Наманганда аҳолига имтиёзли нархда етказиб берилиши лозим бўлган 838,2 тонна кўмир «туя» қилинган
Наманган вилоятида прокуратура органлари куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш билан боғлиқ ишлар ижросини назорат қилиб бормоқда. Ҳужжатларда қайд этилишича, вилоят миқёсида куз-қиш мавсуми учун аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига белгиланган жами 165 минг тонна маҳаллий кўмир маҳсулотининг 103 минг тоннаси етказиб берилган. Аҳоли ажратиб берилган жами 153 минг тонна кўмирдан 90,4 минг тонна, бюджет муассасалари эса 12 минг тонна кўмир билан таъминланган.
Бироқ ҳақиқий аҳвол ўрганилганда эса камомадга йўл қўйилган, айрим мансабдор шахсларнинг ўз манфаати йўлида кўпнинг ҳақига хиёнат қилишгани маълум бўлди.
Наманган вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида Уйчи, Учқўрғон ва Чортоқ туманлари аҳолисига куз-қиш мавсумида етказиб берилиши лозим бўлган 838,2 тонна ёки 251 млн 788 минг сўмлик кўмир талон-торож қилингани аниқланиб, 3 та жиноят иши қўзғатилган.
Хусусан, «Кўмиртаъминот» МЧЖ Наманган вилояти филиали Учқўрғон кўмир омбори мансабдорлари 623,7 тонна ёки 187 млн 290 минг сўмлик кўмир маҳсулотидан камомадга йўл қўйилгани фош этилган.
«Жиноят иши тафсилотларига кўра Учқўрғон кўмир омборининг мансабдорлари аҳолига имтиёзли нархда етказб берилиши лозим бўлган 627 тонна кўмир маҳсулотини нақд пулга сотиб юбориб, ундан тушган 187 млн сўм пулни ўз манфаати йўлида ишлатиб юборган. Мазкур ҳолат бўйича кўмир омбори мудри процессуал тартибда ушланди. Жиноят иши бўйича воқеа жойини кўздан кечирилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилди.
Айни пайтда Учқўрғон тумани прокуратураси томонидан кўмир омбори мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши бўйича етказилган моддий зарар миқдори аниқланиб, уни давлат фойдасига ундириш чоралари кўрилмоқда», дейди туман прокуратураси терговчиси Азизбек Мирзакаримов «Ўзбекистон-24» телеканалига берган интервьюсида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter