АҚШ ҳукумати «Гарвард»га хорижликларни ўқишга қабул қилишни тақиқлаб қўйди

АҚШ Миллий хавфсизлик департаменти (DHS) раҳбари Кристи Ноэм Гарвард университетини «зўравонлик ва антисемитизмни рағбатлантириш», шунингдек, Хитой Компартияси билан ҳамкорлик қилишда айблади.
«Университетнинг чет эллик талабаларни қабул қилиши ва ўқиш учун тўланган маблағлар эвазига фондни тўлдириши – бу имтиёз эди, ҳуқуқ эмас. Гарвард маъмуриятининг ишни тўғри олиб бориши учун кўп имкониятлари бор эди. Аммо улар бундай қилмади. Энди университет ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари учун талабалар ва алмашинув дастурлари сертификатидан маҳрум бўлди», – дейди Ноэм.
Сертификат бекор қилингани ортидаг Гарвард энди чет элликларга АҚШда ўқиш визасини олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни бера олмайди. Ҳозирда Гарвардда таҳсил олаётган чет эллик талабалар бошқа университетга ўтишлари керак, акс ҳолда улар мамлакатда қолиш ҳуқуқини ҳам йўқотадилар.
Гарвард университети Трамп маъмуриятининг бу ҳаракатларини ноқонуний ва қасос олишга ўхшаш, деб баҳолади, шунингдек, бу ҳаракатлар университетнинг илмий ва тадқиқот миссиясига путур етказишини таъкидлади.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда Гарвардда 140 мамлакатдан 7 мингга яқин хорижлик талаба таълим олмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter