Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

«Мақсад «Толибон»ни йўқотиш эмас, уни мўътадиллаштириш» — Камолиддин Раббимов билан эксклюзив интервью

«Мақсад «Толибон»ни йўқотиш эмас, уни мўътадиллаштириш» — Камолиддин Раббимов билан эксклюзив интервью

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

«Хabar.uz» мухбири Афғонистонда «Толибон» ҳукумати ўрнатилганига бир йил тўлиши муносабати билан сиёсатшунос Камолиддин Раббимовни суҳбатга чорлади.

– «Толибон» келганидан кейин мамлакатда нима ўзгарди? «Толибон» бугунги Афғонистонга нималар бердию, нималарни олди?

– «Толибон» ҳокимиятга келганидан кейин Афғонистон иқтисодий вазияти аслида оғирлашди. Унга қадар ташқи дунё, ҳомий давлатлар Афғонистонга мисли кўрилмаган, катта миқдорда – ойига бир неча миллиардлаб пул берар эди, шу ёрдамлар тўхтаган. «Толибон» ҳокимиятга келгандан кейин Афғонистон давлатчилиги ёпиқ давлатга айланиб қолди. «Толибон» сиёсий тизимини ёки уларнинг тили билан айтганда Афғонистон Ислом Амирлигини ҳозирча ҳеч бир давлат тан олгани йўқ.

Бунинг натижасида Афғонистоннинг ташқи дунё ҳамкорлиги ёки муносабатлари музлатилган ҳолатда қоляпти. Афғонистон жамиятининг аксарият қисмида тушкунлик кайфияти ҳукмрон, дейиш мумкин. Айни вақтда «Толибон» ҳам биринчи марта ҳокимиятга келган 1998-2021 йиллардаги каби хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиляпти. Қиёсий таҳлил қиладиган бўлсак, биринчи «Толибон» ва иккинчи «Толибон» маъмурияти ўртасидаги фарқлар анчагина жиддий. Лекин шундай бўлса-да, бугунги Афғонистоннинг энг катта муаммоси ижтимоий-иқтисодий вазияти. Бугун халқда пул йўқ, нархлар анчагина ошган, инфляция юқори. Ижтимоий кайфиятдаги депрессия ҳолати кейинги йигирма йилдаги энг юқори нуқтага келган, деб айтиш мумкин.

– «Толибон» ўзгаришига ишора қилди. Ўтган бир йил давомида қанчалик ўзгара олди?

– «Толибон» учун бугунги энг асосий қадрият бу Афғонистон ҳокимиятини сақлаб қолиш. У 20 йил урушдан кейин яна ҳокимиятга келди. Ғарб мамлакатлари ёки ташқи дунё олдингидек уни куч билан ўзининг талабларига кўндириш ёки «Толибон»ни сиёсий куч сифатида йўқотиш вазифасини энди қўймайди. Чунки, 20 йиллик урушдан кейин ҳамма хулосага келдики, партизанлик урушида, Афғонистон ичкарисидаги ҳар қандай урушда ҳаракат ниҳоятда қудратли. Чунки партизанлик урушининг тактикаси бу. Афғон ҳудудида, афғон халқи билан иштирок этадиган ҳар қандай урушда ташқи дунё енгилди ва бундан кейин ҳам енгилади. Демакки, «Толибон»нинг олдига қўйган пировард мақсади ҳокимиятни ушлаб қолиш ва вазиятни барқарорлаштириш. Шунинг учун ҳаракатга ташқи дунё томонидан шартлар қўйиляпти.

Биринчи шарт бу инклюзив, яъни барча этник гуруҳлардан иборат ҳокимият тузиш, аёлларга, қизларга стандарт ҳақ-ҳуқуқларини бериш, инсонларни бемалол таълим олиш каби фундаментал ҳақ-ҳуқуқларни талаб қиляпти. «Толибон» жудаям осонлик билан эмас, қийинчиликлар билан босқичма-босқич мана шу талабларни ўрганиб, уларнинг кўпчилигини имкон қадар қабул қилишга ҳаракат қиляпти. Муаммо шундаки, «Толибон»нинг ичкарисида бир неча қанот мавжуд. Ашаддий ўнг қанот мавжуд, оддий тилда уларни сиёсий экстремистлар, дейиш мумкин. Улар компромиссга боришни истамайди, уларда мана 20 йил урушдик ва 20 йиллик урушда биз ўзимизнинг  талабларимизни қўйиш ҳаққига эга бўлдик, деган қараш ҳам мавжуд. Лекин Қатарда, Дохада ўтирган, анча сўл бўлган ёки ташқи, глобал сиёсатни яхши тушунадиган толибон мулозимлари ҳам борки, уларда биз қанчалик эртароқ компромиссга борадиган бўлсак, шунчалик бизга нисбатан санкциялар ечилади, шунчалик музлатилган пуллар қайтарилади тезроқ ва ташқи дунё бизни тан олади, натижада вазиятни тезроқ ушлаб қолиш имкониятига эга бўламиз, деган қараш ҳам мавжуд. Муаммо «Толибон»нинг ичкарисида кечяпти. Дунёқарашлар кураши бу. Икки томон ҳам тўлақонни вазиятни назорат қила олмайди. Иккала томон ҳам босчиқма-босқич вақт ўтиши билан ижтимоий-иқтисодий босим остида компромиссга оз-оздан боришга мажбур бўляпти.

– «Толибон»нинг ичкарисида мана шундай зиддиётлар бўлганда улар қандай қилиб вазиятни бошқара олади, деган савол юзага чиқади.

– Аслида бу нормал ҳолат. Демократик давлатларда ҳам, авторитар давлатларда ҳам ёки ҳар қандай сиёсий вазиятда ҳам ички зиддиётлар, яъни сиёсий ҳокимият ичкарисида ёки элитанинг ичкарисида зиддиятлар бўлиши табиий. Иккинчидан, «Толибон» ва жамият ўртасида фундаментал зиддиётлар ҳам мавжуд. Бўлиши табииий ҳам. Чунки ўтган 20 йил мобайнида, «Толибон» қудратга келишига қадар, Афғонистон жамияти анчагина эркин яшади. Тил борасида, ўзлик борасида таълим, хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари борасида анчагина эркинликларга эришган эди. Мана шу эркинликларнинг йўқотилишини Афғонистон жамияти анчагина оғриқли қабул қилди. Буни «Толибон» яхши тушунади.

Ҳаракат бир томондан ўз мафкурасидан ёки диний қадриятларидан воз кечмасдан, айни вақтда қаттиқ репресссия қилмасдан имкон қадар ўзининг дастурини, мафкурасини сингдиришга ҳаракат қиляпти. Мафкурани куч билан ҳам эмас, воз кечиб ҳам кетмасдан, балки даъват қилиш орқали сингдиришга ҳаракат қиляпти. Бу жамият учун зўриқишни англатади. Албатта, толиблар билан жамият ўртасида ҳали кўпгина тўқнашувлар бўлади. Аммо у шунчалик катта кучки, у кейинги ўн йилликларда биринчи марта Афғонистоннинг барча ҳудудларини тўлиқ назорат қила оладиган сиёсий куч ҳисобланади. Кейинги 40 йилда бундай куч бўлмаган. Афғонистонда ҳудудий парокандалик доимо кучли эди. Шундан келиб чиқиб, ташқи дунё, Афғонистонда тинчлик бўлишидан манфаатдор бўлган қўшни давлатлар «Толибон»нинг ҳокимиятга келишидан бир томондан хавотир билан қарайди. Айни пайтда Афғонистонда тинчлантириш ва Афғонистонда босқичма-босқич нормал сиёсий тартиб ўрнатиш учун тарихий бир имконият сифатида ҳам қарайди.

–  Афғон жамиятида «Толибон»га ишончсизлик унинг 90-йиллар сўнгидаги ҳукмронлиги билан боғлиқ, албатта.

– «Толибон»га ҳозирда ташқи дунёдан реал таҳдид мавжуд эмас. Уларнинг ҳокимиятига ягона таҳдид бу ижтимоий норозилик, Афғонистон ичкарисидаги жамиятидаги норозилик. Мана шу норозиликни улар қанчалик пасайтира олади, натижада ҳокимият ўзининг легитимлигини қанчалик мустаҳкамлай олади, улар буни жудаям яхши тушунишади. Шунинг учун иккинчи марта ҳокимиятга келганда кенг кўламли, бир йилда тўлақонли давлат сиёсатига айланган репрессияни амалга оширмаяпти. Айни вақтда «Толибон»нинг қора рўйхатига турган баъзи бир шахслар, баъзи ижтимоий гуруҳларга босим ҳам йўқолгани йўқ. Чунки у мафкуравий сиёсий бир ҳаракат. У жамиятнинг розилиги олишга ҳаракат қиляпти. Айни вақтда ўзининг мафкурасидан ҳам воз кеча олмайди. Ўртада мураккаб вазият юзага келяпти.

– Толибон вақт-вақти билан ўз ҳарбий сафларини тозалаяпти. «Чиқит»га чиқарилган қисм бора-бора ўзларига қарши бир куч бўлиб бирлашишидан хавотир пайдо бўлмайдими? Ёки бу бир тактиками?

– Афғонистоннинг ичкарисида реал потенциалга эга бўлган сиёсий, ҳарбий  куч шакллангани йўқ. Чунки «Толибон» ҳудудларни жуда яхши назорат қиляпти. Ҳатто шимолий ҳудудлар, собиқ Аҳмад шоҳ Масъуд яшаган, фаолият юритган ҳудудлар ҳам бугун Толибон томонидан яхшигина назорат қилиняпти. Бугун Афғонистонда қудратли бўлган, марказлашган сиёсий мухолифат мавжуд эмас. Толиблар қўрқадиган ягона масаласи бу жамиятнинг камбағаллиги, ижтимоий-иқтисодий норозилиги. Чунки ўтган 20 йил мобайнида Афғонистондаги иқтисодий ўсиш ташқи қўллаб-қувватлов натижасида анчагина яхши бўлди. Афғонистон 20 йилда каттагина прогрессни кўрди. Бу давр ижтимоий прогресс сифатида тарихда, жамият хотирасида қолади. «Толибон» шундан келиб чиқиб, вазиятни юмшатиш учун ижтимоий-иқтисодий вазиятни ижобийлаштириши учун, одамларнинг кун кўриши, ўзини молиявий таъминлаш қобилиятни ўстириш учун имконият излашга мажбур. Вазият қайтадан издан чиқадиган бўлса, қайтадан фуқаролик уруши бошланади. Фуқаролик уруши бошланиши натижасида толиблар ҳокимиятдан йиқилади, лекин у йўқолмайди. Уруш қайтадан бошланади, холос.

– «Толибон» ҳужумлари ортидан кучсизланиб ташқарига чиқиб турган кучлар қайтиб келиб қудратга чиқишга ҳаракат қилмайдими?

– Бунга, албатта, ҳаракат қилишади. Бугунги дунё ҳамжамиятининг олдига қўйган мақсади «Толибон»ни йиқитиш эмас. Буни тўғри тушуниш керак. «Толибон» йиқитилса, улар мухолифатга ўтади ва қайтадан қирғинбарот бошланади. Бугунги стратегларнинг асосий мақсади «Толибон»ни босқичма-босқич нормаллаштириш. Улар Афғонистон устидаги вазиятни ушлаб турсин, лекин улар нормал инклюзив ҳокимият қурсин. Ўзбекистоннинг позицияси шу. Покистоннинг позицияси ҳам худди шундай. Глобал стратегия, ҳаттоки, АҚШ стрегияси шундан иборатки, Толибонларни йўқотиб бўлмайди. Чунки уларнинг ижтимоий базаси пуштунларга бориб тақалади. Пуштунлар Афғонистондаги энг катта этник гуруҳ. Уларни йўқотиш имконсиз бўлар экан, уларни трансформация қилиш керак. Уларнинг тафаккурини ўзгартириш керак, уларни жангари гуруҳдан нормал сиёсий гуруҳга айлантириш керак. Яъни баҳс-мунозара қила оладиган, сиёсий тилда гаплаша оладиган, жаҳли чиқса бирданига қуролга ёпишмайдиган, нормал сиёсий кучга айлантириш керак, деган вазифа қўйилган.

– Яқинда «Толибон» Тожикистонни бир ҳафтада қўлга олишимиз мумкин деб таҳдид қилгани бу ҳали дипломатияни ўргана олмагани эмасми?

– «Толибон»дан сўрайдиган бўлсангиз уларнинг ҳам ўз даъволари ҳам бор. Бошқа томондан, бу мисол уларнинг дипломатияси заиф эканлигини, кўпроқ жанговар гуруҳ эканлигини  кўрсатади. «Толибон»нинг ичкарисида бир неча қанотлар бор. Ўнг қанотнинг оҳанги ҳар доим радикал бўлган. Уларнинг муаммоси шундаки, шу ўнг қанотдаги 20 йил давомида эрталабдан кечгача фақатгина жанг билан шуғулланганларни халқаро сиёсатга, халқаро дипломатияга ўргатиши керак. Бу эса осон бўлмайди. Қўшни давлатлар уларнинг жаҳлига жаҳл билан ёки куч ишлатишга куч билан жавоб берадиган бўлса минтақада тинчлик ҳеч қачон бўлмайди. Дунё сиёсатида тараққиётни яратиш учун ақл билан ишлаш керак, эмоция билан эмас. Мўътадил босим билан таъсир ўтказиш самарали усул саналади.

– Юқорида ўзингиз ҳам айтиб ўтдингиз, айни вақтда «Толибон»ни бирорта давлат ҳокимият, ҳукумат сифатида тан олмади. Айни вақтда Ўзбекистон биринчилардан бўлиб фаол дипломатик алоқаларни йўлга қўйди.

–  «Толибон» билан нафақат Ўзбекистон, балки Россия Федерацияси, Европа Иттифоқи, Америка Қўшма Штатлари, Хитой Халқ Республикаси, Покистон ҳам муносабатларини шакллантириб улгурган. Ташқи дунё ўртасида «Толибонга маълум бир шартларни қўямиз, инклюзив бир ҳокимият қурсин, нормал ҳокимият қурсин, аёллар, қизларга ҳақ-ҳуқуқлар берилсин, инсон ҳақ-ҳуқуқлари таъминлансин, деган талаблар қондирилиши билан биргаликда коллектив тан олиш ҳақида гап бўлиши мумкин» деган келишув мавжуд. Бу келишувни Толибонга анчагина яқин бўлган Покистон ҳам бузолмайди. Ёки Хитой Халқ Республикасининг Афғонистон бўйича катта-катта лойиҳалари бор, лекин келишувни бузолмайди.

–  Афғонистонда нафақат хотин-қизлар, балки эркаклар, болалар ҳуқуқлари ҳам бузиляпти. Тақиқлар, чекловлар рўйхатида бандлар кўпайиб боряпти. Улардан тақиқларни олиб ташлашни кутиш қанчалик реал?

– Ташқи дунё аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари борасида шариатни бекор қилишни талаб қилаётгани йўқ. Худди шундай шаръий талаблар масалан, Саудия Арабистонида ҳам бор. Ёки бошқа мусулмон давлатларида ҳам у ёки бу кўринишда мавжуд. Толибларга қўйилаётган бирламчи талаб шаръий давлат қуриш истагидан воз кечиш эмас, ўша шаръий талабларни имкон қадар инсон ҳуқуқлари доирасида таъминлашга ёндашув бўлиши керак, деган талаб бўляпти. Аёлларнинг ўқиш ёки ишлаш ҳуқуқи шариатда ҳеч қачон маън килинмаган. Толибонларнинг тафаккуридаги исломий талқинлар билан мўътадил бўлган исломий талқинлар ўртасида маълум тафовутлар бўлиши мумкин. Халқаро ҳамжамият толибонлардан мана шу компромисс излашга ва  имкон қадар шариат доирасида ёки уларнинг тафаккуридаги шариат талқини доирасида имкониятлар ҳақ-ҳуқуқи билан таъминланиши керак, деган шартларни қўймоқда.

–  Мамлакатнинг энг оғриқли нуқтаси бу иқтисодиёт. Шу вақтгача мамлакат бир томондан донорлар томонидан тўғридан-тўғри ёрдам ҳисобидан, иккинчидан 20 йил давомида қишлоқ хўжалигини ва саноатни ривожлантира бошланиши билан ўнглана бошлаётган эди. Энди иқтисодиёт қайтадан «ўтириб» қолди. Бугунда иқтисодиётни кўтариш учун нима қилиш керак?

– Бу жудаям оғир, кенг қамровли савол. Аввало янги ҳокимият дунё ҳамжамияти томонидан ўзини тан олишига эришиши керак. Бунинг учун инсон ҳуқуқлари, халқаро ҳамжамият айтган инклюзив ҳокимият борасида қадамлар ташланиши керак. Яқинда Тошкент конференцияда дунё ҳамжамияти «Толибон» ҳокимияти халқаро террористик ташкилотлар билан алоқасини тўлиқ узиши керак, деб таъкидлади. Кўп ўтмасдан  Айман аз-Завоҳирий  Кобулда вақтида унга ҳужум уюштирилди, деган маълумотлар ҳам чиқди. Демак, ҳалигача уларнинг алоқаси борлиги маълум бўлди. Шундан, Афғонистоннинг иқтисодий-ижтимоий тақдири ниҳоятда орқада қолади, деб ўйлайман. Бу яқин йиллар ичида у ерда кардинал ўзгариш бўлиш эҳтимоли кам. Кўпгина ташқи кузатувчиларда Толибонни жазолаш керак, деган позиция бор. «Толибон»ни жазолаш орқали бугун Афғонистон жазоланади. Афғонистонни жазолаш орқали Марказий Осиё минтақаси жазоланади. Афғонистонда толибларни жазолаш орқали у ерда этник ўзбеклар, этник тожиклар жазоланади. Бу билан ўша ерлардаги фуқаролик уруши тугамайди. Одамларда 30-40 йилда шаклланган маълум бир позиция борки, айниқса, сўнгги 20 йилдаги «Толибон» гуруҳини қаттиқ жазолаш керак, дейди. Лекин 20 йиллик уруш шуни кўрсатдики, улар йўқолмайди. Чунки Афғонистондаги биринчи конфилект чизиғи у ердаги дунёвийлик ва динийлик эмас. Мамлакатдаги пуштунлар ва бошқалар ўртасидаги ҳокимият учун кураш бирламчи ўринда кўринади.

Пуштунларнинг иккита лойиҳаси бор: биринчиси диний – бу «Толибон», иккинчиси дунёвий – Ашраф Ғани ҳам, Ҳамид Карзай ҳам этник пуштунлар ва иккинчи лойиҳага улар алоқадор. Афғонистон жамиятидаги камида 40-50 фоиз бўлган пуштунлар ҳокимиятни бошқа миллатга бериб қўймайди. Ҳокимиятга этник ўзбек, этник тожик ёки ҳазора келишига рози бўлмайди. Шундан келиб чиқиб у ерда «Толибон» ёки бошқа бир жанговар ёки анчагина радикал бўлган асли пуштун бўлган гуруҳларни қўллаб-қувватлаш давом этаверади. Агар бизнинг мақсадимиз у ерда тинчлик бўлишини истасак ҳозир яхши имконият, деб ўйлайман. Тўғри, «Толибон»ни ўзгартириш қийин, осон бўлмайди. 20 йиллик урушни кўрган, қўпол қилиб айтганда, урушни ичида юрган болалар. Лекин ҳозир уларни йиқитишга жазм этиладиган бўлса, у ерда геноцидлар бўлишига этник ўзбеклар, этник тожиклар ва бошқалар ўртасидаги урушлар ҳеч қачон тўхтамаслигига рози бўлишимиз керак.

Демак, иқтисодий вазият у ерда оғир қолади, чунки ташқи дунё  ёрдам бермайди, ташқи дунё фокусида Россия-Украина уруши турибди. Лекин фақатгина баъзи бир давлатлар, баъзи сиёсатчилар борки, имкон қадар вазиятни оптимал, тинч ўзан орқали йўналтиришга ҳаракат қиляпти. Айни вақтда баъзи бир давлатлар, баъзи сиёсатчилар эса айнан ўч олиш йўлидан кетаяпти – бу нотўғри йўл.

– «Толибон» қудратга келганда мамлакатни минглаб мутахассислар, илмли ёшлар тарк этди. Мамлакатда қолган қатлам асосан қашшоқ аҳоли. Мутахассисларни қайтариш борасида «Толибон» нималар қиляпти?

– Ҳаракат ҳокимиятга келаётганда мутахассислар давлатни тарк этмасин, давлат мулозимлари ўз ўрнида ишлайверсин, фақатгина биз қўядиган шаръий талабларга риоя қилса бўлди, деб айтган эди. «Толибон»лар кейинги пайтларда ташқи дунёдаги мутахассислар, экспертлар қайтаётганини сиёсий пропаганда сифатида жамоачиликка, ташқи дунёга ҳам кўрсатишяпти. Тошкент конференциясида ҳам буни тилга олишди. Мана баъзи бир экспертлар Афғонистонга қайта бошлади, бизни тушуна бошлашди, биз репрессия қилмаймиз, шароит яратимиз, деган муждани йўллашяпти. «Толибон» яхши тушунадики, мутахассисларсиз, экспертларсиз Афғонистоннинг муаммоларини ҳал қилиб бўлмайди. «Толибон» тўғри сиёсат олиб боришга ҳаракат қиляпти. Лекин Толибларга ишончсизлик даражаси жуда кучли, шунинг учун ўтган йилги ҳокимият тўнтарилиши ортидан Афғонистондан чиқиб кетган мутахассислар ҳали  қайтишга шошилаётгани йўқ.

– «Толибон» гиёҳвандлик моддалар ишлаб чиқаришни таъқиқлаймиз, деб айтяпти. Лекин айрим оммавий ахборот воситаларида Афғонистондан гиёҳвандлик моддалари чиқиши кўпайган, деб таъкидламоқда. Аниқ-тиниқ статистика эса очиқланмаган.

– Бу бўйича менда ҳам аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Мен уларсиз динамика ёки вазият қандай эканлигини таҳлил қила олмайман. Толибон вакиллари яқинда Тошкент конференциясида ҳам наркотик моддалар ишлаб чиқариш ва уни экспорти билан қаттиқ курашилаётганини таъкидлашди. «Бу шариатга, ислом қадриятларига мутлақо тўғри келмайди» деб баёнот беришди. «Толибон» биринчи марта ҳокимиятга келган 1998-2001 йилларда Афғонистондаги наркотик моддалар ишлаб чиқариш энг қисқарган давр ҳисобланади. Буни Америка ҳам, Россия ҳам тан олади. Бугунги кунда «Толибон» гиёҳвандликка қарши қанчалик самарали курашяптими, бунга аниқ жавоб йўқ. Толибларнинг ўзи биз қаттиқ курашаяпмиз дейди, ташқи дунё эса биз сезмаяпмиз, дейди. Мана шундай ҳолатда, вазиятни кузатиш ва имкон қадар «Толибон» билан музокаралар олиб бориб вазиятни мониторинг қилиш йўллари ҳақида ўйлаш керак. «Толибон»нинг ўзининг қадриятларига келадиган бўлсак, албатта, бу нарса қаттиқ маън қилинган, деб ҳисоблайди. Ва Афғонистон ҳудудида наркотик моддалар ишлаб чиқарилиши керак эмас, деган масалада уларда консенсус мавжуд.

–  Афғонистонда уруш такрорланмаслиги, вазият бундан баттар бўлмаслиги учун қўшни давлатлардаги оддий аҳоли нима қилиши керак?

– Бугун Афғонистонда тинчлик бўлиши ташқи дунёга камроқ боғлиқ. Бизга боғлиқ бўлган нарса, Ўзбекистон ҳукуамти олиб бораётган сиёсатни тўғри тушуниш керак. Агар  дунё давлатларига қоладиган бўлса, масалан овоз бериш имкони берилиб, Ашраф Ғани ёки Ҳамид Карзай ёки Толибон Афғонистонни қайси бири бошқарсин дейилса, ўйлайманки, 99 фоиз дунё ҳамжамияти анчайин мўтадил, анчайин дунёвий бўлган Ҳамид Карзай ёки Ашраф Ғани ҳокимиятига овоз берган бўлар эди. Лекин вазият шундан иборатки «Толибон» ўзининг ҳарбий лаёқатини исботлади. Уларни йўқ қилишнинг иложи йўқ. Демак, сиёсий куч сифатида ўзининг қудратини кўрсатгандан кейин ташқи дунё ва Афғонистон жамияти бу билан ҳисоблашишга, йигирма йилда йўқ қилинмаган «Толибон» билан диалог олиб боришга мажбур.

– «Толибон»ни четдан тайёрлашган ва уларни четдан бошқаришяпти, деган қарашлар ҳатто зиёли одамларда ҳам ҳамон кузатилади.

– Бу фикрга қўшилмайман. «Толибон» ҳаракати 1994-1998 йилларда шакллана бошланаётганда битта марказлашган куч эди. Бугун Толибон бренди остида 2 та катта йўналиш бор: Афғонистон ва Покистон Толибонлари. Қолаверса, мана шу «Толибон»нинг ичкарисига ҳам бир қанча гуруҳлар бор, гуруҳчалар бор. «Толибон» ўтган урушлар даврида марказлашган куч сифатида сақланиб қолиши имконсиз бўлди. Улар бир жойга йиғилиб, ҳокимият иерархиясини таъминлаш имконсиз эди. Бугун «Толибон»нинг ичкарисидаги муаммолардан биттаси сиёсий ва мафкуравий парокандалик. Юқорида айтдик, анчайин радикал ўнг қанот ва анчайин мўътадил қанотлар ҳам мавжуд. Лекин «Толибон»га ташқи дунёдан таъсири юқори бўлган ягона давлат бу Покистондир. Лекин у ҳам «Толибон»ни тўлақонли назорат қила олмайди. Аксинча, «Толибон» ҳаракати Покистон учун катта бир муаммо сифатида кўрилади. Лекин ҳаракатдан хавотир олган ва унга ишончсизлик билдираётган Покистон ҳокимияти алоқаларни узмайди. Чунки, сиёсат мураккаб нарса, «Толибон» ўз ҳолига ташлаб қўйилса, уларнинг салбий хатти-ҳаракатлари Покистонннинг ўзига ҳам кўчиши мумкин. Аслида «Толибон»га ташқи дунёнинг тўлақонли бошқарувчи пакети мавжуд эмас. Уларнинг ичкарисида ўзининг иерархияси бор. Кейинги бир йилда Афғонистоннинг ўзидаги «Толибон» марказлашуви секин-секин давом этаяпти. Яъни, марказлашган, якка шахс томонидан бошқариладиган бир сиёсий тизим ёки бошқарув тизими шаклланса ташқи дунёнинг «Толибон» билан  мулоқот қилиш, музокара қилиш имконияти осонлашади. Ташқи дунёнинг таъсири кўпчилик ўйлагандек катта эмас.  

Мустаҳкам Тангриёрова суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг