Ангела Меркел – 70 ёшда. Германия президенти собиқ канцлерни табриклади
Атоқли олмон давлат арбоби Ангела Меркел бугун, 17 июль куни 70 ёшга тўлди. Шу муносабат билан табрик йўллаган Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Ангела Меркелни ибратли фаолият соҳибаси, олмон демократиясининг ёрқин намояндаси деб атади.
«Ушбу юбилейнинг муҳимлиги шундаки, сизнинг 70 йиллик умрингизни икки босқичга бўлиш мумкин. Биринчи 35 йил Берлин девори қулагунга қадар бўлган давр, иккинчи 35 йил эса сиз интилган ва ҳимоя қилган эркинлик давридир», – деб ёзди Штайнмайер ўз қутловида.
Германия президентига кўра, кейинги 35 йил давомида Ангела Меркель канцлер сифатида мамлакат бирлиги йўлида улкан хизмат қилди.
«Сиз ҳамиша эркинликнинг қадр-қиммати ва маърифий жамиятнинг муҳимлиги ҳақида гапиргансиз. Сиз келтирган далилларнинг ўта ишончли экани боиси шундаки, либерал демократия шароитида ҳаёт кечириш қанчалик қадрли эканини ўз тажрибангизда билган эдингиз», – дейилади табрикда.
Штайнмайер Меркель ҳукумат бошлиғи бўлган даврда икки марта (2005-2009 ва 2013-2017 йиллар) ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият юритган. Президент собиқ канцлер қўл остида ишлаган йилларни эслаб, унинг темир ирода, халқ тақдирига масъуллик, оғир-вазминлик, инсонийлик, ҳазилкашлик каби фазилатларини алоҳида қайд этган.
1954 йилнинг 17 июлида Ҳамбург шаҳрида туғилган Ангела Меркел 16 йил давомида (2005-2021) ГФР канцлери лавозимида фаолият юритган. У нафақат мамлакатнинг илк аёл канцлери сифатида, балки жаҳон сиёсатидаги нуфузли арбоб сифатида эътироф қозонган. Меркель 14 марта «Forbes» журнали талқинидаги «Дунёнинг энг нуфузли аёллари» рўйхатига киритилган. 2015 йили «Time» журнали уни «Йил одами» деб эълон қилган.
Ҳатто давлат раҳбарлиги даврида ҳам ҳашамат ва имтиёзлардан холи тарзда, камтарона ҳаёт кечирган Ангела Меркель чинакам халқона етакчи сифатида миллионлаб олмонларнинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter