Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Англияга келган Месси, қилкўприкдаги «Милан», реваншга чиққан «Реал». ЕЧЛ: кимга қандай натижа керак? (превью)

Англияга келган Месси, қилкўприкдаги «Милан», реваншга чиққан «Реал». ЕЧЛ: кимга қандай натижа керак? (превью)

Фото: «The Quint»

Бугун Европа чемпионлар лигаси 2021-2022 йилги мавсумининг гуруҳ босқичи 5-тур ўйинларининг қолган ўйинлари бўлиб ўтади. 16 клуб иштирокида 8 та ўйин ўтказилиши режалаштирилган. Кимга қандай натижа керак ва тахминий таркиблар қандай бўлиши ҳақида гаплашамиз.

«A» гуруҳи

Бугун бу гуруҳда иккита ўйин бўлиб ўтади. «Этиҳад»да кечадиган ўйин кечани безаб бериши кутилмоқда. Бу ўйиндаги натижа катта эҳтимол билан гуруҳдан ким биринчи, ким иккинчи ўрин билан чиқишини белгилаб беради. Дастлабки ўйинда парижликлар ғалаба қозонишган. Назарий жиҳатдан иккала жамоанинг қайсидир бири Европа Лигасига тушиб кетиши мумкин. Агар «Пари Сен-Жермен» бу ўйинда мағлуб бўлса, «Брюгге» «Лейпциг»ни ютса, сўнгги турда Почеттино шогирдлари ўз майдонида «Брюгге»га очко бермасликларига тўғри келади. Худди шу сценарий «Манчестер Сити»да такрорланиши мумкин. «Брюгге» иккала ўйинни ютган тақдирда, «шаҳарликлар» «Лейпциг»дан энг камида бир очко олишларига тўғри келади. Парижликлар таркибида йўқотишлар катта эмас, аммо инглизлар сафида де Брюйне ва Ферран Торрес майдонга тушмайди. Бугун Рамос ҳам дебют қилиши мумкин.

«Брюгге» — «РБ Лейпциг» ўйини ҳам анча муросасиз ўтиши кутилмоқда. Ҳужумкор ва ёрқин «Лейпциг» меҳмонда ўйнашига қарамай, осон таслим бўлмаслиги мумкин. Бельгияликларга иккала ўйинда ғалаба жуда зарур, чунки юқорида айтилгандек ҳали назарий жиҳатдан плей-оффга «илиниш» мумкин.

«B» гуруҳи

Бу гуруҳда ҳаммасини ҳал қилган «Ливерпул» «Порту»ни қабул қилади. Италиянинг машҳур клуби «Милан» эса Мадридга сафар қилади. Гуруҳда иккинчи бўлиш имконияти ҳатто бир очко тўплаган «Милан»да ҳам назарий жиҳатдан сақланиб турибди. Бу учун миланликлар Испаниядан ғалаба билан қайтишлари, 8 декабрда ўз уйида ўтадиган учрашувда «Ливерпул»ни мағлуб этишлари талаб этилади. Бундан ташқари, бугун «Ливерпул» португалияликларни тор-мор қилиши керак. «Атлетико» «Милан»ни қуруқ қўл билан ортга қайтарсалар, сўнгги турда ҳаммаси ўзларининг қўлларида бўлади. «Порту» майдонидаги ғалаба, шубҳасиз, «Атлетико Мадрид»ни кейинги босқичга олиб чиқади. «Порту» эса икки ўйинда камида икки очко олишлари керак. Бу ҳеч бўлмаганда Европа Лигасини кафолатлайди.

«C» гуруҳи

Бу гуруҳда ҳам иккинчи ўрин учун баҳс авжига чиққан. Олти очко тўплаган икки жамоа «Спортинг» ва «Боруссия Дортмунд» ўзаро баҳс олиб боради. Катта эҳтимол билан мазкур баҳсда қозонилган ғалаба ғолибни кейинги босқичга олиб чиқади. Иккинчи баҳс эса ҳеч нарсаси йўқ Туркиянинг «Бешиктош» клуби тобора кучайиб бораётган «Аякс»ни қабул қилади.

«D» гуруҳи

Бу гуруҳда ҳали ҳеч нарса аниқ бўлмаган. Биринчи ўринда бораётган «Реал» ҳам плей-оффдан қуруқ қолиши мумкин. Бугун Молдованинг «Шериф» клуби Мадриддан бир очко тортиб олса, сўнгги баҳсда ғалаба қозониши ва «Реал»нинг қоқилишини кутишлари мумкин бўлади. Анчелотти шогирдлари эса Молдовадан ғалаба билан қайта олсалар, «Интер» билан ўйиндаги ҳар қандай натижа жамоани кейинги босқичга чиқиши учун етарли бўлади. Агарда бугун мағлубиятга учраса, сўнгги турда «Интер»дан очко олишлари керак бўлади. «Интер» бугун «Шахтиёр»ни мағлуб этса, «Реал» ҳам «Шериф»ни ютса, иккала гранд ҳам кейинги босқичга чиқади. Агарда «Шериф» «оқ бланкос»дан уч очко олса, сўнгги турда Мадридда ғалаба қозониши ва Яхшибоев жамоасининг очко йўқотишини кутади. Кўп жиҳатдан сўнгги турда Мадридда гуруҳ тақдири ҳал бўлиши кутилмоқда. Бугун «Реал Мадрид» таркибида Бейл ва Азар ўйинни ўтказиб юбориши аниқ бўлган. Ватандошимиз Жасур Яхшибоевнинг майдонга тушиши эса сўроқ остида. «Интер» ва «Шахтёр»да эса катта йўқотишлар йўқ.

Эслатиб ўтамиз, гуруҳ босқичининг сўнгги 6-тур ўйинлари 7-8 декабрь кунлари бўлиб ўтади. Турнир финали 2022 йил 28 май куни Санкт-Петербургда режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг