2022–2026 йилларда асосий «драйвер» соҳа маълум қилинди
Президентнинг «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Ҳужжатга кўра, 2022–2026 йилларда Рақамли иқтисодиёт асосий «драйвер» соҳага айлантирилиб, унинг ҳажмини камида 2,5 баробар оширишга қаратилган ишларни олиб бориш белгиланмоқда.
Хусусан, дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 баробар, уларнинг экспортини эса 10 баробар ошириб, 500 млн АҚШ долларга етказиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Сунъий интеллектни мамлакатимизда муваффақиятли амалга ошириш учун «Сунъий интеллект технологияларини 2023-2030 йилларда ривожлантириш Стратегияси» тасдиқланади.
Қайд этилишича, 2022 йил августига қадар Бухоро вилояти Қоракўл туманида рақамли технологияларга ихтисослаштирилган алоҳида замонавий талабларга жавоб берадиган ахборот технологиялари соҳасида таълимдан ишлаб чиқаришгача бўлган яхлит занжир яратишни кўзда тутувчи IT-Кластерлар фаолиятини йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, 2022-2026 йилларда вилоят марказларида ахборот коммуникация-технологияларини қўллаш орқали масофавий хизматларни кўрсатиш (IT-аутсорсинг) марказлари ҳам ташкил этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter