Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

4 йилу 3 ойга «кесилган» 18 ёшли қизнинг адвокати прокурорга шикоят киритди

4 йилу 3 ойга «кесилган» 18 ёшли қизнинг адвокати прокурорга шикоят киритди

Яқинда Тошкент шаҳар суди томонидан тўрт йил-у уч ойга озодликдан маҳрум қилинган Д.Жумаеванинг адвокати Тошкент шаҳар прокурорига шикоят киритди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев маълум қилди.

Адвокатнинг билдиришича, Д.М.Жумаевага нисбатан жиноят иши интернетда нотўғри талқин қилинмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳар судлари расмий каналида «Д.Жумаева террорчилик фаолиятида иштирок этиш учун хорижга чиқиб кетиш мақсадида яқинларидан хуфёна тарзда жомадон харид қилган. Жорий йилнинг 15 мартида хорижга чиқиш паспортини расмийлаштиришга эришган. Уларни ўз танишининг уйида яширин равишда сақлаб келган. Энг аянчлиси, 2022 йил 26 март куни соат 11:00 да «Ўзбекистон-Туркия-Сурия» йўналиши орқали Сурияга бориб, террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этиш мақсадида ҳаракат қилаётганида фош этилган ва процессуал тартибда ушланган. Суд Д.Жумаевани очиқда қолдириш орқали қайта тарбиялаш имкони мавжуд эмаслигини инобатга олиб, озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган», деган маълумот чоп этилган.

Бундан ташқари уни айби «унинг ўзи берган кўрсатмаси билан ҳам тасдиқланган», деб кўрсатилган.

Адвокатнинг қайд этишича, Д.Жумаева бундай кўрсатма бермаган ҳамда 2022 йил 26 март куни озодликда бўлмаган.

«Ҳимоямдаги Д.Жумаева 2022 йил 25 март куни ХМҚО ходимлари томонидан ушланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 194-195-моддалари билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган ҳолда маъмурий қамоқ жазосини ўташни бошлаган.

2022 йил 8 апрел куни Д.Жумаева ЎзР.ЖКнинг 244-моддаси 1-қисми ва ЖКнинг 1552-моддаси 1-қисми билан гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, ушланган ҳамда Тошкент шаҳар ИИББнинг ВТХга жойлаштирилган. 2022 йил 9 апрел куни унга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.

2022 йил 13 июн куни «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси «гаров» эҳтиёт чорасига ўзгартирилган...

Юқоридаги ҳолатлардан бир нарса аниқ, яъни ҳимоямдаги Д.Жумаева 2022 йил 26 март куни кўчада бўлмаган, уни эрки чекланган ҳолда суднинг қарори билан қамоқда бўлган ва эркинликда, яъни кўчада бирор бир ҳаракат қилиш ёки ҳаракатланиш имкониятига эга бўлмаган», дейилади шикоятда.

Адвокат интернетда чоп этилган бу каби маълумотлар билан кенг оммага Д.Жумаевани терорчилик фаолияти билан шуғулланиш учун Сурияга кетмоқчи бўлган, деган туҳмат уюштирилган, деб ҳисобламоқда.

Ҳимоячи Тошкент шаҳар прокуроридан веб-сайтларда тарқатилган ушбу маълумотларни ўрганиб, қонуний чора кўришни сўраган.

«Судга бу нима учун керак бўлди, деган савол эса очиқ қолмоқда. Агар сайтлар бу маълумотлар суднинг расмий каналидан олинганини исботлашса, туҳмат учун асосий жавобгар суднинг ўзи бўлиб чиқади. Кўрамиз қизнинг шаъни учун прокурор қандай чора кўрар экан», дея ўз муносабатини билдирган депутат Расул Кушербаев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг