Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Али бобо ва қирқ қароқчи» ҳақида ҳақиқатлар

«Али бобо ва қирқ қароқчи» ҳақида ҳақиқатлар

Бундан 45 йил муқаддам, 1979 йилда «Ўзбекфильм» ва «Eagle Филм» (Ҳиндистон) собиқ иттифоқ ва ҳинд экранининг юлдузлари иштирокидаги «Али бобо ва қирқ қароқчи саргузаштлари» номли бадиий фильмни суратга олишни бошлади. Фильм 1980 йили экранга чиқарилгач, бир зумда томошабинлар меҳрини қозонди. Бир йил ичида фақат собиқ иттифоқнинг ўзида 52 миллион томошабин кўрди. Сценарий муаллифи Борис Сааков «Али бобо ва қирқ қароқчи саргузаштлари» қандай яратилгани ҳақида гапириб берди...

1977 йилда «Ўзбекфильм» мени «Али бобо ва қирқ қароқчи» эртагига сценарий ёзиб беришимни сўради. Мен матал матнига кўр-кўрона эргашишни истамадим. Асл манбани модернизация қилиб, ундаги қаҳрамонларни ўзгартирдим. Шундай қилиб, ҳикоям марказига Али бобонинг ўзи эмас, балки ёвуз Абу Ҳасан ҳам чиқди. Мен қароқчи бир вақтнинг ўзида шаҳар ҳукмдори ҳам бўлади деган фикрга келдим. Бу жамиятимизни маҳв этган иккиюзламачилик ҳақидаги ҳикоя бўлиб чиқди. Ҳукмдор кундузи одамларни сокин ҳаёт кечиришга даъват этиб, фаровон яшашлари таъминланишига ваъда беради, тунда эса карвонларни ўғирлайдиган, фуқароларда қўрқув уйғотадиган қароқчилар тўдасини бошқаради. Мен машҳур рус актёри Ролан Биковни иккиюзламачи ҳукмдор ролида кўрдим. У Абу Ҳасан ролига бажонидил рози бўлди ва бу қаҳрамонни бекаму кўст ўйнаб берди.

Фильмнинг аксар қисми Ҳиндистонда суратга олинган, кино гуруҳи билан мен ҳам у ерга бордим. Гап шундаки, совет ва ҳинд киносининг ўзига хос хусусиятлари сезиларли даражада фарқ қиларди. Шунинг учун фильм икки талқинда суратга олинган. Ҳинд вариантида мусиқа ва рақслар кўпроқ, совет версияси эса ихчамроқ эди.

Одамлар қандайдир тарзда суратга олиш жараёни қаерда бўлишини билиб олиб, оломон бўлиб боришарди. Маълум бўлишича, ҳиндлар бахтли, омадли одамга тегинса, ўзлари ҳам бахтли бўлишига қатъий ишонишади. Шунинг учун суратга олиш пайтида кўпчилик актёрларга тегинишга ҳаракат қилишди. Шу боис иш қийин кечди ва ҳинд продюсерлари актёрларнинг тинчлигини ҳимоя қилиш мақсадида ҳарбий ёрдам сўрашга мажбур бўлдилар.

Дҳармендра, Хема Малини ва Зинат Омон ҳинд киносининг юлдузлари эдилар. Фильмда Али бобо ва Маржонани ўйнаган Дҳармендра ва Хема узоқ вақтдан бери Ҳиндистондаги энг муваффақиятли тижорий жуфтлик бўлиб келган. Айни пайтда уларнинг муҳаббати Хема оиласида норозиликка олиб келган эди. Актрисанинг отаси, қизининг айниқса Дҳармендра билан алоқасига қарши эди. Сабаби Дҳармендра уйланган, фарзандлари бор эди. Гўзал Хема Малинига кетма-кет совчилар келар, улар орасида машҳур ҳинд актёрлари ҳам бўлиб, лекин актриса ҳеч бирини ёқтирмас ва рад этарди.

Кўп ўтмай, Хеманинг отаси юрак хуружидан вафот этди. Бу маълум даражада унинг Дҳармендра билан муносабатлари тақдирини ҳал қилди. Акс ҳолдда Хема ўз ҳаётини расман турмуш қурган эркакка топширишга журъат этолмаган бўларди. Ҳиндуизмда кўпхотинлилик йўқ, лекин Дҳармендра брахман кенгашидан биринчи никоҳни бекор қилдирмасдан иккинчиси учун рухсат олишга муваффақ бўлди.

Отасининг ўлимидан икки йилдан сўнг, 1980 йили май ойида «Али бобо ва қирқ қароқчининг саргузаштлари» фильми суратга олиб бўлингач, бу севишганлар Хеманинг энг яқин қариндошлари ва Дҳармендранинг отаси ҳузурида оддий, уй шароитида расмий турмуш қурдилар. Ажабланарлиси шундаки, жамият бу никоҳни қабул қилди. Хема Малини ва Дҳармендранинг Аша ва Аҳана исмли икки қизи бор.

Фильмнинг бошқа қаҳрамони – Фотима ролини ўйнаган Зинат Омон актёр Санжай Хон билан топишди. Уларнинг ўзаро муносабати ҳақидаги миш-мишлар Хоннинг рафиқаси Саринга етиб борди ва у Зинат ҳақида дод солиб, катта шов-шув кўтарди. Айтишларича, Зинат Омон шундан сўнг аста-секин руҳий таназзулга учраган. Унинг фаолиятида депсиниш, пастга қулаш кузатилган.

Собиқ иттифоқдан суратга олиш гуруҳи Ҳиндистонга қишда учиб кетди, аммо ташқаридаги иссиқ даҳшатли эди. Кинорежиссёрлар Бомбейнинг Араб денгизи соҳилидаги ҳашаматли Horizon меҳмонхонасига жойлаштирилди. Овқатланиш штаби ташкил қилишди, у ерда актёрлар ва суратга олиш гуруҳ аъзолари учун электр печкаларда таомлар тайёрланди. Маҳсулотлар ўзлари билан собиқ иттифоқдан олиб борилган ва кино қутиларига солинганди. У ерда ҳамма нарсани топиш мумкин эди: сабзи, пиёз, гречка, макарон... Ҳатто ҳинд ошхонаси учун машҳур ва анъанавий бўлган гуруч ҳам пулни тежаш мақсадида олиб борилганди.

Актёрлар кунига 92 рупий миқдорида иш ҳақи олиб туришди. Ўша кунлари бу яхшигина пул эди. Ҳиндистонда ҳамма нарса арзон бўлиб, қимматбаҳо тошлар, заргарлик буюмлари ва замонавий маҳсулотлар атиги бир тийинга сотилган.

Совет экранининг юлдузларига келсак, фильмда Мустафо ролида Фрунзик Мкртчян, Али бобонинг онаси ролида Софико Чиаурели ва Сим-сим ғори руҳи сифатида Eленa Санаева иштирок этишган. Ролан Биков ва Фрунзик Мкртчян иттифоқда жуда машҳур эдилар. Аммо Ҳиндистонда уларни ҳеч ким танимасди, шу боис оддий одамлар каби муносабатда бўлишди. Фрунзик бунга чидай олмади ва Ҳиндистонда арман черковини излашга қарор қилди. Ўзи билан Ролан Биковни саёҳат ҳамроҳи сифатида олди.

Икковлон ҳинд рикшасини ёллашди ва эрта тонгда йўлга чиқишди. Улар кечқурун қайтиб келишди. Арман ибодатхонаси Калькуттада экан.

Фрунзик Мкртчян ва Ролан Биков «Али бобо ва қирқ қароқчи саргузаштлари» фильми экранга чиққандан сўнг дарҳол Ҳиндистонда машҳур бўлишди. Қаҳрамонлари салбий бўлишига қарамай, ҳинд томошабинлари уларни яхши кўриб қолган эди. Ролан Биков, ҳатто Ҳиндистонда Абу Ҳасан роли учун энг яхши хорижий актёр сифатида совринни қўлга киритди. Мкртчянга ҳинд кинематографларининг фильмларида роль ўйнаш таклифлари тушди. Аммо унинг иттифоқда иши кўп эди, шунга қарамай, у Ҳиндистонда яна бир бор фильмда роль ўйнашга муваффақ бўлди.

«Али бобо ва қирқ қароқчи саргузаштлари» фильми иқтидорли ўзбек режиссёри Латиф Файзиев томонидан суратга олинган. Ҳиндистон томонидан ёш режиссёр Умеш Меҳра иш олиб борди. У Латиф Файзиевнинг ишига қараб, кенг кўламли фильмларни суратга олишни ўрганди. Ушбу киноасар нафақат кенг миқёсда суратга олинган, балки мураккаб саҳналаштирилган. Фильм Марказий Осиёнинг таъсирчан дашт ва шаҳар меъморий ландшафтлари, ҳинд қўшиқлари, рақслари ва жанг саҳналари билан тўла. Ишлаб чиқариш бир миллион икки юз минг рублга тушган. Таққослаш учун: бир қисмли фильмнинг нархи атиги 300–400 минг рублни ташкил қиларди.

1980 йил охирига келиб, «Али бобо» 52 миллион томошабин меҳрини қозониб, совет ижарасининг етакчисига айланди. Бир қатор фестивалларда совринларни қўлга киритди. Ҳатто Душанбеда Гран-При билан тақдирланди.

Акбар Фатҳуллаев

 

 

 

 

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг