АҚШ Грузия билан стратегик ҳамкорликни тўхтатди
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтю Миллер Грузия билан стратегик ҳамкорлик тўхтатилганини эълон қилди.
У Вашингтон қарорини Тбилиси Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини тўхтатгани ва намойишчиларга қарши куч ишлатаётгани билан изоҳлади.
«Грузия орзуси»нинг антидемократик ҳаракатлари умумий қадриятлар ва демократияга содиқликка асосланган АҚШ-Грузия стратегик ҳамкорлигимизнинг асосий тамойилларини бузди«, дейди Мэтю Миллер Давлат департаменти веб-сайтида эълон қилинган баёнотда.
Департамент вакилининг қўшимча қилишича, «Грузия орзуси» партиясининг Европа интеграцияси жараёнини тўхтатиш ҳақидаги қарори «грузин халқига конституцияда мустаҳкамланган ваъдаларга зид келади». У, шунингдек, ҳукмрон партия «Грузияни Кремл олдида янада заифроқ қилиб қўйганини» айтди.
Мэтю Миллер Европа интеграциясининг тўхтатилишига қарши намойишчиларга қарши куч ишлатишни қоралади. Шунингдек, у барча томонларни тинч митингларни таъминлашга чақирди. Жаноб Миллер қўшимча қилганидек, АҚШ Давлат департаменти Грузия ҳукуматини Евроатлантика йўлига қайтишга ва парламент сайловларидаги барча қонунбузарликларни текширишга чақиради.
28 ноябрь куни ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси Европа Иттифоқига кириш бўйича музокаралар бошланишини камида 2028 йил охирига қолдиришини эълон қилди.
Мамлакатда оммавий норозиликларнинг янги тўлқини бошланди. Митингларнинг дастлабки икки кунида 150 га яқин одам ҳибсга олинган. Полиция намойишчиларни сув ва кўздан ёш оқизувчи газ билан тарқатди. Камида 20 журналист ва 42 полициячи жароҳат олгани маълум. Грузия президенти Саломе Зурабишвили хавфсизлик кучларини куч ишлатмасликка чақирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter