Алданган юлдузнинг қайғули ҳаёти
Бу ҳинд актёри ўзбек кинотомошабинларига яхши таниш. Унинг иштирокидаги «Уч ака-ука», «Садоқат», «Муҳаббат тўрлари» каби кўплаб фильмлар машҳур бўлиб кетган. Бир қадар сокин, хотиржам қиёфага эга актёр ролларни қойилмақом ижро этарди. Кинода замонасининг машҳурлари Амитабх Баччан, Шаши Капур, Рекха, Митхун Чакраборти билан бирга суратга тушган Винод Меҳра қисқа умр кечирди. У алданган, хиёнатга дуч келган ва бундан қалби қаттиқ ларзага келган эди.
Муваффақият ва юрак хуружи
Винод Меҳра 1945 йил 31 февралда Ҳиндистоннинг Амритсар (Панжоб) штатида туғилган. Кинода анча эрта суратга тушган – 13 ёшида «Рагини» фильмида Кишор Кумарнинг болалигини ижро этган эди.
Виноднинг улғайгандан кейинги дебюти 1971 йилда бўлиб ўтди: унинг иштирокидаги «Ek Thi Rita» мелодрамаси хитга айланди. Продюсерлар Винод Меҳра билан келгусидаги лойиҳаларига шартнома имзолаш учун навбатда тура бошладилар. Унинг «Садоқат» (1972), «Ҳавас» (1973) фильмларидаги роллари эътиборни тортди. Айниқса, «Ҳавас» танқидчилар томонидан юксак баҳоланди.
Винод кинода муваффақият билан одимлай бошлагач, ота-онаси уни уйлантириш тараддудига тушишди. Винод Мина Брока билан оила риштасини боғлади. Ёш келин-куёв Мумбайдаги қароргоҳда яшади. Уларнинг биргаликдаги турмуши ҳақида маълумот кўп эмас, бироқ тўйдан бир неча йил ўтгач, Винод биринчи юрак хуружига дучор бўлди.
Унинг саломатлиги тикланиши учун вақт талаб қилинар, бироқ энди эр-хотиннинг муносабати аввалгидай эмас эди. Кейинроқ, Винод тузалгач, фильмдаги ҳамкор актриса Биндия Госвами билан яқинлаша бошлади.
Пинҳоний учрашувлар
1970 йилнинг охирларида Биндия ва Винод биргаликда кинода кўп суратга тушишди ва яширинча учрашиб юришди. Уларнинг ишқий муносабати ҳақида жуфтликнинг яқин дўсти матбуотга эълон қилди. Винод уйланганига қарамай, Биндия билан никоҳ риштасини боғлагани ҳақида айтган эди у.
Бу янгилик актёрнинг уйида катта жанжал келтириб чиқарди. Минанинг акалари Госвамига, агар актёрнинг ҳаётидан кетмаса, оқибати ёмон бўлишини айтиб, дўқ-пўписа қилишди. Аммо бу таҳдидлар севишганларни тўхтата олмади. Биндия ва Винод оила аъзоларидан яширинча меҳмонхоналарда учрашиб юришди.
Ҳис-туйғулари жўшқинлигига қарамай, актёр қаттиқ адашганини кейин тушунди. 1984 йилда, Винодга эрга текканидан тўрт йил ўтгач, 23 ёшли Бинди Госвами режиссёр Джей П.Датт билан қочиб кетди – улар анча вақтдан буён учрашиб юришар экан.
Кўпчилик актрисанинг бу кутилмаган қарорини 1980 йил ўрталарида актёрнинг кинодаги фаолиятига путур етгани билан изоҳлайди, Винод Меҳра энди бир вақтлардаги юлдуз эмас эди.
Винод билан никоҳи бекор қилинган Биндия дарҳол режиссёрга турмушга чиқди. Унинг кетиши Винодни қаттиқ қайғуга солди. Актёр анча вақтгача ўзига келолмай юрди. Бу Рекха билан яқинлашгунга қадар давом этди. 80-йил ўрталарида уларнинг ортида омадсиз муносабатлар ётарди: Виноднинг икки ажрашуви, Рекханинг Амитабх Баччан билан муваффақиятсиз муҳаббати...
Айтишларича, Винод ва Рекха турмуш ҳам қуришган, бироқ актёрнинг онаси бу келинни қабул қилмаган. Винод Рекха билан никоҳини Movie Magazine журналига тасдиқлаб айтган (1990 йил октябрда). Бироқ 2004 йилда Сими Гаревал билан телевизион интервьюсида Рекха Винодга эрга текканини инкор қилган.
Учинчи никоҳ ва...
Шундан сўнг Винод Киран исмли қизга уйланди. Кираннинг кинематографияга алоқаси йўқ, у Кениялик бадавлат бизнесменнинг қизи эди.
Киран 1988 йилда Винодга эрга тегди ва бирга яшаш учун 1988 йилда Ҳиндистонга кўчиб ўтди. Кўп ўтмай оилада қизалоқ Сония туғилди. Ниҳоят Винод бахтга эришган эди. Минг афсуски, уларнинг оилавий фароғати бор-йўғи икки йил давом этди.
1990 йилнинг октябрь ойида Винод Меҳра юрак хуружини бошдан кечирди ва қайта ўнгланмади. Ўшанда унинг хотини юраги остида ўғлини олиб юрганини ҳали билмасди. Бола отасининг ўлимидан 7 ой ўтиб туғилди. Суянчиғидан жудолик Киранни ғам-ғуссага ташлади. У болаларини олиб, Кенияга, ота-онасининг уйига жўнаб кетди. Сония ва Рохан (ўғилга шундай исм қўйишди) ўша ерда улғайиб ўқишди.
Винод Меҳранинг фарзандлари 2006 йилда Ҳиндистонга қайтишди. Сония «Виктория №203» фильмида суратга тушди (2007). Рохан Меҳра эса ўзининг биринчи ролини Саиф Али Хон билан «Биржа»да ижро этди (2018).
Хайр, орзулар!
Винод Меҳра, эҳтимол, ўз даврида юлдузлар орасида жуда машҳур бўлмагандир, аммо унинг истеъдоди ва сокин феъл-атвори ҳақида ҳозирга қадар ҳурмат билан тилга оладилар.
1980 йиллар охирида Риши Капур, Шри Деви ва Анил Капур иштирокидаги «Қадрдон дўстлар» фильмини суратга олган Винод Меҳра режиссёр ва продюсер бўлишга қарор қилган эди. Афсуски, бу орзуси ушалмади: 1990 йил 30 октябрда ҳаётдан эрта кўз юмди. У бор-йўғи 45 ёшда эди.
«Қадрдон дўстлар» Винод Меҳранинг вафотидан уч йил ўтгач, катта экранга чиқди. У қисқа умри давомида кино мухлисларига шу каби кўплаб дурдоналар тақдим этган эди.
Акбар Фатҳуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter