Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Америкалик яҳудийлар Исроилга ёқмайдиган талаб билан чиқмоқда

Америкалик яҳудийлар Исроилга ёқмайдиган талаб билан чиқмоқда

«Ғазода қатлиом тўхтатилсин».

Фото: Jewish Voice for Peace

АҚШда яшовчи яҳудий жамоаси вакиллари бир неча кундан буён Оқ уй қаршисида норозилик намойиши ўтказмоқда. Улар президент Жо Байден маъмуриятидан Исроилнинг Фаластин халқига нисбатан юритаётган оккупация, геноцид ва апартеид сиёсатини тўхтатишни талаб қилмоқда.

Норозилик намойишлари яҳудийларнинг  «IfNotNow» ҳамда «Jewish Voice for Peace» ташкилотлари томонидан ўтказилмоқда.

Акция қатнашчилари «Ғазода қатлиомни тўхтатинг!», «Менинг мусибатимдан қурол сифатида фойдаланманг!», «Яҳудий оила фаластинлик оила ҳам тинч яшашини истайди!», «АҚШдаги яҳудийлар талаби: Бизнинг номимиздан қатлиом қилманг!», «Фаластинликларнинг ҳам жони азиз!», «Йўқолсин уруш ва айирмачилик сиёсати!» каби шиорларни кўтариб чиққан.

The Guardian газетаси ёзишича, намойишчилар президент Байден Исроилнинг ҳар қандай хатти-ҳаракатини дастаклаётгани, Ғазодаги тинч аҳоли вакиллари қирғин қилинишидан кўз юмаётганидан норозилик. 

Яҳудий жамоаси вакиллари Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазода қатлиом (геноцид) олиб бораётганини таъкидлаб, Оқ уйдан бу жиноятни тўхтатиш учун Тель-Авивга босим ўтказишни сўрамоқда.

Исроил ҳарбий кучлари ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан 11 кундан буён Ғазони бомбалашда давом этмоқда. Куни кеча Ғазодаги «Ал-Аҳлий» шифохонасига ракета отилиши оқибатида юзлаб тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди.

2,3 миллион аҳоли яшаётган минтақа сув, озиқ-овқат, электр энергия ва ёнилғидан маҳрум қилинган. Халқаро ташкилотлар тўлиқ қамал остида қолган Ғазо аҳолиси гуманитар фалокатга юз тутгани ҳақида бонг урмоқда.

«Украина босқинини қоралаган Оқ уй Фаластинга нисбатан ҳақсизлик қиляпти». Фото: AP

«Биз президент Байденга талабларимизни айтгани келдик. У дунёдаги энг қудратли армиянинг бош қўмондони сифатида ўт очишни тўхтатиш, кескинликни юмшатиш, гаровдаги исроилликларни озод қилиш ва асосийси бизни ушбу фалокатли ҳолатга етаклаган муаммоларни ҳал қилиш учун керакли чораларни кўриши керак», – деган «IfNotNow» ташкилоти директори Ева Боргвардт.

У, шунингдек, «Исроилнинг ҳарбий машинаси» Ғазода амалга ошираётган жиноятларни тўхтатиш лозимлигини таъкидлаган.

Жорж Вашингтон университети талабаси Сами Голд яҳудий давлати томонидан бошқа миллат вакиллари ҳуқуқи поймол этилишини номақбул ҳолат деб атаган.

Омас Баддар Россиянинг Украинага босқинини қоралаган Оқ уй Фаластинга нисбатан ҳақсизликдан кўз юмиб, иккиюзламачилик қилаётганини айтган.

ABCNews хабарига қараганда, норозилик намойишининг айрим қатнашчилари ҳибсга олинган.

Яқин Шарқ бўйича экперт, яҳудий миллатига мансуб Михаил Магид Телеграмдаги каналида Қўшма Штатлардаги норозилик намойишларига муносабат билдирди.

«АҚШда яҳудийлар Исроилнинг Ғазони бомбалашига қарши намойишларга чиқмоқда. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Дунёдаги кўплаб яҳудийлар Исроилни ёқтирмайди. Уларнинг бир қисми, шартли айтганда, инсон ҳуқуқларини ёқлайди, ёки социализмнинг бирор версиясини дастаклайди, ёки ўзларини сўл либерал санайдилар. Кўплаб яҳудийлар Исроилни апартеид сиёсатини юритаётган мамлакат, ишғол ва қамал остидаги ҳудудларда 5 миллион фаластинликни очиқ осмон остидаги қамоқхона ва геттоларда тутқин қилган режим деб билади», – деб ёзади Михаил Магид.

М.Магид: «Исроил яҳудийларни тамсил этиш ваколатига эга эмас»

Эксперт таъкидича, дунёда яшаётган яҳудийлар турли қарашларни ёқлагани сабаб ҳам Исроил кўпчилик яҳудийларни тамсил этиш учун мандатга эга деб бўлмайди.

«Яҳудий оилада туғилган инсоннинг нуқтаи назари шундай: Исроил (давлати) яҳудийларга икки сабабга кўра улкан муаммо туғдирмоқда. Биринчидан, у онгли равишда ва қасддан яҳудийларнинг бой ва нисбатан хавфсиз мамлакатларга кўчиб кетишига тўсқинлик қилмоқда.  Мен Совет Иттифоқидан борган, 1990-йилларда Европа ва Қўшма Штатларга кетмоқчи бўлган яҳудийлар Исроилда хўрланганини яхши эслайман. Иккинчидан, Исроил катта қисми диаспора (шаклида хорижий мамлакатларда яшовчи) 15 миллионли яҳудийларни 1,5 миллиардли мусулмонлар билан уриштириб келади. Бу ўта ёмон вазият экани кундек равшан. Прагматик сабабларга кўра Исроил қилаётган ишлар яҳудийлар манфаатига тўғри келмайди», – деб ҳисоблайди М.Магид.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича ҳам, Исроил давлати аллақачон маънавий асосларини йўқотиб бўлган ва АҚШда яшовчи яҳудийларнинг катта қисми ўзини яҳудий деб тан олмайди.

«Қолганлари «мен яҳудий эмасман, Худо асрасин» деб, ўзлигини яширади, яҳудийликдан воз кечишга ҳаракат қилади. Протестант, англасаксон бўлишга ҳаракат қилади. Буларнинг асосий сабаби – Исроилнинг ваҳший давлат эканлиги. Бу миллат тарихан кўп таъқиб қилинган. Ғарб ва шарқ халқлари, давлатлари яҳудийларни кўп таъқиб қилган. Энди, ўзларининг давлатчилигига эришиб, шу давлатчиликни кенгайтириш мақсадида мисли кўрилмаган ваҳшийликлар қилмоқда. Бир вақтлар ғарбликларнинг яҳудийларга қилган ваҳшийлигини бугун яҳудийлар арабларга, фаластинликларга қилмоқда, ортиғи билан қилмоқда. Буни дунё кўрмоқда», – деб ёзади К.Раббимов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг