Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Мантиқсиз қарорни ўйлаб топиш осон, уни бекор қилиш қийин

Мантиқсиз қарорни ўйлаб топиш осон, уни бекор қилиш қийин

Журналист Азиза Қурбонова яқинда ўз каналида хориждан учиб келаётган йўловчилар тўлдираётган мантиқсиз мажбуриятнома ҳақида ёзган эди.

Куни кеча Қозоғистондан қайтганимда бизга ҳам шунақа қоғозни тўлдиришга беришди (расми илова қилинди).

Буни ким ўйлаб топганини билмадиму, лекин ғирт бемаъниликдан бошқа нарса эмас.

Биринчидан, қоғоз коронавирусни тарқашига сабабчи бўлувчи энг катта воситалардан бири. Бутун дунё пандемия шароитида қоғоздан воз кечаётган бир пайтда, бизда қоғозга бошқоронғу бўлган бюрократлар бутун самолётга вирус тарқашига сабабчи бўладиган ишни қилишибди.

Иккинчидан, бу қоғозни тўлдириш учун ручка керак, лекин у ҳаммада ҳам йўқ. Ноилож битта ручкани ҳамма бир-биридан олиб, тўлдиряпти. Вирусни бутун самолётга осонгина тарқатиш учун яна битта сабаб.

Учинчидан, бу қоғозга муҳр (печать) урдириш керак экан. Самолётдан тушган юзлаб инсонлар битта дарчага бориб, печать кутиб турибди. Шунақанги тўполон ва зич навбатки, асти қўяверасиз. Кимдадир вирус бўлса, бемалол юз кишига юқтириши учун яна бир нуқта.

Тўртинчидан, бу мантиқсиз мажбуриятномадаги ҳамма маълумот шундоқ ҳам базада бор-ку. Ким қайси рейсда қаердан учиб келди, уларнинг паспорт маълумоти қанақа, яшаш жойи, керак бўлса телефон рақамигача бор-ку, нима учун уни яна қайта ёзиб бериш керак, тушунмадим.

Бешинчидан, мажбуриятномада хориждан келганлар 14 кун уйидан ёки меҳмонхонадан чиқмаслиги кераклиги айтилган. Қаерда ёзилган бу қоида? Қачон эълон қилинган? Ҳалиям кучидами? Ким амал қиляпти? Шу қоидани ўйлаб топганларни ўзи ҳам амал қилмайдиган қоидани айтиш учун шунча бюрократия шартми?

Хуллас, бу мажбуриятномани ўйлаб топган ва амалга киритганлар вирус одамлар орасида кўпроқ тарқалишини хоҳлашяптими, нима бало. Айни бугун мамлакатда оммавий тадбирлар бемалол ўтказилаётган бир пайтда бу каби мантиқсизликларга чек қўйиш керак.

Ёки катта миқдорда қоғозга чоп этиб қўйишгану, энди токи ўша қоғоз тугамагунча ёздираверасизларми?

Бу мажбуриятнома бизнинг жамиятда жуда кўп учрайдиган ҳолатга яққол мисол бўла олади: мантиқсиз қарорлар осонгина чиқарилади, лекин уни бекор қилиш учун кўпчилик узоқ курашишга тўғри келади. Доим шунақа бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг