2017 йил IТ-бизнесменлар иқтибосида. Технологиялар оламининг етакчилари шундай деган эди
Технологиялар оламининг юлдузлари ўтган йилни қандай кўришган эди, улар келажакдан нималарни кутишяпти ва қандай стратегияларни қўллашни маслаҳат беришади.
Элон Маск, «Tesla» ва «SpaceX» асосчиси:
— Эрталаб тўшакдан туришингга ва яшашингга мажбур қиладиган сабаб бўлиши керак-ку, ахир. Нега яшашни истайсан? Нима билан бандсан? Сени нима илҳомлантиради? Келажакни қандай кўришни хоҳлайсан? Агар келажак деганда юлдузлар орасида яшаш ва мултипланетар режалар тушунилмаса, мен уни маънисиз ҳисоблайман.
Жек Ма, «Alibaba Group» асосчиси:
— «Alibaba Group» ўзининг 18 ёшини нишонлади… Ишни бошлаган даврларимизни ҳозирги билан таққосласак, биз анча улғайдик. Аммо келажак билан таққосласак — эндигина вояга етдик… Сўнгги 30 йил ичида пайдо бўлган янги технологиялар сабаб биз билган дунё сезиларли даражада ўзгарди. Интернет эндиликда интернет-компанияларнинг домени бўлмайди — интернет ҳар бир компания учун ишлайди.
Сергей Брин, «Google» асосчиси:
— Бир неча йил олдин бизнинг «Google Brain» дея номланувчи кичкина лойиҳамиз бор эди (сунъий интеллектни тадқиқ қилишга мўлжалланган) ва тўғрисини айтадиган бўлсам, унга бироз бўлса-да эътибор қаратмаганман. Мени ўтган асрнинг 90-йиллари дастурчилари каби тайёрлашган: барча сунъий интеллект ишламаслигини яхши биларди… Орадан бир неча йил ўтди ва «Brain» асосий лойиҳаларимизнинг барчасига тааллуқли бўлиб қолди: фото ва реклама жойлаштиришдан тортиб, уни қидиришгача — биз бажарадиган ишларнинг барчаси.
Билл Гейтс, «Microsoft» асосчиси:
— Одамлар янгиликларнинг сарлаҳвасига қарайди ва «Дунё парчаланиб кетмоқда» дея ўйга толади. Менимча, ундай эмас. Дунё бундан анча узоқда. Аслини олганда дунё ҳеч қачон ҳозиргидек хавфсиз, адолатли, тинч ва гуллаб-яшнаган эмас. Дунё янада яхшиланаётганига ишониш — бу ўзгармас оптимистнинг қарашлари эмас. Бу сизга дунёдаги муаммоларни менсимаслик ёки эътиборсиз қолдириш мумкинлигини англатмайди. Бу АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон айтганидек, интилиш сарлавҳалари остига яширинган нарсани кўра билишдир.
Тим Кук, «Apple» раҳбари:
— Қўшимча реаллик биз технологиялардан фойдаланадиган усулни бутунлай ўзгартириб юборади. АR дастури мавжуд бўлиб, у сиз тасаввур қилган ҳар қандай нарсанинг модели билан виртуал алоқани ўрнатишга ёрдам беради: инсон танасидан бошлаб қуёш тизимигача… Яна шундай дастурларни кўрдимки, улар мени яна дастурлаш курсларига қатнасаммикан, дея ўйлантириб қўйди. Чунки улар кўп маънода ўйин қоидаларини ўзгартириб юборади.
Аркадий Волож, «Яндекс» асосчиси:
— Барчамиз — сиз ҳам, мен ҳам 99 фоиз ҳолатда фойдаланувчимиз. Ҳар биримиз дунёда яратиладиган нарсаларнинг 1 фоизигагина ҳисса қўшганмиз. Қолган деярли барча ҳолатда бошқалар томонидан яратилган нарсалардан фойдаланамиз. Бироқ айнан бизнинг танловимиз инсоният дарахтининг қайси томонга ўсишини аниқлайди. Шундай экан келинг танлайлик — дўкондаги нондан тортиб, севимли қидирув тизимимизгача.
Евгений Касперский, «Kaspersky Lab» асосчиси:
— Криптовалюталар — бу яхши ғоя. Криптовалюта жуда яхши ишлаши мумкин — бу тўлиқ озодликда яшашга интилаётган ягона дунё учун айнан керакли нарса… Бизнинг вазиятда дунё бир-бири билан уруш олиб бораётган давлатлар блокидан иборат, бу эса криптовалюталарнинг ишини ёмонлаштиради. Улар қайсидир давлатга халақит бергудек бўлса, таъқиққа учрайди, унга қарши кураш бошланади. 300 йилдан сўнг эса бу мутлақо ажойиб нарсага айланади.
Жеффри Безос, «Amazon» асосчиси:
— «Рози эмасман, бироқ қабул қиламан» жумласидан фойдаланинг. Бу сизнинг анча вақтингизни тежайди. Агарда сиз нимагадир аниқ ишонсангиз-у, бироқ ягона фикрга кела олмасангиз, у ҳолда бундай денг: «Қара, мен бу борада рози эмаслигимизни биламан, бироқ сен мен билан биргаликда таваккал қиласанми? Роси эмассан, бироқ қабул қиласан?»… Кўпчилик бунга қандай жавоб беришни билмайди ва «ҳа» дейди. Аммо бунинг бошқа томони ҳам бор. Агарда сиз раҳбар бўлсангиз, сиз ҳам буни бажаришингиз керак. Мен рози эмасман, бироқ доим қабул қиламан.
Маркс Цукерберг, «Facebook» асосчиси:
— Ким ўзининг биринчи маърузасини эслайди? Менинг биринчи маърузам информатикадан эди… Мен бироз кеч қолиб аудиторияга футболкада кирдим. Футболкани тескари кийиб олганимни ҳам билмас эдим. Нега аудиториядаги бирорта одам бу ҳақида айтмаганини ҳам билмайман, Ки Экс Жиндан ташқари. Шундай қилиб, биз муаммоларимизни биргаликда ечадиган бўлдик. Ҳозирда у «Facebook» муаммоларини ечади ва унинг катта қисмини бошқаради. Шу сабабли 2017 йилнинг битирувчилари сизлар одамларга нисбатан меҳрибон бўлинг.
Жек Дорси, «Тwitter» асосчиси:
— Барчамиз ҳаммага маълум ўша чақирувга дуч келамиз… Барчамиз битта қайиқдамиз. Кўплаб фикрлар мавжуд, бироқ биз катта муаммоларимизни ҳал қилиш йўлида бирлашишимиз ва ишлашимиз керак: экология, иқтисодий тенгсизлик, сунъий интеллектни ривожлантириш ва унинг меҳнат бозорига таъсири. Биз буларнинг барчаси ҳақида гапиришимиз керак. Аммо биз ўзимизни арзимаган нарсага бахшида этамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter