АКТ мактабнинг онлайн имтиҳонида Инҳа университети тажрибасидан фойдаланилди
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети онлайн имтиҳонларни ўтказиш бўйича ишлаб чиқилган тизим асосида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган АКТ мактабига онлайн қабулни ташкил этишда ёрдам берди.
25 сентябрдан бошлаб Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТни ривожлантириш бўйича ихтисослаштирилган мактабга 2020-2021-ўқув йили учун кириш имтиҳонлари ўтказилмоқда. Коронавирус пандемиясини ҳисобга олган ҳолда кириш имтиҳонларини Тошкент шаҳридаги Инҳа университети тажрибаси ва синов платформасидан фойдаланиб, онлайн тарзда ўтказишга қарор қилинди.
Таъкидланишича, жорий йилда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида биринчи марта кириш имтиҳонлари тўлиқ онлайн тарзда ўтказилди. Шунингдек, муваффақиятли тажриба аниқ кузатув қоидаларига риоя қилиш ва энг яхши абитуриентлардан энг яхшиларини танлаб олиш учун мутлақо шаффоф имтиҳонларни ўтказиш салоҳиятини кўрсатди.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган АКТ мактабига худди Тошкент шаҳридаги Инҳа университетидаги каби имтиҳонлар икки босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда онлайн тестлар ва мантиқий топшириқлар бўлиб, улар прокторлар ва мутахассисларнинг қатъий назорати остида онлайн тарзда бажарилади. Иккинчи босқичда эса биринчи босқич синовини муваффақиятли топширган ўқувчилар онлайн суҳбатдан ўтадилар.
«Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг халқаро ва маҳаллий мутахассислари ҳам мактабнинг онлайн имтиҳонларида эксперт сифатида қатнашадилар. Онлайн имтиҳонларни ўтказиш бўйича Корея тажрибасини бўлишишдан хурсандмиз. Қабул марказининг ахборот тизимида синовларни адолатли ва ҳаққоний ўтказиш учун ҳамма нарса энг кичик деталларгача ҳисобга олинган. Бунда ноутбук мониторининг жойлашуви, ёзув режимидаги телефон, овоз ва бошқалар ҳисобга олинади. Жуда муҳим ва масъулиятли иш жараённинг барча тафсилотларини ёзиб борадиган кузатувчиларнинг елкасига тушади. Шуни таъкидламоқчиманки, кириш имтиҳонларини бундай ташкил этиш Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилмоқда», — деди ўқув ишлари бўйича биринчи проректор Ли Донг Вон.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter