Адлия вазирлиги «пул билан ўқишга киритадиган» фирибгарлардан огоҳлантирди
14 май куни Президентимизнинг «Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб абитуриентлар томонидан олий таълим муассасаларининг бакалавриатга ўқишга кириш учун давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш механизми жорий этилди.
Шу йилнинг 7 июнь куни эса Ҳукумат томонидан Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Абитуриент бўлган фарзандларингиз янги усулда олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга кириш учун ҳужжатларни 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам) топшириши мумкин.
Бир неча кундан сўнг олий таълим муассасаларига ҳужжат қабул қилиш тўхтатилади. Адлия вазирлиги мазкур жараён юзасидан ота-оналарга мурожаат билан чиқди.
«Ҳақ эвазига ноқонуний йўллар билан фарзандингизни ўқишга кириши учун кимлар биландир «гаплашиб бериш», ёки «бошқача йўлини топиб бериш» каби айрим нопок инсонларнинг қуруқ ваъдалари қурбонига айланманг.
Боланинг соғлом фикрини бузманг, жамиятнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатманг, пора бериб жиноятчи бўлиб қолишдан сақланинг.
Абитуриентни ноқонуний йўллар билан ўқишга киритиш ёки шунга ҳаракат қилиш жиноий жавобгарлик келтириб чиқаради.
Жиноят кодексида «пора бериш», «пора олиш», «пора олиш ва беришда воситачилик қилиш» ва «фирибгарлик» ҳаракатлари учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Бундай жиноятлар учун 81 млн. сўмдан 121,6 млн. сўмгача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.
Агарда Сиздан пора сўраб товламачилик қилинаётган бўлса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг.
Агар, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда 30 сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.
Ҳурматли ота-оналар!
Ўз тақдирингиз ва фарзандингизни тақдирига бефарқ бўлманг. Ўзингиз ва унинг ҳаётини зулматга айлантирманг.
Жиноятга қарши курашиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз ҳисобланади. Адлия вазирлиги коррупцияга қарши курашда барчани фаолликка чақиради» дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter