А-380 трассасининг биринчи қурбонлари дарахтларми?
kun.uz сайти мухбири Илёс Сафаров, Бухоро вилоятида 31 мингта дарахт, Сурхондарё вилоятида 21 минг 800 та дарахт, Қашқадарёнинг Ғузор туманидан бошланиб Қорақалпоғистоннинг Бейнеу шаҳригача бўладиган янги А-380 трассаси учун қурбон бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Бунинг ортидан ҳали жамоатчиликка маълум қилинмаган лойиҳа ҳақида барча хабар топди.
Экофаол сифатида мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ортидан келадиган йўқотишлар мени ҳам бефарқ қолдираётгани йўқ. Шунингдек, Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев ўзининг телеграм каналида билдирган муносабатини ҳамда kun.uz сайтида Экология, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдурашид Содиқовнинг берган интервюларини ўқиб, лойиҳа барибир амалга оширилади, деган хулосага келдим. Бу менинг шахсий фикрим. Нега айнан бу хулосага келганимни очиқлаб ўтмоқчиман.
Абдурашид Содиқов интервюсида: «Вазирлик дарахтларни хатловдан ўтказган, дарахтлар кесилиши ҳақида умуман гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Жуда зарур бўлган пайтда ҳам кўчириб ўтказиш амалиёти қўлланилиши мумкин. Бу лойиҳа Хитой банкидан кредит олиниб молиялаштириляпти. Максимал тарзда дарахтларни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Лойиҳани қайта кўриб чиқиш таклифи берилди. Дарахтлар кесилишига ва кўчирилишига умуман қаршимиз – вазирлик позицияси шу. Кесишга рухсат берилмаслиги аниқ, фақат кўчиришга рухсат берилиши мумкин», деган.
Мен учун дарахтларни ўзи ўсиб турган жойдан, бошқа жойга элтиб кўчириш ҳам, уни кесиш билан тенглаштирилган ҳолат ҳисобланади. Бир ўйлаб кўринг, Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги метро қурилишида ҳам, бошқа қурилиш лойиҳаларида ҳам «Дарахтлар бошқа жойга кўчириб ўтказилади» дейилганди. Аммо кўчириб ўтказилмасдан, тунда кесилди ёки илдизи билан қазиб олинган дарахт шаҳардан чекка жойга элтиб ташланди. Дарахтларни кўчиргандан кейин кўчирган ташкилот 3 йил уларни назорат қилиш мажбуриятини олиши керак. Аммо қайси ташкилот шу пайтгача бу талабни бажарди. Мисол келтира оладими вазирлик?
Вазирлик маълумотига кўра, Бухорода 31 мингта нишонда, шуларнинг 30 мингтаси саксовул экан. Аммо саксовул дарахт эмасми? Орол денгизининг қуриши натижасида Бухоро, Хоразм, Навоий вилоятларининг унумдор ерлари ҳам Оролдан шамол орқали келаётган тузлар натижасида шўрланиб боряпти. Аммо шу тузларни саксовуллар ҳимоя девори сифатида юқоридаги ҳудудларга кириб келишини камайтиришда хизмат қиляпти. Кундан-кунга иқлим ўзгариб, ёз кунлари исиб боряпти. Эртага агар шу саксовуллар кесилса ёки бошқа жойга кўчириб ўтказилса одамлар қандай жон сақлайди?
Сурхондарёда 21 минг 800 та дарахт кўчирилиши режага тушган. Бандихон, Бойсун туманлари ҳудудига тўғри келар экан бу.
Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев ўзининг телеграм каналида «Ўзбекистон Экологик партияси мавжуд ҳолатни тўла ўрганиб чиқиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, олим ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ҳудудга жўнаб кетишди», деб муносабат билдирган. Нега яшиллар партиясидан ишчи гуруҳ энди ҳудудга юборилмоқда?
Лойиҳа ярим тайёр ҳолатга келтирилган, кредит берувчилар ҳам тайин. Ишчи гуруҳ эса ҳолатни ўрганиш учун энди юбориляпти. Биз, жамоатчилик вакиллари ва экологлар, қандайдир иқтисодий лойиҳалар учун экологияни қурбон қилишга қаршимиз. Деярли ҳар куни қайсидир маҳалла ёки қайсидир туман (шаҳарда) дарахтлар кесиляпти. Кесилаётган дарахтларнинг аксарияти қурилиш қурбонлари бўлмоқда. Барча жамоатчилик вакилларидан бирлашиб дарахтларни сақлаб қолишда ёрдам сўрайман. Келинг бирлашайлик.
Ферузбек Сайфуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter