Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Нормуродов

«Танк» билан қурилиш объектига кирганлар... Аҳволимизга бир назар

«Танк» билан қурилиш объектига кирганлар... Аҳволимизга бир назар

Сўнгги кунларда содир бўлган нохуш ҳодисалар қурилиш соҳамизга холис баҳо бериш, бундан жиддийроқ хулоса қилишга ундамоқда.

Биз доим бирор воқеа содир бўлишидан кейингина зўр шаҳд билан калтак синадиган бошни қидирамиз, жилла қурса кўнгил таскини учун. Унгача эса ўша илк қозиқ қоқилганидан бошлаб, лента кесишларигача зўр бериб қурилишларни шарафлаймиз.

Энди холисона бир таҳлил этадиган бўлсак, мазкур воқеликда биргина пудратчи фирмаларининг ўзигина айбдор эмас. Бунда илк бор режалаш ишларини олиб борувчи «проектный институт»дан тортиб, қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи саноат корхоналарининг ҳам, ўша технадзору, ревизордан тортиб, дуруст бир нигоҳ ташламаёқ сиртига қараб чапак чалувчилар, яъни ҳамманинг айби бор.

Қурилиш жараёнидаги энг муҳим жараён бу – шубҳасиз тендер. Аммо бизда бу толатўп ва нохолис, керак бўлса, жиққа коррупциялашган тадбир, бошланажак қурилиш объектининг пойдеворига қўйилган дастлабки дарз. Бу соҳада таниш-билишчилик, ака-укачилик каби ўзаро ҳурмат-иззатлар шу қадар авжки, қатнашувчи пудрат ташкилотлари ўзининг салоҳияти ва қурилиш борасидаги имкониятини, яъни экскаватору, бульдозерини эмас, балки биратўла «танка»сини намоён этади. Тендер мутасаддилари эса иззат-икромдан объект таннархи арзонлигига аҳамият қаратиб, каромат кўрсатувчи қурувчини ўз мезонида саралайди.

Шу тариқа бир шоввоз ғолибликни қўлга киритади. Ким шу шоввоз дейсизми? Йирик техникалари бор катта-катта корхоналар қолиб, баъзан янги, мавҳум бир МЧЖ байроқдор бўлади. Шу аснода ғайрат билан ишни бошлаворади. Қандай қилиб дейсизми? Қизиғи кейин бошланади, ана ўша тендерда ғолиб бўлолмай энди қандай кун кўраман, техникалар лизингини қандай тўлайман, ишчиларни қандай боқаман деб юрган катта корхонага таклиф билан чиқади, техникаларингни ижарага бер ёки қурилиш тилида айтганда «субподрядчик» бўлиб ишла.

Шу тариқа ғолиб МЧЖ катта корхонани ёллайдию, маблағ «ғолиб»нинг ҳисоб рақамига йиғилиб, ундан иш бажарувчига сизиб чиқади. Бу ғолиб беш-ўнталаб иш бажарувчиларни ишлатаверади.

Энди шу аснода бошланган қурилишга ишлатиладиган хом-ашёга тўхталадиган бўлсак, у ҳам КИМнингдир корхонасидан марказлашган ҳолатда, кўрсатма асосида яхшигина нархга олиб келинади. Табиатнинг оҳиста бир «пуф»лашига кимларгадир жарақ-жарақ пул келтирган томлар учиб кетади, деворларга дарз олиб, дамбалари бузилиб кетади. Бу ёқда жабрини тортган жабрдийдалар қанча, аммо «қурилиш мафияси»нинг тепасида турганлар пинагиниям бузмасдан, яна ўша «соққаси»ни ғамлаганича ётаверишади.

Аслида биз удабурон деб атаган ёки ростдан-да ҳалол қурувчиларнинг ҳам ўзига яраша бир муаммоси ҳам борки, буни қайд этмаслик нохолислик бўлади. Қурилиш объекти тендери дейлик, май ойида бошланса, топширилиш муддати август, лекин молиялаштириш ишлари камида икки ойдан кейингина амалга оширилади. Баъзан эса бу жараён беш ойгача чўзилиши ҳам мумкин. Ўшанда, энг ёмони, оралиқ муддатда нарх-наво сезиларли ошади. Тендерда кўрсатилган нархдан атиги икки фоиз ошса ҳам, катта қурилишда бу ўз сўзини айтади. Бунда қурувчи, юқоридаги иззат-ҳурмати ва келгусида  йўқловчи «меҳрибон ва серқадам» акаларининг ҳурматини жойига қуйиши учун ва қолаверса, ўзи ҳам касод бўлмаслиги учун ўн қоп цемент ўрнига саккизта ишлатишга мажбур бўлади (шундаям инсофли бўлса).

Энди қурилиш маҳсулотлари етказиш жараёнига бир қаранг: ўша объект қурувчиси бир километр наридаги цехда маҳсулот ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, «катта»нинг қатъий кўрсатмасига биноан юзлаб километр масофадан ва яна қиммат нархга олиб келишга мажбур бўлади. Энди шунча даҳмаза билан олиб келинаётган ўша қурилиш материаллари сифатлими дерсиз? Тадбиркор пеши асосида фаолият кўрсатаётган корхонанинг маҳсулотлари сифат мезони қандай текширилади, баҳоланади бу – номаълум.

Шу аснода битказилиб, алвон ленталар-ла қайчиланиб, тантанали топширилган объектнинг бажарувчиси бўлган ўша МЧЖ икки ёки уч йил ўтиб тугатилиб, шундоқ бошқа одамнинг номида янгидан иш бошласа-чи, яъни тоғаси жияни номига ўтказсаю, шу аснода яна жавлон уриб юраверса? Шунда калтак кимнинг бошида синади? Албатта, оддий халқнинг.

Шу маънода бизга сонига қараб эмас, сифатига қараладиган қурилишлар керакмикан деган ўйга борасан киши. Катта-катта объектларимизни қўзиқорин МЧЖларга эмас, балки Германия, Япония, Хитой, Жанубий Корея каби давлатларнинг йирик ва мавқеига эга пудратчиларига ишонишимиз керакдир. Хоҳласа, чидаса, талабига жавоб берса, маҳаллий корхоналар ҳамкорликда ишласин. Ўшанда улар ҳам шаклланади. Инвесторлар билан ҳамкорлик қилади. Энг асосийси, қурилишда бурилиш бўлиб, калтакка ҳам ҳожат қолмайди, аҳолининг минглаб вакиллари ҳам йўқ ердан жабр чекиб ўтирмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг