Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Антиструмин»: миллиардлик шартномалар, шиширилган нарх ва қидирувдаги таъсисчи

«Антиструмин»: миллиардлик шартномалар, шиширилган нарх ва қидирувдаги таъсисчи

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида боғча ва мактаб ёшидаги болаларнинг аввал Чустда, кейинроқ эса республиканинг бошқа ҳудудларида Калий йодид 1 мг (0,001 г) №100 (Антиструмин) дори воситасидан заҳарланган болалар мавзуси айни муҳокамада.

Жамоатчиликда пайдо бўлаётган саволарнинг очиқ қолдирилаётгани, қолаверса, воқеа жойига борган ССВ вазири Иноятов, ўринбосари Боситхонова ёки ўша куниёқ тузилгани айтилган тезкор штаб, мана олтинчи кундирки лом-мим демаётгани аҳоли ўртасида қизғин муҳокамаларни келтириб чиқармоқда.

Ўз навбатида масаланинг очиқ тургани айрим фаол жамоатчилик вакилларининг бу борадаги изланишларига сабаб бўлмоқда.

Масалан, ССВ ва юқорида номи келтирилган дори препарати ишлаб чиқарувчисини қандай шартномалар боғлаб туриши ҳақида.

Давлат харидлари электрон тизими маълумотларига таянилса, дастлаб ССВ таъсисчилигидаги «O‘zmedimpeks» МЧЖ Калий йодид 1 мг (0,001 г) №100 (Антиструмин) дори воситасини харид қилиш учун 2022 йил июнь ойида «Само» МЧЖ билан 5 млрд 644 млн сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузган. 2023 йил 11 январда эса ушбу шартномага 956 млн сўмлик қўшимча келишув қилинган. Ҳар бир ўрами 5 500 сўмдан.

2023 йил 4 майга келиб эса яна Антиструмин дориси хариди учун худди шу МЧЖ билан 15 млрд 275 млн сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузилган. Ушбу шартномаларга кўра, жами 21 млрд 875 млн сўм маблағ эвазига «Само» МЧЖ 3 млн 550 минг миқдорда Антиструмин етказиб бериши кўрсатилган. Аммо бу сафар нархлар ҳар ўрами учун 6 500 сўмдан (нархни эслаб қолинг, бу ҳақда пастроқда тўхталамиз).

Бу ерда эътиборли жиҳатларидан бири шартномаларнинг ҳеч қандай тендер ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри тузилганлиги ҳолати бўлиб, бунга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларни комплекс экспертиза қилиш марказининг «O‘zmedimpeks» МЧЖга 2023 йил 12 майда йўллаган хатида «жавоб берилади».

Яъни, Марказнинг билдиришича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 июлдаги 473-сонли қарори 2-банди 2-хатбошисига асосан Рўйхатнинг 18-банди (Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган рўйхат бўйича дори воситалари ва тиббиётда қўлланиладиган буюмлар.)га кўра, ССВга тўғридан тўғри шартнома тузишга рухсат берилади ва бу Марказ томонидан мажбурий экспертизадан ўтказилмайди.

ССВ ва «Само» МЧЖнинг ўзаро келишувлари шу билан (қарийб 22 млрд сўмлик шартномалар) тўхтаб қолмаган.

2022 йилнинг 18 июлида имзоланган шартномага кўра, «O‘zmedimpeks» МЧЖ 25 млрд 20 млн сўм эвазига ва албатта тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали «Само» МЧЖдан 278 минг бирликдаги «Аферол» дори воситасини ҳар бирини 90 минг сўмдан сотиб олади.

Иқтисодчи Отабек Бакиров вазирлик ва ишлаб чиқарувчи ўртасида тузилган шартномада кўрсатилдган нархларга шубҳа билан қараяпти. Унинг айтишича, худди шу дори чакана савдода ва худди шу ишлаб чиқарувчи томонидан 28003000 сўмдан таклиф қилинмоқда.

«Йўқ, гап бу ерда Антиструмин 11 ой ичида 18,2 фоизга қимматлаганида ҳам эмас, ахир ўзбек чиновниклари доим расмий инфляциядан 2 карра олдинроқ юради», – дея киноясини яширмайди Бакиров.

Ўз навбатида, ССВга дахлдор масъуллар, жумладан Наманганда ОАВ вакилларига ҳолат бўйича маълумот беришдан, боғча ва мактаб ёшидаги фарзандлари бўлган ота-оналарга бирор йўриқнома беришдан ўзларини тийиб турибдилар.

Бу эса жамоатчилик орасида яна ва яна саволларни пайдо қилаверади.

Маълумот учун, аввалроқ «Само» МЧЖ таъсисчиларидан бири Нодир Юнусов АҚШ божхона ва иммиграция назорати хизмати томонидан қидирувга берилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. У одам савдоси ва фирибгарликда айбланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг