84 кунлик омадсизлик ёхуд «Чол ва денгиз» асаридаги чол аслида ким эди?
Жаҳоннинг машҳур ёзувчиларидан бири Эрнест Хемингуэйнинг жаҳон адабиёти дурдоналаридан бири ҳисобланган «Чол ва денгиз» асари учун 1953 йил Пулитцер, 1954 йили адабиёт соҳасида энг юксак бўлган Нобель мукофотига сазовор бўлди. Бу асар жаҳон адабиёти дурдоналарига кирувчи 20 таликка киради.
Хемингуэйнинг мазкур асарида инсоннинг улуғлиги, ундаги ирода матонат, оқиллик ва азму қароридан оғишмаслик ўзгача талқинда акс этган. Асар кубалик кекса балиқчи Сантьягонинг ҳаётидаги энг катта ўлжага айланган улкан марлин балиғи билан очиқ денгиздаги жанги ҳақида ҳикоя қилинади. Балиқчи Сантьягонинг қатъиятли эканлигини 84 кун мобайнида балиқ ушлай олмай, 85-куни балиқ ушлаш учун яна денгизга чиқишидан билиш мумкин. У денгизда балиқ бор жойни топиб, беш метрли марлин балиғи билан 3 кун мобайнида тинмай кураш олиб боради. Охири балиқни тутади. Сантьяго балиғини қутқариш учун олтита акулани ўлдиради. Афсуски, беш метрли балиққа акулалар хужум қилиб, еб марлиннинг скелетини қолдиришади. Сантьяго балиқнинг скелети қирғоққа олиб чиқади...
«Чол ва денгиз» воқеалари Гольфстримда, Кубанинг шимолида Флорида бўғозида содир бўлади. Асар бўйича бир неча кино суратга ҳам олинган.
Романдаги бош қаҳрамон балиқчи Сантьяго асарда шундай «битилганки», гуёки бу воқеаликда Сантьяго ҳаётда бўлгандай... Ҳа, Сантьяго ҳаётда бўлган...
«Чол ва денгиз»нинг бош қаҳрамони Сантьяго балиқчининг ҳаётдаги прототипи (прототип–бадиий образга асос бўлган реал шахс) машҳур балиқчи Грегорио Фуэнтес эди (1897–2002)...
Грегорио Фуэнтес Испаниянинг Канар оролларида туғилган. Айни болалик даври, олти ёшида унинг оиласи яхши яшаш илинжида Кубага кўчиб ўтганди. Болалик чоғидаёқ унинг ҳаёти денгиз билан боғлиқ бўлиб қолди. Чунки у умрининг охиригача денгиз соҳилида умр кечирди, балиқ ови билан шуғулланди. Тақдир тақозосини қарангки, Грегорио Фуэнтес 1920-йилларнинг охирида денгизда жаҳоннинг бўлажак машҳур ёзувчиси, АҚШлик ёш Эрнест Хемингуэй билан учраштирди.
Эрнест Хемингуэй ўша даврда Куба оролига яхши жойлашиб олганди. Ёзувчи ўзининг «Алвидо қурол» романи гонораридан Гавана шаҳри ёнидаги Сан-Франсиско-де-Паула шаҳарчасидан уй, яхта сотиб олганди. Яхтасига «Пилар» («Қўнғироқчалар кимга чалинди» номли асаридаги бош қаҳрамон аёл) номини берганди...
Эрнест Хемингуэй ўзининг кичик моторли қайиғида 1929 йили Кубанинг Драй-Тортугас ороллари Ки-Уэст районида кучли бўронга учрайди. Қайиғи ҳалокатга учраган Эрнест Хемингуэйни Грегорио Фуэнтес ўз катерида қирғоққа олиб чиқади. Улар шу тариқа дўстлашишган. 1933 йилдан Грегорио Фуэнтесни Эрнест Хемингуэй ўзининг «Пилар» катери капитани (маоши жуда катта: 250$) қилиб тайинлайди.
– Грегорио Фуэнтес билан танишиш менга «мўъжиза» олиб келди. Тақдир совғаси эканми, денгизчининг маҳорати кейинчалик «Пилар»ни уч марта бўронда қутқарди, – деб ёзган эди «Катта мовий денгиз» очеркида ёзувчи...
«Пилар» катери капитани Грегорио Фуэнтес балиқ овлаш учун Кубанинг ҳамма соҳилларини кезиб чиқди. У, ҳатто оғирлиги 300 фунтли марлин балиғини ушлашга муваффақ бўлган. Эрнест Хемингуэй билан бирга иккинчи жаҳон уруши даврида Куба қирғоқларида нацистлар Германияси сув ости кемасини яширин равишда излаган...
Эрнест Хемингуэй биринчи бор, дўсти Грегорио Фуэнтес тўғрисида 1949 йили «Холидей» журналида босилиб чиққан «Катта мовий денгиз» очеркида ёзган эди.
Грегорио Фуэнтес яхши биладиганлар унинг характерини Эрнест Хемингуэй «Чол ва денгиз» повестида жуда яхши мужассамлантирган дейишади.
Балиқчи Грегорио Фуэнтесни «Ота» (Хемингуэйни дўстлари шундай аташарди) билан кўп йиллик дўстлиги ҳақида ўртоқларига айтиб берган гапларидан кўп қизиқ нарсаларни билиб олиш мумкин.
– Мен Эрнест Хемингуэй учун ошпаз, денгизчи, унинг яхтаси капитани, энг асосийси энг яқин дўсти эдим, –деб эслайди Грегорио Фуэнтес.
Грегорио Фуэнтес таъкидлашича асарга «Чол ва денгиз» номини беришни у тавсия қилган экан.
Эрнест Хемингуэй ўлими олдидан қадрдон дўсти Грегорио Фуэнтесга «Пилар» катерини ўлимидан кейин топширишни васият қилиб кетади. Грегорио Фуэнтес эса «Пилар»ни Эрнест Хемингуэй уй-музейига умрбод қолдиради...
Ўттиз йил давомида Эрнест Хемингуэйнинг «Пилар» номли яхтасини капитани бўлган Грегорио Фуэнтес 2002йилда Халқаро спорт балиқ ови ассоциацияси фахрий капитани унвони билан тақдирланди. Унвон Гаванадаги ғарбда жойлашган «Марина Хемингуэй» яхт-клубида ўтказилган тақдимотда Эрнест Хемингуэйнинг жияни Хиллари Хемингуэй, томонидан топширилди.
–Бу мукофотни олиш мен учун жуда ёқимли. Мукофот мен ва халқим учун кўп нарсани англатади,– дерди 104 ёшли балиқчи...
Узоқ умр кечириб, ҳаётининг деярли кўп қисмини Грегорио Фуэнтес Гаванадан 8 километр узоқликдаги Кохимар номли балиқчилар қишлоғида яшаб ўтди. Ҳозир, ҳар йили Кохимарда катта ҳаворанг марлин балиқларини овлаш бўйича Халқаро Хемингуэй турнири ўтказилиб келинмоқда.
Грегорио Фуэнтес - афсонавий, энг кучли харизмага эга бўлган шахс ҳисобланарди. У«оҳанграбо» сингари одамларни ўзига тортарди. 100ёшдан ошса ҳам қария ҳеч тиниб-тинчимасди. Кўп пиёда юрарди. Унинг Кохимардаги уйига интерьвю олиш учун келган кубалик ва чет эллик журналистларга қадрдон дўсти Эрнест Хемингуэй билан бўлиб ўтган ажойиб кечинмаларини сўзлаб берарди. Яна кўп одамлар уни табриклаш, бирга расмга тушиш учунн келишарди.100ёшдан ошган бу нуроний балиқчи билан гаплашиш, унинг сўзлаганларини эшитиш бир тарих эди. Бу суҳбатлардан кўп нарсаларни билиб олиш мумкин эди...
Испания ҳукумати 2001йилда, у анча йиллар Испанияда яшамаса ҳам, унга ҳаётининг охирги йилларида расмий равишда Испаниянинг фахрий фуқароси номини берди...
Энг қизиқарлиси, у маҳаллий аҳоли томонидан Эрнест Хемингуэйни дўсти эмас, балки ўзига хос омадли денгизчи сифатида машҳур эди. Чунки у бир неча денгиз бўронларини бошидан кечирган эди. Грегорио Фуэнтес афсонавий инсон эди: у уч асрда ХlX, XX, XXI асрларда яшаб ўтди.
Грегорио Фуэнтес 2002 йили январь ойида 105 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда ОАВда жаҳон давлатлари бўйлаб эълон қилинди...
Грегорио Фуэнтес машҳур ёзувчи Эрнест Хемингуэйнинг «Чол ва денгиз» асари бош қаҳрамони Сантьяго балиқчининг ҳаётдаги прототипи эди. Шунинг учун ҳам Фуэнтес тарихдаги энг машҳур балиқчилардан бири бўлиб қолди...
Абдурашид Қўзибоев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter