Алишер Жалилов: «Столинг устига фарзандларингни расмини қўйиб қўй, деймиз...»
АОКАда Судьялар олий кенгаши мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг биринчи чорагида 76 нафар судья лавозимга тайинланди, 22 нафари вазифасидан озод этилди, 80 нафари эса интизомий жавобгарликка тортилган.
Кенгаш вазифаларидан келиб чиққан ҳолда профессионал судьялар корпусини шакллантириш, тизимни малакали, ҳалол ва пок кадрлар билан тўлдириш, кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишида аниқ мақсадли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Тизимда коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар кўлами ҳақида маълумотлар берилди. Судьялар олий кенгаши раиси ўринбосари Алишер Жалилов бу ҳақида шундай деди:
«Биз коррупциянинг оқибатлари тўғрисида китоблар чоп этяпмиз, филмлар суратга оляпмиз, баннерлар иляпмиз, аммо бу тўла самара беради деган эмас. Ҳаммаси виждонга боғлиқ. Жазо чораларини кўпайтириш барчасини тузатиб қўймайди. Биз судьяларимизга столинг устига фарзандларингни расмини қўйиб қўй, деймиз. Ибрат бўлсин, қилмишини ўйлаб кўрсин, деймиз. Асосий вазифамиз судьяларимизнинг адолатни таъминлашини қўллаб қувватлашдир».
2021 йилда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар фаолияти ўрганилиб, камчиликка йўл қўйган 220 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилди. Бундан ташқари 19 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилган. 2022 йилнинг биринчи чорагида эса 22 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилган бўлса, интизомий жавобгарликка тортилганлар 80 нафарни ташкил этади. 2021 йилда ваколат муддати тугаган 12 нафар судья навбатдаги муддатга нолойиқ деб топилган бўлса, 2022 йилнинг биринчи чорагида бу миқдор 4 нафарни ташкил этади.
Шунингдек анжуманда маълум қилинишича, Судьялар олий мактабида 2021 йилда 73 нафар судьяликка номзод касбга тайёрланиб, шундан 62 нафари илк бор судьялик лавозимига тайинланди.
Кенгаш ташаббуси билан пора олганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган судья ва оила-аъзоларининг изтироби акс этган «Пушаймон» номли қисқа метражли фильми, коррупциявий жиноятларга қарши иммунитетни шакллантириш мақсадида «Пора берма» номли постери, «Пора олма» номли буклети, «Судьянинг маънавияти, одоби ва масъулияти» номли маърифий китоби чоп этилиб, барча судьяларга бепул тарқатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter