Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Нормуродов

Байрамда совға олмаган аёл...

Байрамда совға олмаган аёл...

Илюстратив фото.

Қишлоқ аёли... Барча қишлоқ аёллари сингари пастдарғомлик Замира опа ҳам баҳорни энтикиб кутади, соғинади. Ундаги бу соғинч, фасли баҳорнинг кўрки тароватига ошуфталик эмас, балки зарур ҳаётий инстинктдир.

50 ёшни қаршилаётган опа анчадан буён қишни хушламайди, чунки қаҳратон ҳаво уни кулбасида қунишиб, ишсиз ўтиришга мажбур этади, қор-ёмғирлар, томдан чакка ўтмадими, деб дилгир этади...

Қаерлардадир қор қоплаган дов-дарахтларга гўзаллик деб қаралса, Замира опа учун тўкилиб бораётган ҳовлиси саҳнидаги якка дарахти: ўтин — оиласини қиш қаҳридан асровчи илинж. Қишлоқ дўконидан насия дафтарига номи муҳрланиб, олиб  келинган шамлар эса қиш зулмати чангалидан ҳимоядек...

Қишнинг узун кечалари шам ёғдусида унинг милтиллаган дардли кўзлари баъзан юмилмай тонгни қарши олади. Ҳар доимги «ҳамроҳи» бўлган ташвишли, ноаниқ, ечимсиз муаммоларини «уфф» дея хаёлидан қувади. Яна эрта тонгданоқ арава-уловида кезиб, ўтин теради, пичан йиғади, бугунни эртага улайди. Кутилган баҳор келса бас, дала юмушлари топилади, ҳартигул бирор ишга ёлланиб, рўзғорини бутлаш имкони пайдо бўлади. Унинг учун баҳор гўё — «тириклик» фасли.

Бугун  8 март байрами... Аммо у дўконлар айлана олмайди. Қишлоқдаги дўконларнинг дафтарида қиш бўйи пойма-пой исмларининг қайд этилганидан ҳижолат, шу насиялар сабаб уларни айланиб ўтишга мажбур.

Бугун байрам... унинг айрим тенгдошлари кўзгу қаршисида вақт билан курашиб, «ёшариш» билан банд. У эса макияж нималиги билмайди. Қачонлардир келин бўлганида қилинган пардозига йиллар, ҳаёт синовлари аллақачон соя солган, чуқур  ажинлари эса, тақдир чигалликлари билан туташиб кетгандек.

Уни аёллик ва ёшлик билан боғловчи ёлғиз ришта — уйининг бир бурчида асровчи жажжи қутича. Унинг ичида эса қачонлардир синфдоши табриклаган бир дона табрик хати ва қуриб қолган гул. Бу «бисот» унга жудаям олис туюлувчи бахтли хотиралардан ёдгорлик. Қалбининг бир четидаги аёллик туйғуси таскини... 

У  ҳатто шу илинжига  ҳам ҳижолат билан қарайди, хотираларга-да эрк беришга  ботинолмайди. У иккинчи гуруҳ ногирони, йигирма йилдан буён ёлғиз аёл. Лекин  бирор марта раҳбарларнинг қабулига бормайди, ҳар хил «дафтарлар»га номини тиркашни сўрамайди...

Унинг ёлғиз сирдоши уйидаги қўзичоғи. Нафақа пулига йиғиниб олинган бу қўзичоқ, кузга қадар болаласа, кўпайса, ҳарна — бир корига ярайди. Кейинги қишни қўрқмай кутиб олади. Қишдан кейин эса яна баҳор... 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг