Эктор Купер: «Эртага ҳужумкор ўйин кўрсатамиз»
Эртага, 13 январ куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубоги гуруҳ босқичининг иккинчи тури доирасида Туркманистон терма жамоасига қарши ўйин ўтказади.
Бугун мазкур учрашув олдидан матбуот анжумани ташкил қилинди. Унда терма жамоамиз устози Эктор Купер ҳамда ҳимоячи Анзур Исмоилов иштирок этди, деб хабар бермоқда Миллий олипия қўмитаси матбуот хизмати.
Эктор Купер: Иккинчи ўйинга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Туркманистон яхши шаклланган жамоа. Биз уларнинг Японияга қарши ўйинини томоша қилдик. Туркманистонга қарши фақат ғалаба учун майдонга тушамиз.
Гуруҳдаги биринчи ўйин ҳақида
Уммонга қарши ўйинни ҳамма турлича таҳлил қилди. Муҳими биз ўша ўйинда ғалаба қозондик. Уммон кучли терма жамоа. Улар Форс Кўрфази мусобақасида ғалаба қозонишган. Шу сабабли уларни мағлубиятга учратганимиздан хурсандмиз. Туркманистонга қарши ўйинда аввалги хатоларимизни тўғирлаб, чиройли ўйин намойиш қилишга ҳаракат қиламиз.
Туркманистон терма жамоаси ҳақида
Туркманистон терма жамоасининг устунликлари ҳақида гапирадиган бўлсак, улар тартибли жамоа. Японияга қарши ўйинда улар тартибли ҳаракат қилишди, лекин тажриба етишмади. Эртага майдонга тушадиган ҳар икки терма жамоанинг ўз ўйин услуби бор. Ким кучлироқ эканини майдондаги ўйин кўрсатади.
Кримецнинг ўрнига ким тушиши мумкин?
Кримец қизил карточка туфайли эртанги ўйинни ўтказиб юборади. Аммо бизда унинг ўрнига майдонга тушиши мумкин бўлган икки нафар футболчи бор. Улардан қайси бири ўша пайтда яхшироқ формада бўлса, ўша футболчи асосий таркибда майдонга тушади.
Эртанги ўйинда ҳам ҳимоявий тактика қўлланадими?
Туркманистон терма жамоаси ҳимоясида ўзига яраша муаммолар бор. Биз эртага ана шу муаммолардан фойдаланиб ҳужум ташкил қилишга ва рақиб дарвозасини ишғол қилишга уринамиз.
Мураббий услуби ҳақида
Миср терма жамоасида ишлаганимда бошқача услубда тўп сурганмиз. Ўзбекистонда бошқача услубни шакллантирмоқдамиз. Баъзи ўхшашликлар бўлиши мумкин, лекин бу икки мамлакат футболи турлича. Биз мухлисларга ва журналистларга ёқадиган ўйин намойиш қилиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter