АҚШ Украинага дрон-камикадзе етказиб бермоқда
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украинага Switchblade русумидаги жанговар учувчисиз қурилмалар етказиб беришга қарор қилди. Вашингтон ҳозирга қадар юқори аниқликда нишонга урувчи бундай дронларни фақат яқин иттифоқчиси Буюк Британия билан баҳам кўрган.
Switchblade дронлари АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари буюртмасига кўра AeroVironment компанияси томонидан ишлаб чиқарилади. Нишонни 10 километрдан аниқ урувчи қурилма фақат бир марта қўллангани сабаб дрон-камикадзе деб аталади. Шовқинсиз парвоз қилувчи, кичик ҳажмли дронларни пайқаш мушкул экани айтилади. Ҳозирча 100 дона дрон етказиб берилиши маълум қилинган. Кейинроқ яна қўшимча миқдорда юборилиши мумкин.
Хабарларга кўра, Вашингтон юқори доираларида Украинага мазкур илғор жанговар қурилмаларни етказиш масаласи узоқ муҳокама этилган. Пировардида оғир аҳволда қолган мамлакатга кўмак ва хайрихоҳлик ифодаси ўлароқ уни етказишга розилик берилган.
Ҳарбий экспертлар Switchblade дронларини «ақлли бомба» деб атайди. Двигатель, камера ва ички бошқарув тизимига эга қурилма ҳам бронетехника, ҳам пиёда аскарларни маҳв этишга мўлжалланган. Дронларни объектларга мустақил ҳолда ҳужум қилишга дастурлаштириш имкони мавжуд.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter