АҚШ роҳинжа мусулмонларига қарши зўравонликларни геноцид деб тан олди
АҚШ Мьянма армияси томонидан роҳинжа мусулмонларига нисбатан амалга оширилган зулм ва зўравонликларни геноцид ва инсониятга қарши жиноят деб тан олди. Бу ҳақда давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди.
«Давлат департаментининг ички хулосалари ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларнинг ҳужжатларига таяниб, Қўшма Штатлар Бирма (Мьянма) армияси ҳарбийлари роҳинжа жамоасига нисбатан геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар содир этган деган хулосага келди», – дейди АҚШ бош дипломати.
Қайд этилишича, сўнгги беш йил ичида Мьянма армияси ўн минглаб роҳинжа мусулмонларининг ўлимига сабаб бўлган, бу жафокаш қавмнинг яна 1,2 млн нафари таъқиб-тазйиққа учраган. Давлат котиби ҳарбийлар қишлоқларни вайрон қилиш, хотин-қизлар номусини поймол этиш каби оғир жиноятларни содир этганини ҳам айтган.
Расмий Вашингтон айни пайтда Мьянмада ҳукмронлик қилаётган ҳарбийлар ҳокимиятига нисбатан қўшимча санкциялар жорий этиши кутилмоқда.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар Мьянма маъмурияти роҳинжа мусулмонларига нисбатан пухта режалаштирилган зулм-зўравонлик сиёсатини юритиб келмоқда деб ҳисоблайди. 2020 йил январь ойида БМТнинг Ҳаагадаги халқаро суди мазкур мамлакат раҳбариятига этник озчилик саналган роҳинжа қавмига нисбатан геноцидни тўхтатиш мажбуриятини юклаган эди.
«Xabar.uz» аввалроқ роҳинжа мусулмонларининг аянчли тақдири хусусида таҳлилий мақола эълон қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter