Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Абдуқодир, Гвардиола ва инглиз тили

Абдуқодир, Гвардиола ва инглиз тили

Пеп Гвардиола жамоанинг янги футболчиси Абдуқодир Ҳусанов ҳақида фикр билдирганида бир неча бор унинг инглиз тилини яхши билмаслигига урғу берди. Ҳамюртимиз имкон қадар инглиз тилини мукаммал ўрганиши керак, бу унинг фаолияти учун ҳаёт-мамот масаласи. Нега дейсизми?

Гвардиола «Барса» бош мураббийлигига келган вақтда испан ва каталон тилларидан ташқари, италян тилини ҳам яхши биларди. Чунки у қисқа муддат Италияда малака оширганди.

«Барса»дан кетгач, оиласи билан Ню-Йоркка кўчиб ўтади ва инглиз тилини ўргана бошлайди. Унинг мақсади АПЛда ишлаш эди. Шу вақтда унга Германия гранди — «Бавария»дан таклиф тушади ва Гвардиола олти ой ичида немис тилини деярли мукаммал ўрганади.

«Америкага инглиз тилини ўрганиш учун боргандим, лекин немис тилини ўрганиб қайтдим», — дейди у.

Журналистлар билан дастлабки учрашувда Пепнинг нутқини тинглаган тилшунос «у яхши талаба уч йил ичида эришадиган даражага олти ойда эришибди», дея баҳо беради.

Хосеп Гвардиола немис тилини ўрганиш унга қанчалик қийин бўлганини эслайди.

«Шартнома келишувидан сўнг дарҳол тил ўрганишни бошладим. Бу жуда оғир эди. Кунига 3-4 соат грамматикани ўрганишга вақт ажратардим. Бу тилни ўрганиш қийин ва айниқса 41 ёшли одам учун, аммо мен ишлашда давом этдим», деди мураббий.

«Пеп немис тилини ўрганиш учун "ақлдан озди". Бунга кунига тўрт соат ажратади. Бу ҳатто бемаънилик даражасига етди: сиз укангиз билан тушликда учрашасиз, у эса ўқитувчиси билан тинимсиз немис тилида гаплашади. У жуда қайсар», — дея эслаганди унинг акаси Пере Гвардиола.

Гвардиола Германиядан Англияга кўчиб ўтгач, инглиз тилини ҳам мукаммал ўрганади. 

Гвардиола бошқа мураббийларга ўхшамайди, у ўз ишига мутлақо ўзгача ёндашади. Ва футболга бўлган мураккаб қарашларини шогирдлари тўла тушуниб етишларини истайди. Бунинг учун унга мулоқот ўта муҳим.

Шунинг учун у қаерда ишламасин, ўша давлат тилини ўрганади ва бошқалардан ҳам шуни кутади. «У билан мулоқот қилиш учун рус ёки ўзбек тилини ўрганишим керак...», дегани ҳам шунчаки ҳазиломуз гап эмас. Абдуқодир тил масаласига жиддий қараши шарт!

Манба: t.me

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг