АҚШ дипломатик тизимида тарихий ўзгаришлар амалга оширилади – давлат котиби
АҚШ Давлат департаменти тизимида жиддий ислоҳотлар амалга оширилади. Бу ҳақда Давлат котиби Энтони Блинкен Арлингтондаги Дипломатик хизмат институтида сўзлаган нутқида маълум қилган.
Ўзгариш ва янгиланишлар АҚШ миллий хавфсизлиги учун муҳим аҳамият касб этаётган беш йўналиш – иқлим, соғлиқни сақлаш, киберхавфсизлик, иқтисодиёт ва кўп томонлама дипломатия жабҳаларига тааллуқлидир.
«Кўпдан бери интиқлик билан кутилган тарихий ўзгаришлар учун имконият эшиклари очилмоқда ва биз бундан қатъият билан фойдаланамиз», – деди Давлат котиби.
Қайд этилишича, Конгресс кўмагида Департамент таркибида киберхавфсизлик ва рақамли сиёсат масалалари бўйича янги бюро ташкил этилади. Янги тузилмага алоҳида вазифалар бўйича элчи бошчилик қилади.
Бундан ташқари, янги технологияларни ишлаб чиқариш, сунъий интеллект, квант информатикаси, биотехнологиялар каби йўналишлардаги ишларни мувофиқлаштирувчи элчи лавозими ҳам жорий этилиши кутилмоқда.
«Халқимиз, компанияларимиз ва тармоқларимиз ҳамда муҳим инфраструктура объектларимизга хавф туғдирувчи киберҳужумларнинг олдини олишимиз лозим. Биз интернет қатағон қуроли эмас, балки таълим олиш, мулоқот ҳамда иқтисодий ўсишнинг илғор воситаси бўлишини истаймиз», – деди Э.Блинкен.
Давлат котиби АҚШ дунёда технологик жиҳатдан энг ривожланган мамлакат экани ва ушбу куч-имкониятдан унумли фойдаланиш муҳим эканини таъкидлади.
«Биз технологиялар демократия йўлида, ахборий хуружларга қарши кураш, интернет эркинлигини муҳофаза этиш ва кузатув технологияларини суиистеъмол қилишнинг олдини олишга хизмат қилишини истаймиз», – деб таъкидлади мамлакат бош дипломати.
Бугун иқлим ўзгариши оқибатида рўй бераётган табиат ҳодисалари инсониятга кутилмаган муаммолар туғдирмоқда, мисли кўрилмаган фожиаларга доялик қилмоқда. Шу боис Давлат департаменти тизимида ҳам иқлим ўзгаришига алоқадор лавозимлар жорий этилади.
Давлат котиби COVID-19 пандемияси хусусида гапирар экан, Қўшма Штатлар иттифоқчи давлатлар билан инсоният саломатлигига хавф солувчи таҳдидларнинг олдини олиш борасида яқин ҳамкорлик қилиши лозимлигини урғулади.
Э.Блинкен, айни чоқда, жаҳон иқтисодиёти, интернет сиёсати, атроф-муҳит муҳофазаси, инсон ҳуқуқлари каби масалаларда ҳам бошқа давлатлар билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилишини билдирди.
«Кўп томонлама дипломатия – замонамизнинг ёлғиз ҳолда ҳал этиш мушкул бўлган улкан муаммолари ечими йўлида бошқа мамлакатлар билан бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш демакдир. Агар биз халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирок этмасак, вужудга келган бўшлиқдан бизнинг қадрият ва манфаатларига хайрихоҳ бўлмаганлар фойдаланиши мумкин», – деб огоҳлантирди Э.Блинкен.
Аввал хабар берганимиздек, Қўшма Штатлар 3 йиллик танаффусдан кейин БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигига қайтди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида дунёда пешқадам ва яловбардор бўлган мамлакатнинг уч йил аввал БМТ кенгашини тарк этиши хато қадам деб баҳоланган эди. Шунга кўра, таҳлилчилар президент Жо Байден маъмурияти салафининг яна бир хатосини тўғрилагани ва изоляционизм сиёсатидан йироқлашув йўлида дадил қадам ташлаганини таъкидламоқдалар.
Давлат котиби Э.Блинкен дунё бўйлаб фаолият юритаётган АҚШ дипломатлари ўз ҳаётини хатарга қўяётгани, гоҳида саломатлик билан товон тўлашга мажбур бўлаётганини ҳам таассуф билан қайд этган. Бу борада «Ҳавана синдроми» деб аталган ноодатий касалликка ишора қилган.
Эслатиб ўтамиз, илк бор 2016 йили АҚШнинг Куба пойтахти Ҳавана шаҳридаги элчихонасида фаолият юритган ходимларда ноодатий касаллик асоратлари намоён бўлган. Кейинроқ Австрия, Хитой, Россия каби мамлакатлардаги элчихоналар ходимларида ҳам «Ҳавана синдроми» кузатилган.
Э.Блинкен саломатлигини йўқотган ходимларга ғамхўрлик кўрсатилиши, бундан буён дипломатлар соғлиғини муҳофаза этишга жиддий эътибор қаратилишини маълум қилган.
АҚШ ташқи сиёсат маҳкамаси – Давлат департаменти ташкил этилганига 232 йил бўлди. Мамлакатнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон 1789 йил 27 июлда илк федерал муассаса – Ташқи ишлар департаментига асос солди. Орадан бироз муддат ўтиб, муассаса номи Давлат департаменти дея ўзгартирилди. Дастлаб бир неча ўн чоғли ходим фаолият юритган маҳкама йиллар мобайнида кенгайиб, ўн минглаб кишини иш билан таъминловчи улкан тузилмага, сайёрамизнинг энг қудратли идорасига айланди.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter