АКТ вазири «Huawei» компаниясининг Ўзбекистондаги бош директорини қабул қилди
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов 11 февраль куни «Huawei» компаниясининг Ўзбекистондаги янги тайинланган бош директори Лю Сзясинни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Вазир хитойлик меҳмонни қутлар экан, «Huawei» компаниясининг Ўзбекистондаги кўп йиллик фаолияти ҳамда республикамизда телекоммуникация технологияларининг ривожланишига қўшган сезиларли ҳиссасини эътироф этди.
Ўз навбатида, Лю Сзясин юқори технологиялар соҳасидаги устувор инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда компания Ўзбекистон билан муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Суҳбат давомида Хитой инвестицияларини жалб қилган ҳолда, Ўзбекистонда АКТни ривожлантириш доирасида яқин истиқболда вазирлик ўз олдига қўйган устувор масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, «Хавфсиз шаҳар» инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш доирасида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар мазкур йўналишда ўзаро манфаатли ва икки томонлама ҳамкорлик юзасидан келгусида амалга ошириладиган ишларни муҳокама этишга шай эканликларини билдирдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter