Афғонистонликлар жума намозини Тошкентда ўқишди (видео)
Бугун, 6 апрель куни пойтахтимизнинг муҳташам «Хўжа Аҳрори Валий» масжидига ташриф буюрганлар ажойиб манзаранинг гувоҳи бўлишди. Ўзига хос либосларидан меҳмон эканлиги сезилиб турган инсонлар юртдошларимиз қатори жума намозини адо қилдилар.
Намоз якунида масжид имом-хатиби Собиржон домла афғонистонлик меҳмонларни ўз ёнига чорлади ва меҳмонлардан бири чиройли тарзда Қуръон тиловат қилиб берди. Шундан кейин ташриф буюрувчилар ҳақига, Афғонистонда ҳам тинчлик бўлишини тилаб дуо қилинди ҳамда ибодатга якун ясалди.
Журналистик қизиқишимизга кўра меҳмонларни суҳбатга чорладик.
Ўзини Саййид Ёқуб деб таништирган гуруҳ бошлиғи биз билан хуш кайфиятда суҳбатлашди ва шу юртга хос ўзбекча лаҳжасида саволларимизга жавоб берди.
— Биз, афғонистонлик уламолар, зиёлилардан иборат 23 кишилик гуруҳ юртимизнинг Мозори Шариф, Фарёб, Балх ва Сарипул вилоятларидан Ўзбекистоннинг таклифи ҳамда изнига кўра мамлакатингизга келдик. Махсус режага асосан бу муаззам диёрнинг Самарқанд, Бухоро, Тошканд каби шаҳарларини зиёрат қилдик. Ўзбек биродарларимизнинг меҳмондўстлиги бизни беҳад хушнуд қилди. Қаерга бормайлик, бизни қучоқ очиб кутиб олдилар ва меҳмонга таклиф қилдилар. Бугун сафаримиз қариди, насиб қилса кечга Сурхондарё орқали юртимизга қайтамиз.
— Ўзбекистон тўғрисидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
— Ўзбекистондаги ҳар бир қадамимиз таассуротларга бой бўлди. Бу юртдаги тинчликка, ободликка асло кўз тегмасин, дея дуода бўламиз ҳамиша. Ўзбекистонда кечами, кундузми хотиржам кўчага чиқиб сайр қила оларкансиз, ҳайратдамиз!
Юртбошингизнинг саъй-ҳаракатлари нафақат Ўзбекистонда, балки бизнинг юртимизда ҳам тинчлик ўрнатилишига замин бўлсин, иншооллоҳ! Ўзбек ва афғон халқи азал-азалдан дўст бўлиб яшаган. Энди маълум муддат узилиб қолган алоқаларимиз қайта тикланмоқда. Бунинг учун президент Шавкат Мирзиёевга ҳар қанча ташаккур айтсак арзийди.
— Яқинда президентимиз ташаббуси билан Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида катта анжуман бўлиб ўтди. Бу анжуман афғон диёрида қандай қабул қилинди?
— Албатта, биз юртимизда тинчлик барқарор бўлиши учун ҳар қандай ташаббусдан хурсандмиз. Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари уюштирган ва нуфузли меҳмонлар ташриф буюрган бу анжуманни биз ҳам диққат билан кузатдик. Ташрифимиздан мақсад ҳам ана шу анжуман ғояларини мустаҳкамлаш, аҳолимизга тинчлик каби неъмат қадрини тушунтириш.
Яна бир меҳмон, уламо Маҳмуд Мавлавий шу сўзларни қўшимча қилди:
— Ўзбекистоннинг ҳудуддаги нуфузи ортиб бормоқда. Бизнинг юртимизда тинчлик ўрнатилиши ҳамон ортга сурилмоқда. Шундай пайтда диёримизга Ўзбекистондек куюнчак дўстнинг қўллаб-қувватлаши беҳад зарур бўлади. Янги саҳифа очган дўстлигимизга кўз тегмасин.
— Юртимизда меҳмонсизлар, бир пиёла чойимизни ичиб кетинг.
— Ташаккур, ташаккур. Вақтимиз беҳад тиғиз. Ўзимизнинг ҳам бу гўзал гўшадан кетгимиз йўқ. Биз юртдошларимизга Ўзбекистоннинг тинчлигидан намуна олиб кетмоқдамиз.
Қуйида Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари дўстлигининг рамзи сифатида афғонистонлик ёш ўзбек хонандаси Мажид Андхўийнинг «Ўзбегим фарзандиман» номли қўшиғини тинглашингиз мумкин. Видео Би-би-си томонидан тайёрланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter