Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2025 йилга қадар уч ҳудудда қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилади

2025 йилга қадар уч ҳудудда қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилади

Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятларида умумий қуввати 500 МВт бўлган 3 та қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича ўтказилган тендер танловларида ғолиб инвесторлар аниқланди.

Молия вазирлиги берган маълумотга кўра, мазкур лойиҳа Халқаро молия корпорацияси кўмагидаги «умумий қуввати 1000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялар қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш Дастури» (IFC Scaling Solar program)нинг 3-босқичда Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятларида умумий қуввати 500 МВт бўлган 3 та қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳа бўйича тендернинг 1-босқичи (2021 йил 31 август) дан 11 та халқаро компания, 2- босқичдан (2022 йил 11 ноябр)дан эса 4 та компания муваффақиятли ўтиб, белгиланган муддатгача таклифларини тақдим этишган. Булар:

  1. Abu Dhabi Future Energy Company– Masdar (БАА) – 3 та лойиҳага;
  2. Alarko Holding AS (Туркия) – ўрта ва кичик лойиҳага;
  3. GD Power – Powerchina консорциуми (Хитой) - 3 та лойиҳага;
  4. Voltalia SA (Франция) – кичик лойиҳага.

«Авваллари давлат бюджети ёки давлат қарзи ҳисобига қурилаётган электр станциялар сўнгги йилларда хусусий маблағлар ҳисобига қурилмоқда. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ДХШ тамойиллари асосида 14 млрд. долларлик лойиҳаларни, жумладан энергетика соҳасида 3,2 млрд. долларлик 9 та лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган. 2023 йилда яна иккита лойиҳа – қуёш ва шамол станциялари бўйича тендерлар якунланиши кутилмоқда. Ушбу лойиҳалар тараққиёт стратегияси ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани англатади», – дейди Молия вазири Тимур Ишметов.

Вазирликка кўра, танлов натижасида:

  1. Masdar компанияси Бухоро вилоятида 250 МВт қувватга эга лойиҳа бўйича ғолиб бўлди.
  2. GD Power – Powerchina консорциуми Наманган вилоятида 150 МВт қувватга эга лойиҳа бўйича ғолиб деб топилди.
  3. Voltalia SA компанияси Хоразм вилоятида 100 МВт қувватга эга лойиҳа бўйича ғолиб деб топилган.

Ғолиб бўлган инвесторлар қуёш фотоэлектр станцияларини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.

Ғолиблар билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битимларни 2023 йилнинг 1-чорагида имзолаш ва қурилиш ишларини 2023 йилнинг 4-чорагида бошлаш ҳамда 2024 йилнинг 4-чорагида ушбу станцияларни ишга тушириш режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг