«20th Annual RDMS CMS Collaboration Conference» халқаро конференцияси ўз ишини бошлади
2018 йил 12 сентябрь куни пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” меҳмонхонаси конференц-залида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, ЎзР ФА Ядро физикаси институти, Самарқанд Давлат университети, Ядро тадқиқотлари бирлашган институти (Россия. Дубна ш.) ва Европа ядро тадқиқотлари маркази (Швейцария, Женева ш.) ҳамкорликда «20th Annual RDMS CMS Collaboration Conference» мавзусида халқаро конференцияси ўз ишини бошлади. Тадбир Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилади.
Конференцияда қуйидаги муаммолар кўриб чиқилади:
- Катта адрон коллайдерида ўтказилаётган физикавий тадқиқотлар натижалари ва уларнинг истиқболи;
- Такомиллаштирилган Катта адрон коллайдерида физикавий тадқиқотлар истиқболлари;
- Узоқ келажакка мўлжалланган CMS қайд қилиш детектори модернизациясининг II фазаси.
Конференция ишида 9 мамлакатдан 60 дан ортиқ олимлар иштирок этади. Мехмонлар АҚШ, Франция, Италия, Германия, Швейцария, Хиндистон (17 киши), Ҳамдўстлик мамлакатлари: Россия, Украина, Белорусия (45 киши) мамлакатларидан таклиф этилган.
Конференцияда республикамизнинг Тошкент, Самарқанд, Навоий, Бухаро, Жиззах шаҳарлари илмий-текшириш институтлари ва Олий ўқув юртларидан 30 дан ортиқ олимлар иштирок этадилар.
Конференциянинг пленар мажлислари 12-13 сентябрь кунлари “Ўзбекистон” меҳмонхонаси конференц-залида бўлиб ўтади. 14 сентябрь куни конференция иштирокчилари Самарқнд шаҳрига йўл оладилар ва Самарқанд давлат университетида маъруза ўқийдилар ҳамда талаба ва ўқитувчилар иштирокида учрашувлар ўтказадилар. 15 сентябрда Ядро физикаси институтида конференция иштирокчилари пленар кенгашини ўтказадилар ва келажакда режалаштирилган экспериментларни муҳокама этадилар. Конференция пленар мажлисларида етакчи олимларнинг 50 дан ортиқ маърузалари қатнашади.
Маълумот учун, Катта адрон коллайдери – дунёдаги энг катта тезлатгичлар комплексидир. У Франция ва Швецария чегара ҳудудларида Женева кўли воҳасида, юз метр ер остида жойлашган. Компакт мюон солиноидли (CMS) детектори коллайдердаги умумий фойдаланишга мўлжалланган бешта қайд этувчи детекторлардан бири бўлиб, стандарт моделини ўрганишдан бошлаб (жумладан Хиггс бозонини ўз ичига олувчи) қора материяни ташкил этиши мумкин бўлган заррачаларни излашгача бўлган кенг тадқиқотлар дастурини ўз ичига олган. Олиб борилаётган тадқиқотлар материя микроструктурасини батафсил тушуниш ва Катта портлашдан сўнг коинот шаклланишининг бошланғич босқичларини ўрганиш имконини беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter