Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2030 йилга бориб дунё аҳолисининг қарийб 45 фоизи семириб кетиши мумкин

2030 йилга бориб дунё аҳолисининг қарийб 45 фоизи семириб кетиши мумкин

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тахминларига кўра, 2030 йилга бориб, дунё аҳолисининг қарийб 45 фоизи семириб кетиши мумкин. Семизлик нафақат катталар ўртасида, балки болалар ва ўсмирлар орасида ҳам жиддий муаммога айланиб бормоқда. Маълумотларда келтирилишича, 1975 йилдан айни пайтга қадар дунёдаги семиз одамлар сони уч баравар ошган. 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган 340 миллиондан зиёд болалар ва ўсмирлар семизликка дучор бўлишган.

Болалар ва ўсмирлар орасида семизлик ва семиришнинг тарқалиши 1975 йилдаги 4 фоиздан 2016 йилда 18 фоизгача кўтарилди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, қизларнинг 18 фоизи ва ўғил болаларнинг 19 фоизи ортиқча вазнга эга. Мазкур фактлар жамиятимиз учун семизлик жиддий таҳдид эканини кўрсатмоқда. Ушбу хавфнинг олдини олишда жисмоний фаоллик, жумладан, фаол юришнинг аҳамияти катта.

Юришнинг фойдали экани барчамизга маълум. Яъни, фаол юриш орқали семизликдан ташқари, юрак қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари ва қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олган бўламиз. Юриш барча спорт турлари орасида энг осони ва қулайидир. Бунинг учун жуда кўп энергия сарфлашнинг ҳожати йўқ, ижобий таъсири эса жуда юқори. Юриш организмнинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатади, мушакларни бақувват қилади, суяк тўқимасини мустаҳкамлайди, ҳаракатларни мувофиқлаштиришни ривожлантиради. Жисмоний фаолиятнинг бундай тури ҳаракатнинг энг хавфсиз тури ҳисобланиб, уни деярли ҳар бир киши — ўсмирдан тортиб, кекса одам ҳам бемалол бажаришга қодир.

Жорий йил 18 май, шанба куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимиз бўйлаб «Ўсмирлар орасида семизликка қарши» тадбири доирасида фаол юриш бўйича оммавий тадбирлар ташкил этилди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати. Жумладан, ушбу тадбир пойтахтимиздаги Ботаника боғида ҳам аҳоли иштирокида ўтказилди. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Шунингдек, жорий йил май ойи давомида юртимизнинг барча ҳудудларида соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида ҳар ҳафтада сешанба куни – маҳалларда «Саломатлик майдончалари», чоршанба куни – мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида «Биз тамакисиз ҳудуд учун овоз берамиз», пайшанба куни – жамоат жойларида «Саломатлик майдончаси», жума куни – маҳалларда «Соғлом овқатланиш ярмаркаси» каби тадбирлар уюшқоқлик билан ташкил этилаяпти.

Мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилган ушбу оммавий тадбирларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, юртимиздаги тиббиёт муассасалари шифокорлари, ҳудудлардаги ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамдамаҳалла фаоллари иштирок этишди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг