Алишер Шодмонов: «Коронавирусни беркитишни ҳеч қандай иложи йўқ» (видео)
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси (COVID-19)нинг профилактикаси ва унинг кириб келишининг олдини олиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти, тегишли вазирлик ва идоралар, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов дунёда коронавируснинг эпидемик ҳолати ва COVID-19нинг мамлакатимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида маълумот берди.
Вазирнинг қайд этишичпа, Президентнинг 2020 йил 29 январь куни «Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармойиши қабул қилиниб, тизимли чоралар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир раҳбарлигида «Эпидемияга қарши кураш фавқулодда комиссияси»нинг йиғилишларида ҳам бу борада кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифалар белгилаб берилган.
Мамлакатимиздаги барча ҳаво ва темир йўлларида ташкил қилинган санитария-карантин пунктлари, ҳудудларда тузилган штаблар фаолиятини бугунги кун талабидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш, меҳмонхоналар ва корхоналар, маҳалла, ички ишлар органлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уларга давлат томонидан қўйилаётган талаб, тавсияларни ўз вақтида етказиш, тиббий-патронаж хизматини янада яхшилаш, мактабгача таълим, ўрта мактаб, олий ўқув юртлари ва жамоат жойларида санитария талабларига қатъий риоя қилиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Ўз навбатида, профилактика ва назорат чораларини кучайтириш мақсадида мактабгача таълим, халқ таълими, олий ва ўрта-махсус таълими каби каби қатор вазирлик ва идоралари билан қўшма қарорлар қабул қилинди.
— Жорий йилнинг 15 январидан ҳозирги кунга қадар республика бўйича тиббий кузатувга олинган фуқаролардан 5 минг нафарга яқини кузатувдан чиқарилган, 1 542 нафар фуқароларда тиббий кузатув давом эттирилмоқда. Коронавирус қайд этилган Хитой ва бошқа давлатлардан келган фуқаролардан эпидемик ва клиник кўрсатмага асосан 1760 нафаридан лаборатория таҳлили учун олинган биологик намуналарда коронавирус аниқланмади, — деди Алишер Шодмонов.
Тадбирда таъкидланганидек, айни пайтда мамлакатимизга юқумли касалликлар, жумладан, COVID-19 инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларида санитария-карантин пунктлари халқаро талаб ва мезонлар асосида фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда ушбу пунктларда бошқа тармоқ ходимлари қаторида 250 нафардан зиёд юқори малакали санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари иш олиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги ҳузурида узлуксиз 24 соат давомида фаолият кўрсатувчи штаб ташкил қилинган.
— Шу ўринда бир ҳолатни айтиб ўтишимиз керак. Ҳар куни республикамизнинг қайсидир бурчагидан коронавирус тарқалибди деган миш-мишлар, фейк хабарлар тарқатилмоқда. Бу касалликни яшириб бўлмайди. Агар, худо кўрсатмасин, у юртимизга кириб келгудек бўлса, беркитишни ҳеч қандай иложи йўқ. Шунинг учун бизда бу яшириляпти деган гап-сўзларга ишонмаслигингизни сўрардим, — деди Соғлиқни сақлаш вазири ўз маърузасида.
Анжуманда, шунингдек, Соғлиқни сақлаш ва эпидемиология соҳасида халқаро эсперт, Америка Микробиология жамияти аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Михаил Фаворов дунёдаги эпидемик вазият бўйича долзарб саволларга жавоб берди. У 40 йилдан зиёд умрини дунёнинг турли минтақаларида – Марказий Осиёда кам учрайдиган гепатит турларидан тортиб, Кения ва Малида турли юқумли касалликларни ўрганиш ва олдини олишга бағишлаган.
Айни пайтда Михаил Фаворов коронавирус инфекцияси бўйича дунё ва Ўзбекистондаги ҳолатни ўрганмоқда. Шу кунларда у мустақил халқаро эксперт сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги бош штаб мутахассислари билан биргаликда мамлакатимизга коронавируснинг кириб келиш ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида ушбу соҳада ихтисослашган тиббиёт муассасаларидаги тиббиёт ходимларига маслаҳатлар бермоқда.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, халқаро талаб ва тавсияларга мувофиқ, коронавирус инфекцияси бўйича аҳолининг эпидемиологик фаровонлигини таъминлаш бўйича профилактика ва ушбу инфекцияни кириб келишига қарши назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter