Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шерали Отабоев

Қўрқоқлардан қўрқаман.

Ички ишлар вазирлиги номини ўзгартирадиган вақт келмадими?

Ички ишлар вазирлиги номини ўзгартирадиган вақт келмадими?

Фото: «Xabar.uz»

Рости, бу вазирлик нега «ички ишлар» деб аталиши керак, деган савол анчадан буён ўйлантириб келади. Мамлакатнинг «ички ишлари»га масъуллик — бу жуда кенг қамровли масала. Ваҳоланки, Ички ишлар вазирлиги мамлакат ички ишларининг маълум ва, айтиш мумкинки, ўта муҳим қиррасига масъул орган. Шунга қарамай, вазирлик функциялари давлатнинг барча ички ишларини қамраб олмайди. Ташқи ишлар вазирлигининг ваколат ва вазифалари маълум: у давлатнинг ташқи сиёсати билан шуғулланади.

Узоқ йиллар интизор бўлиб кутилган «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддасига кўра унинг «...асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборат». Кўринадики, вазирликнинг асосий иши жамоат тартибини сақлаш ва ҳимоя қилишдан иборат. Мазкур қонуннинг  4-моддасида  ички ишлар органлари фаолиятининг асосий йўланилишлари белгиланган бўлиб, улар орасидан «дастлабки терговни ўтказиш» фунциясини истино қилинса, моҳиятан, жамоат тартибини сақлаш вазифаси устувор экани яна бир карра ойдинлашади. Илло, мазкур орган мамлакатнинг бутун ички ишларига масъул эканини англатмайди.

Иттифоқ тарқаб кетгандан кейин Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қайта ташкил этилди. Ташкил этилгандаям  «Министерство внутренних дел СССР»,  яъни «СССР Ички ишлар вазирлиги»  тўғридан-тўғри сақлаб қолинди. СССР Ички ишлар вазирлиги шу ном билан 1946 йилдан 1991 йилгача яшаб келган. Шу давр мобайнидаги унинг фаолиятига назар солсак, ўтган 45 йиллик даврида ҳам унинг ўз мақомига хос ваколатни топа олмайсиз.  Ўшанда ҳам унинг асосий вазифаси фақат жамоат тартибини сақлаш эди.

Ички ишлар мақоми илк пайдо бўлган давр, яъни янада узоқроқдан излайдиган бўлсак, Народный комиссариат внутренних дел СССР – НКВД (СССР Ички ишлар Халқ Комиссариати – ИИХК)га бориб тақалади. 1934 йил ташкил этилган НКВДга Жиноятчиликка қарши кураш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича СССР Марказий бошқарув органи мақоми билан кўплаб ваколатлар берилган. НКВДнинг биргина Давлат хавфсизлик Бош бошқармаси (ГУГБ) кўплаб ваколатларни ўз ичига қамраб олган ҳолда 11 та Бош бошқармасига эга бўлган. Шунингдек, НКВДнинг зиммасида коммунал ва қурилиш, саноат тармоқлари ҳам бўлган. Бундан ташқари сиёсий тергов, суддан ташқари ҳукм чиқариш, жазони ижро этиш ҳам бажариб келган. Ҳаттоки, ички назоратдан ташқари чегара қўшинлари ва армияни ҳам назорат қилиб туриш ваколатларига эга эди.

1946 йили СССР Ички ишлар Халқ Комиссариати – НКВД номи СССР Ички ишлар вазирлиги – МВДга айланади.

СССР Ички ишлар вазирлигида 1946 йилдан 1968 йилгача кўплаб ўзгаришлар бўлади. Яъни тизимлар ажратиб олиниб, алоҳида вазирлик ташкил этилади. Кўпгина ваколатлар эса Давлат хавфсизлик вазирлиги (МГБ)га берилади. 1968 йилга келиб СССР Ички ишлар вазирлигида фақат Жамоат тартибини сақлаш ва паспорт тизими ваколати қолади. Эътибор берган бўлсангиз, 1966 йилдагина бу вазирлик  «Министерство охраны общественного порядка (МООП)», яъни «Жамоат тартибини сақлаш вазирлиги» деб номланади. Аммо 1968 йилнинг 25 ноябрида собиқ СССР Олий Кенгаш раёсатининг қарори билан яна «СССР Ички ишлар вазирлиги» деб қайта номланади. Ваколати ва йўналиши эса ўша-ўшалигича қолаверган.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг илк тарихи 1919 йил 26 июнда Туркистон АССР Ички ишлар халқ комиссариатининг тузилиши билан бошлаганини ҳисобга олсак, вазирлигимиз роппа-роса бир аср шу ном остида фаолият юритган экан.

Шундай экан, бугунги ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати даврида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг номини ўзининг хизмат ваколатларига хос ва мос равишда қайта номлаш керакдай. Масалан, Жамоат тартибини сақлаш вазирлиги (ЖТСВ)!

Ислоҳотларнинг янги босқичи бошланар экан, Ички ишлар вазирлиги «милиция» атамасини ишлатмаслик ҳақидаги расмий баёнот билан ҳам чиқишди. «Милиция» инглиз тилидаги militia сўзидан олинган бўлиб,  «қуролли», «лашкар» маъноларини англатади. Жамоат тартибни сақлашга қаратилган тизимнинг номи Шўролар давридан сақланиб қолинганини юқорида айтдик. Ўша даврда давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари таркибига кирмаган, кўнгиллилардан таркиб топган қуроллиларнинг гуруҳига милиция деб ном берилганини кўпчилик билмаса керак.

Ички ишлар  органлари ходимларига нисбатан «милиция» атамасини ишлатмаслик сўралди-ю аммо уларни қисқагина  қандай номлаш ҳақида бирор бир таклиф ўртага ташлангани йўқ. Тўғри, «Ички ишлар органлари ходимлари» деб аташни тавсия қилинди. Бироқ узундан узоқ бу гапни айтишга тил кўпам айланавермайди.

СССР парчаланганидан кейин қатор собиқ Шўро республикалари ўзларидаги тизимлар номини полиция деб ўзгартиришди. Ҳаттоки, Россияда ҳам 2011 йил 1 мартидан «милиция» атамаси «полиция»  деб атала бошланди.

Демак, биз ҳам биргина сўз билан айтиладиган муқобил термин топишимиз лозим. «Миршаб», «посбон», «сарбоз» каби сўзлардан бирини шартли равишда қўллаш хато бўлмас, эҳтимол?

«Миршаб» сўзини асл маъносини кўрадиган бўлсак, Ўрта Осиё хонликларида тунги шаҳар соқчиси ва уларнинг бошлиғини Миршаб деб аташган.

«Сарбоз»  – Хонлар қўшинининг оддий пиёда аскари.

Ички ишлар органлари ходимларига таъриф берганда «тинчлигимиз посбонлари» ибораси айтилади одатда. «Милиция» сўзининг ўрнига энг муносиб ном «посбон» деб ўйлайман. Аммо бунга қаршилар топилади. Чунки «посбон» сўзини Ички ишлар органларида жамоатчилик асосида ишлайдиганларга нисбатан қўллашимиз натижасида бошқача  тасаввурни ҳосил қилиб бўлганмиз. Аслида эса, Ички ишлар ходимларига нисбатан энг муносиб ушбу атамани бой бериб қўйганмизни ҳам англашимиз керак.

Хуллас, янгиланаётган Ўзбекистоннинг барча жабҳаси ҳам ўзгараётган экан, ички ишлар вазирлигининг номига қўшиб, тизим ходимлари қандай аталиши ҳам ўзгариши керакдай.

Юқоридаги баёнларни бир таклиф тариқасида қабул қилгайсиз. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг