқиб чиқарди.
Times of Israel нашрининг фаластинлик мулозимга таяниб хабар беришича, президент Маҳмуд Аббос Ғазо секторини ўз маъмуриятига топшириш масаласини Исроил билан «кенгроқ тинчлик ташаббуси» доирасида келишилган тақдирдагина кўриб чиқишга рози бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter