Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«13-даги туғилган кун»: рус эстарадаси юлдузлари ўртасида коронавирус қандай тарқагани ҳақида (видео)

«13-даги туғилган кун»: рус эстарадаси юлдузлари ўртасида коронавирус қандай тарқагани ҳақида (видео)

Фото: «Day.Az»

Таниқли бастакор Игорь Крутой синглиси Алланинг туғилган кунини дабдабали нишонлаб берди. Яқинда интернетда тарқаб кетган қуйидаги видеода кечага келган «юлдуз меҳмонлар» ҳамма билан қуюқ саломлашиб чиққан Лев Лешченко (Лещенко)да коронавирус борлигидан бехабар равишда вирусни қандай тарқатаётганини кўриш мумкин.

Орадан бир неча кун ўтиб, 60 ёшли Игорь Николаевда коронавирус аниқлангач, барчанинг хаёлига биринчи бўлиб Лешченко келганди. Албатта бу ҳазил эди, аммо қанчалик аччиқ бўлмасин, бу чинга ўхшайди.

Гап шундаки, Лешченко Америка гастролидан қайта солиб (белгиланган икки ҳафталик карантинга риоя қилмай) Николаев ва бошқа юлдузлар билан яқин мулоқотда бўлган. 13 март кунги (тасодифни қаранг) Алла Баратта (Крутая)нинг туғилган кунида рус шоу-бизнесининг «энг қаймоқлари»ни кўриш мумкин эди: Лев Лешченко, Николай Басков, Олег Газманов, Владимир Винокур (барчаси рафиқалари билан), Ирина Аллегрова, Александр Розенбаум, Александр Буйнов, Лера Кудрявцева, Алсу, Валерий Леонтьев, Александр Серов, Ани Лорак, Александр Ревва, Димаш... Кўпчилик бўлиб тадбирлар ўтказиш ҳали тақиқланмагани учун, меҳмонлар бамайлихотир, қўрқинчли оқибатлардан ташвишланмай, ўйнаб-кулишган. Ҳатто Басков билан Крутой коронавирус мавзусида ҳазиллашиб, қандай кўришиш кераклигини оёқлари билан кўрсатиб беришган.

Аммо, кечада қатнашган икки киши касалхонага тушиб қолганидан кейин, афтидан, машҳурлар вазиятнинг қанчалик жиддийлигини тушуниб етишди.

Айтишларича, 78 ёшли Лев Валерьяновичнинг аҳволи ўша куниям унча яхши бўлмаган.

«У жуда чарчаганга ўхшаб туюлганди. Самолётда учиб келган-у Алкани табриклашга шошган. Шунга йўйгандик», — дейди хонанда Александр Серов.

Алла Крутаянинг туғилган куни ўтиб, коронавирусга чалинган Лешченко Андрей Малаховнинг ток-шоусида ҳам қатнашади. Суратга олиш жараёнида таниқли артист билан бир стол атрофида бошловчи, шоира Лариса Рубальская, сатирик Геннадий Хазанов, телебошловчи Ангелина Вовк ҳамда хонанда Аркадий Укупниклар ўтиришган. Улар ҳозир қай аҳволдалигини билмаймиз. Фақат 74 ёшли Рубальская Лешченко билан учрашувдан сўнг COVID-19 бўйича тест топширгани ва касалланмагани аниқ, холос.

Эслатиб ўтамиз, Лев Лешченко ва хотини сешанбадан бери Москвадаги касалхонада коронавирусдан даволанишмоқда. Сал ўтиб худди шу касалхонага (Коммунаркадаги) Игорь Николаевни ҳам ётқизишган...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг