30 йиллик жинсий қулликдан сўнг аёл пандемия туфайли ватанига қайтди
Ёшлигида ўғирлаб кетилган вьетнамлик аёл 30 йил Хитойда жинсий қулликдан сўнг пандемия туфайли қочиб ўз ватанига қайтиб келди. Бу ҳақда «VnExpress» газетаси хабар бермоқда.
12 ёшида Ха Тхи Чинни тасодифий таниши алдаб, Хитойга таклиф қилган ва чегарадан ўтиши биланоқ маҳаллий оилага сотиб юборган.
«Улар мени тунда фоҳишалик қилишга мажбурлашиб, роса хўрлашди. Бир неча марта қочишга уриндим, лекин яхши қўриқлашарди, шунинг учун барча уринишларим зое кетди. Улар мени ушлаб олишиб, қамчи билан уришган», — дея сўзлаб берди Чин.
Уйга қайтиш унинг учун ушалмас орзуга айланганди. Aммо 2020 йил бошида Хитойда коронавирус пандемияси бошлангани боис у қочиб, уйига қайтишга муваффақ бўлди.
«Биз, Вьетнамнинг Ниньбинь провинциясидан бўлган яна бир қиз билан (уни ҳам Хитойда сотиб юборишган) қочишнинг йўлини топдик. Aввалига мен қўрқдим, лекин у барибир ўлишимизни, уйга қайтиш учун ўлиб кетишни афзал билишини айтиб, мени кўндирди», — деди вьетнамлик аёл. Улар беш кун давомида ўрмондан ўтиб, Вьетнам билан чегарага етиб келишди.
Чегарачилар Чинга озиқ-овқат ва озгина пул бериб, жонажон Футхо провинциясига қайтиши учун уни автобус бекатигача кузатиб қўйишди. Aммо 30 йил Хитойда бўлгач она тилини унутиб қўйганди ва шу боис Куангнам провинциясида адашиб қолди.
Полиция аёлнинг шахсини аниқлаб, уйига қайтишига ёрдам берди. Чиннинг отаси Ха Ван Хат қизини кўриб, кўзларига ишонмади.
«Полиция менга қизим қайтиб келганини айтганида, кулдим ва уни олиб келмагунларича шунчаки туш деб ўйладим. Унинг қўлларини ушлаганимда кўзларимга ёш келди», — деди ота.
Чин она тилини эслолмагани учун отасига ҳеч нима дея олмасдан, унинг олдида тиззалаб қолди.
Қайтиб келганидан бир йил ўтгач Чин тўртинчи синфда ўқийдиган жияни туфайли вьетнамчани ўрганиб олди. У уйда ота-онаси билан яшайди, буқа ва товуқ боқади. Вьетнам тилида яна ёзишни ўрганиб олгач, аёл ота-онасига ёрдам бериш учун иш топишни режалаштирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter