«Андижон турмаси» шаҳар чеккасига кўчирилади

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда Андижон шаҳри бўйича яна бир муҳим ташаббусни айтди.
«Андижон турмаси» номи билан танилган 3-сон тергов ҳибсхонаси шаҳар марказида жойлашган. Кундан-кунга шаҳар кўркига кўрк қўшилиб турган вақтда 100 йил олдин қурилган бундай «совуқ» бинонинг марказда бўлиши нотўғри экани қайд этилди.
Шу боис бу объект шаҳар чеккасига кўчирилиши, ўрнида замонавий кўнгилочар савдо ва сервис маркази барпо этилиши белгиланди.
Йиғилишда, шунингдек, Андижон шаҳрини вилоятнинг 8 та ҳудуди билан боғловчи жамоат транспорти мавжуд эмаслиги оқибатида кунига 80 минг аҳоли вилоят марказига 20 мингга яқин енгил транспортда келишга мажбур бўлаётгани таъкидланди.
Тиғиз пайтда Андижон шаҳридаги тирбандлик 7-8 баллга чиқиб кетмоқда. Ваҳоланки, 1 та кичик автобус кунига камида 400 нафар аҳолига хизмат кўрсатиб, 25 та енгил машинани ўрнини босади.
Мутасаддиларга тадбиркорлар билан учрашиб, янги маршрутлар ва вилоят шароитига мос автобус русумларини аниқлаб, таклиф бериш топширилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter