Афғонистонда маҳбуслар қийноққа солинмоқда
Афғонистонда миллий хавфсизликка таҳдид ёки терроризм билан боғлиқ жиноятларда гумон қилиниб ҳибсга олинганларнинг деярли учдан бир қисми қийноққа солинган ва уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлишган. Бу ҳақда БМТнинг Афғонистондаги миссияси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг янги қўшма ҳисоботида хабар берилган. У 2019 йил 1 январдан 2020 йил 31 мартгача бўлган даврни ўз ичига олади.
Ҳисоботни тайёрлашда БМТ расмийлари 63 та ҳибсхонада бўлиб, терроризмга алоқадорликда гумон қилинаётган, айбланаётган ва илгари бундай жиноятлар учун судланган 656 нафар эркак, аёл ва болалар билан суҳбат ўтказган. Сўралганларнинг 30 фоиздан кўпроғи қийноққа солингани ва калтаклангани ҳақида хабар берган.
«Қийноқлар халқаро қонунчиликда ҳам, Афғонистон қонунчилигида ҳам тақиқланган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бунга йўл қўйилмайди ва оқланмайди», — дея таъкидлайди БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассислари.
Ҳисобот муаллифлари ҳибсга олинганларга процессуал кафолатлар берилмаганлиги, уларга ўз ҳуқуқлари ҳақида хабар берилмагани ҳамда адвокатлар хизматидан фойдаланишга йўл қўйилмагани ҳақида таъкидлаб ўтган. Ҳибсга олинганларнинг фақат бир нечтасига тиббий ёрдам кўрсатилган ёки оилалари билан мулоқот қилишга рухсат берилган.
Уларнинг деярли ярми ўзларининг айблов ҳужжатлари мазмуни билан танишишларига йўл қўймасдан, имзо чекишга мажбур бўлишган.
Бундай қонунбузарликлар гумонланувчилар томонидан берилган кўрсатмаларнинг тўғрилигини ва умуман уларга қарши суд ишларининг қонунийлигини шубҳа остида қолдиради, дея айтиб ўтишган экспертлар.
Ҳисобот муаллифлари ҳибсга олинган ва судланувчиларнинг ҳуқуқларига риоя қилиш аҳолининг давлатга ва, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига бўлган ишончининг ўсишига ёрдам беришини таъкидламоқда.
Мутахассислар Афғонистон ҳукумати томонидан ҳозирда ҳибс жойларида қийноқларнинг олдини олиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар кўрилганини ҳам эслаб ўтганлар. Улар ҳибсхоналарда маҳбусларга нисбатан қийноқлар бошқа такрорланмаслигига умид қиладилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter