Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адвокатга нисбатан санкция бериш прокурор ваколатидан судларга ўтказилиши мумкин

Адвокатга нисбатан санкция бериш прокурор ваколатидан судларга ўтказилиши мумкин

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатасининг қўшма ахбороти эълон қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборотига асосланиб қатор электрон оммавий ахборот воситаларида «Прокурорнинг розилиги билан адвокатнинг телефонлари ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувлари, узатиладиган хабарлари ва маълумотлари назорат қилинади» деган мазмундаги тарқатилган хабарлар кўпчилик адвокатларнинг ижтимоий тармоқларда эътирозли чиқишларига сабаб бўлди.

Адвокатлар палатаси ўз навбатида, адвокатларнинг қонун билан белгиланадиган мавқеи халқаро стандартларга мос келиши кераклигини таъкидлади.

Масала юзасидан Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги ўзларининг изоҳларини эълон қилди. Уларда «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига Жиноят-процессуал кодекси ва «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиришлар ҳамда замонавий ахборот технологияларини инобатга олиб «... телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувларни, хабарлар ва маълумотлар узатилишини назорат қилиш» тушунчаларини аниқлаштириш мақсадида киритилаётганлиги ва бу ўзгаришлар адвокатларнинг дахлсизлигига таъсир қилмаслиги баён қилинди.

Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги таъкидлашича, қонун фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишга қаратилган бўлиб, замонавий телекоммуникация қурилмалари орқали хабарлар ва маълумотлар узатилишини назорат қилишнинг қонуний механизмларини мустаҳкамлайди.

Амалдаги қонунчиликда адвокатнинг дахлсизлиги сифатида унга нисбатан тезкор қидирув ва тергов ҳаракатларини амалга ошириш учун Бош прокурор, Қорақалпоғистон Респуликаси прокурори, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг санкцияси олиниши белгиланган.

Адвокатлар халқаро стандартлардан келиб чиқиб, санкция бериш масаласини судларга ўтказиш зарурлигини билдиришмоқда.

Охирги икки йилда адвокатура институти мустақилигини таъминлаш ва унинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ролини ошириш бўйича бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, адвокатлик фаолиятини лицензиялаш жараёни енгиллашди, лицензияни тўхтатиш ва бекор қилиш фақат суд томонидан амалга оширилиши белгиланди, уларга солиқ юки икки баробар камайтирилди, ҳимоя остидаги шахслар билан учрашув ва суд-тергов идораларига кириб чиқиш енгиллаштирилди.

Шу билан бирга, мамлакатнинг бугунги ривожланиш кўлами адвокатурага оид қонунчиликни ривожлантириш бўйича ислоҳотларни давом эттиришни талаб қилади. Бу борада ўтган йили мамлакатимизга ташриф буюрган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян ҳам Ўзбекистонда адвокатура институтининг мавқеини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш юзасидан тавсиялар берган.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги ПҚ–4551-сонли «Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан Адвокатлар палатаси томонидан Адвокатура институтини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси тайёрланмоқда.

Ушбу лойиҳада соҳани тубдан ислоҳ қилиш билан боғлиқ барча жиҳатлар, шу жумладан адвокатнинг дахлсизлигини таъминлашда уларга нисбатан тезкор қидирув ва суд-тергов ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида санкция беришни прокурорлар ваколатидан судларга ўтказиш кўзда тутилган.

Яқин кунларда адвокатларнинг муҳокамаси ва таклиф беришлари учун Концепциянинг лойиҳаси Палатанинг расмий сайтида эълон қилинади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси адвокатлар ҳамжамиятини ҳамда барча соҳага алоқадор идоралар ва мутахассисларни мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги туб ислоҳотларнинг энг муҳим шарти сифатида адвокатура институтининг мустақиллиги ва унинг инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашдаги ролини ошириш мақсадида амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик қилишга чақиради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг