Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Насиба Исламова: «Ўзига қизиқ бўлмаган одам бошқаларга ҳам қизиқ эмас» ёхуд онгли яшаш ҳақида

Насиба  Исламова: «Ўзига қизиқ бўлмаган одам бошқаларга ҳам қизиқ эмас» ёхуд онгли яшаш ҳақида

Бугунги суҳбатдошим Насиба Исламова, 38 ёш, оилали, икки қизалоқнинг онаси. Швецияда яшайди. Life coach, интеллект-тренер. Life coach оддий тилда ҳаётий мураббий, яъни нафақат ҳақиқий истакларни аниқлашга, балки уларга эришишга ёрдам берадиган мураббийдир. Ҳаётий мураббийликнинг асоси коуч ва мижоз ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдир. Насиба Исламованинг ижтимоий тармоқларда «Бахтлилар академияси» ва «Аёллар олами» деган гуруҳлари бор.

 –  Сиз қандай аёлларга ёрдам берасиз?

– Facebookда жуда кўп аёллар мурожаат қилади. Шахсийга ёзадиган аёлларнинг тўқсон фоизидан юз фоизига психолог керак. Мен учун ҳар доим ҳақиқий бўлиш, тўғрисини айтиш муҳим нарса. Чунки ҳамма нарса ҳақиқийликдан бошланади. Мен психолог эмасман, мен коучман – потенциали кучли, аммо ўзини тополмаган аёлларни юзага чиқаришни истайман. Уларни чуқурроқ фикрлашга ундайман. Муҳим ҳаётий мавзуларни дўстона фикрлашамиз. Бизнинг ўртамиздаги гап ҳеч қачон кўчага чиқиб кетмайди. Ўзбек характери жуда ёпиқ. Биз фикрларимизни ташқи дунёдан, ҳатто ўзимиздан яшириб унутиб қўямиз. Айниқса ўзбек аёллари ниқобда бўлишга мажбур. Мен нима учун коучликни танладим? Олий маълумотлиман, иқтисодиётни тугатганман, 10 йил Ўзбекистонда бухгалтер ва консультант бўлиб ишлаганман. Кейин турмушга чиқдим, Швецияда яшай бошладим ва уйда ўтириб қолганимда тушкунликка тушдим, ўзимни бахтсизроқ ҳис қилдим, турмуш ўртоғим куни билан ишда... Мен ўзгаришни ўзимда бошладим, ўз устимда ишладим.

– Юқорида «ўзбек характери» деган иборани айтиб ўтдингиз...

– Мақтанчоқлик ҳам бизнинг ниқобимиз. Мақтанчоқлик бизда тибиий ҳол – 90 фоиз одам мақтанишни яхши кўради. Битта аёл билан кўп вақт давомида ишлаяпман. «Одамлар мени бахтли, ҳамма нарсаси бор деб ҳисоблайди, аммо ундай эмас», дейди. Ўша аёл ўзи ҳақида ёлғондакам бахтли деган фикрни ўзи туғдираётганини билмайди. Аёл яна билмайдики ўзининг ҳақиқий ҳаёти билан ёлғон ҳаёти ўртасидаги узилишни. Ҳеч бўлмаганда у ҳаётини  «бўрттириб» кўрсатишни камайтирса, «энергия»сини, яъни кучини ҳақиқий ҳаётига бағишлайди. Ўз устида ишламасдан, ҳаётини бошқаларга кўрсатиш билан шуғулланаётган одам кучини иллюзияларга сарфлаб юборади. Натижада ҳақиқий ҳаётини унутиб ўзини бахтсиз ҳис қила бошлайди. Ижтимоий тармоқларда кўп кузатаман, бир нарса олсак дарров мақтанамиз. Сеп ёйиш, мебель кўрсатишнику гапирмай қўяқолай, еган овқатимизни кўз-кўз қиламиз. Ҳатто қилган яхшиликларимизни қистириб ўтамиз гап орасига. Ҳамма учун гапирмайман, аммо шу одатимиз кимларнингдир ўксинишига олиб келади, кимларгадир аламзадалик. Яъни бу ишларимиз билан одамлар ичида асосан негатив туйғу уйғотамиз. Энг яқинимиз ва ўзига ишончи кучли инсон тўғри қабул қилади, бошқалар эса аксинча. Қанча кизлар дугонасининг сепини кўргач ўшандан кам қилмаслик учун тиришиб ўзини ва ота-онасини азобга қўяди?! Ваҳоланки сеп ҳеч кимга бахт бермаган! Қанча аёллар дугонасининг сторисида янги олган тиллаларни кўриб эридан кўнгли қолади?! Балки жанжал ҳам қилар? Балки ўзини бахтсиз ҳис этар….

Биласизми, баъзи оилалар бузилиш жараёни кимнингдир нарсасига ҳавасдан бошланади! Мақтанчоқлик яна ўз бахтлилик ёки омадлилигимизни кўз-кўз қилишимизга ҳам тегишли.  «Бахт жимликни яхши кўради», деган гап бор. Агар ўйлаб кўрсак шу одат ҳаммамизда,  ҳар хил даражада бор. Бу бизнинг жамият онгимизга сингдирган дастурлардан бири. Деярли бутун собиқ совет иттифоқи халқларида бор. Хўш, шу одатимиздан кечсак ҳар биримиз, нималар ўзгаради дунёда?!

Онгли ҳаётга қадам ташлашингизга сабабчи бўлган омиллар ҳақида айтиб ўтсангиз.

– Онгли ҳаётга қадам ташлашимда ўзимга ўзим ёрдам берганман, бу учун ўзимдан миннатдорман. Бизга олий кучлар томонидан қийинчиликлар, бахтсизликлар, синовлар берилади. Кичкина қийинчиликларга бошида эътибор бермаймиз. Бир кун келиб шунақа вазиятга тушасанки ўзгаришга тўғри келади. Менинг асосий қийинчилигим қўрқувлардан бошланган. Бу болалар билан боғлиқ эди. Энг оғир қўрқувни бошдан кечирдим. Бир ҳафта давомида овқат ҳам еёлмадим, ухлолмадим. Мен кибримни енгиб ёрдам сўрадим. Интернетда  деярли таниш бўлмаган астролог Полинадан ёрдам сўрадим. Полина бўлса мени психологга йўллади. Ва менга мана шу катта ёрдам берди. Онглилик йўлига кирган мутахассислар онгли йўлнинг одамисан деб айтишарди. Энг биринчи ўринда коуч ва мижоз ўртасида ишонч пайдо бўлди. Дўст ва жамоа сифатида биз бир-биримизни ҳурмат қиламиз. Психологимнинг ҳам ўз психологи бор. Ўзбекистонда пул учун психологлик қилаётганлар кўп, лекин қалбан, ҳақиқий ёрдам бера оладиган мутахассислар ҳам кўп. Ҳеч қачон психологдан ёрдам сўрашдан уялмаслик керак. Энди онгли ҳаёт ҳақида!

Ақлли одамлар унвонлари, олган олий маълумотлари, дипломлари сони билан фахрланадилар. Уларда барча саволларга жавоб бор.

Иккинчи тоифадаги одамларнинг ҳамма иши жойида. Тозаликда зўр, пазанда, тили ширин, ўзига қараб юради – чаққонлар!

Учинчи тур аёллар эс ўй-фикри эр, эрнинг кўнгли, бошқа аёллар, рашк. Балки яна бошқа турлар ҳам бордир, бу менинг бошланғич фикрларим.

Ҳа айтганча, мен биринчи туридан эдим. Кейинчалик Полина орқали яна бошқа инсонларни учратдим, онгли яшовчиларни эшитдим, аудиокитоблар эшитдим (ўқиш менга ёқмайди) ва ақллиликдан кечдим. Бу менга катта эркинлик берди.

Аслида қалбимиз билан, муҳаббат билан яшашни энг тўғри йўл деб ҳисоблайман. Онгли ҳаёт бу бизга берилган энергияни тўғри йўлда ишлатиш. Онгли ҳаёт бу – инсон қадрини англаш, кераксиз гапларни (ғийбат, жабрдийдалик, ёлғон, туҳмат...) йиғиштириш, табиатга меҳр бериш... Негатив ҳиссиётлардан кечиш! Фойдасиз фикрларни тўхтатиш. Ҳар бир қилаётган ишимиз атрофга қандай таъсир ўтказишини англаш ва уларни тўғри танлаш.

Бизнинг қилаётган ҳар бир ишимиз, гапирган гапимизнинг дунё ўзгаришига таъсири бор.  

– Мусибат инсонларни бирлаштиради. Катта мусибат эса халқнинг умумий сифатларини ўзгартиради, дегандингиз...

– Катта мусибатлар ростдан халқнинг умумий сифатларини (коллектив онгсизлик) ўзгартиради. Украинада уруш бошланганида таниш украиналик аёл айтганди: «Урушиб, гаплашмай қўйган дугоналар бирлашдик, бир-биримизни кечирдик». Бу балки қўрқинчли туюлар, лекин халқ  жаҳолатдан тийилмаса, ўзгармаса бундан ҳам кучли мусибатлар берилаверади. Бу менинг ўзим учун қилган хулосам. Агар биз халқни битта организм деб ҳисобласак, ҳар битта инсон унинг ҳужайраси. Ҳужайралар рак ҳужайраларидек нотўғри ишлашни бошласа, ўша организм ҳалокатга юз тутади. Шунинг учун ҳар битта ҳужайра, яъни ҳар бир инсон ўзини ўзи ислоҳ қилиш керак. Агар сиз ёрқин, соғлом ҳужайрага айлансангиз атрофдаги ҳужайралар ҳам тузалишни бошлайди. Яъни инсонийлик ҳиссиётлари кучайиши  учунам мусибатлар келади. Украинанинг ҳар бир ҳужайраси, яъни одами ўзгараяпти, демак миллат ўзгаради... Афсуски бу қурбонлик эвазига бўлади. Туркияда ҳам мана шундай катта йўқотишлар, қурбонликлар, мусибатлар ўзгариш кераклиги ҳақида белгидир балки.

Туркияга жуда кўпчиликнинг раҳми келди. Аммо онгли яшаётган одам учун раҳмдиллик муҳим эмас. Сабаби фақат раҳм қилиш билан дунёни ўзгартириб бўлмайди. Дунёни ўзгартиришни истаган одамнинг, аввало ўзи ўзгариши керак. Нимагадир бизда одамлар бошқаларни ўзгартиришга интилади. Инсон ўзидаги барча камчиликлари билан ҳақиқийлигини тан олиши, ёмон томонлари билан ишлашни бошлаши керак. Ҳар битта одамдан сўрасангиз ўзини зўр инсон деб ўйлайди. Агар ўзини чуқурроқ тафтиш қилса ўзгартириш керак бўлган томонлари кўплигини англайди. Февралдаги зилзила Туркия ва Сурия миллатларини ўзгартиради. Олдинлари бемалол пора олиб яшаб юрган баъзи одамлар энди унақа яшай олмайди, чунки энди егани томоғидан ўтмайди. Инсоф энди шунчаки чиройли сўз бўлмайди, у одамларнинг вужудига айланади. Афсуски «инсонларни уйғотиш» учун шундай фожеалар бўлади. Чунки биз нафсини қулига айланган, худбин, ўз эгоимизни эркалаб яшайдиган мавжудотлармиз.

Қани эди, оҳ тортиб, дод-вой солишимиз инсонларнинг ҳаётини ўзгартирганда – эҳтимол ҳаммамиз кеча-ю кундуз шуни қилар эдик. Аммо бизнинг қўлимиздан келгани сабоқларни тушуниб, улардан хулоса чиқариш. «Менинг бунга алоқам йўқ», деб ўйламанг.  Бу «дарс»нинг моҳияти шундаки, биз барчамиз дунёмиз учун жавобгармиз. Мусибатлар бизни жаҳолатдан уйғотиш учун юборилмоқда.

Қадриятлар ўзгариши, инсонга муҳаббат барчасидан устун бўлиши керак. Биз моддиятни Худога айлантирдик! Уйлар қурдик, уй нархида машиналар олдик. Бу йўлда қанча инсонларга зарар етказдик, табиатни буздик, кўнгилларни оғритдик. Туркиядаги зилзила эса бизга бир неча сонияда ҳаммасидан жудо бўлиш мумкин эканлигини кўрсатди. Бойликларимиз шунчаки иллюзия эканини билдирди.  

– Коллектив онгсизликнинг маъносини кенгроқ тушунтириб ўтсангиз?

– Соддароқ қилиб тушунтирадиган бўлсам коллектив онгсизликни авлоддан авлодга етказиб берамиз. Онгсизлик бу ҳамма қилаяптию мен ҳам шундай қилишим керак, деган тушунчада яшаш.

 Жаҳолатдан уйғониш қандай содир бўлади? Жаҳолатдан уйғониш нима? Бу янги унвон олиш, юзлаб китобни ўқиш ё чет тилини ўрганиш эмас.  Бир йил давомида ўқидим, ўргандим. Жаҳолатни ўқимишсизликда, китоб ўқимасликда кўришади. Жаҳолат бу инсон сифатида, табиатнинг бир қисми сифатида ривожланмаслик. Инсон битта ҳарф танимасдан туриб жаҳолат қилмаслиги, лекин олимлигича ҳам жаҳолатда яшаётган бўлиши имумкин, яъни ҳаётдаги муҳим нарсаларни англамаслиги мумкин. Масалан урф- одатларни, орзу-ҳавасларни кўпайтириш, чуқурлаштириш коллектив онгсизлик ва жаҳолат. Кераксиз нарсалар одамни шахс сифатида ривожлантирмайди. Ижтимоий тармоқларда кузатишимча, ақлли, ўқимишли инсонлар ҳам кўнгилни оғритадиган гаплар ёзаркан. Мен сендан гўзалроқман, яхшироқман, ақллироқман дейишнинг ўзи жаҳолат. Одамни шахс сифатида ўзгартирмайдиган нарсаларга вақт сарфлаш жаҳолат. Эгойимизни ўстирадиган нарсаларга вақтимизни сарфлашимиз бу жаҳолат. Интеллект тренер сифатида ўша ерда ўргатадиган машқларим жаҳолатдан уйғониш учун биринчи қадамни беради. Қийинчиликлар даражаси кучайиб кетгач ҳаётингизни ўз қўлингизга оласиз.  

– Ўз ҳаётини инсон қачон қўлга ола бошлайди?

— Аёллар «Шу ёмон эримни мен танламадим, ота-онам танлади» деб баҳона қилишлари мумкин. Шундай бўлсада, ўрнига ота-онага танлов қилишга рухсат берган ким? Қизнинг ўзи! «Бизга шундай тарбия берилди», деб яна бошқаларни, менталитетни айблашимиз мумкин. Аммо атрофга боқсангиз, шу менталитет ичида ҳам ўз ҳаёти учун жавобгарликни ўзига олиб яшаётган аёллар ҳам кўп. Ҳақиқат шунда-ки, биз ҳаётимиз учун ўзимиз жавобгар эканимизни ҳис этиб яшамасак, тақдиримизни бошқармасак, уни бошқалар қўлига тутқазиб қўйсак – ҳаётимизга қийинчиликлар берилаверади. Чунки қийинчиликларнинг мақсади – бизни уйғотиш! Аммо яхши хабарлар ҳам бор! Ҳаётимизни ўз қўлимизга олишга ҳеч қачон кеч эмас! Ҳатто 50, 60 ёшда ҳам! Ҳатто ҳаётингизнинг 3 куни қолган бўлса ҳам уни ўзингиз яшаб кўринг.   Онгли инсон ҳеч қачон негатив мавзуларни ривожлантирмайди. Энг муҳими онглилик сизни кибрдан халос этади!  Сиз тожингизни ечиб оддий одамга айланасиз. Кимларнидир ўзгартиришга уринмайсиз. Ёки яхшилик тарқатасиз ёки жим кетасиз!

– Дунё ишларида ҳар доим баланс бўлади! Олишнинг бериши ҳам бор, деган фикрларингиз жуда ёққан менга.  

– Баъзида  бошимизга иш тушса «Нима учун? Қайси гуноҳим учун? Нега айнан мен?» деб ўйлаймиз. «Қаерда хато қилдим?» деб ўзимизни қийнаймиз ва омадсизлигимиз, бизга бошқаларнинг муносабати сабабини чин дилимиздан тушунмаймиз. Ҳар биримиз яхши инсон бўлишга харакат қилиб яшаймиз, тўғрими? Ишим юзасидан кўплаб аёлларга (тўловсиз) суҳбат  белгилайман. Менинг манфаатим 100 кишидан биттаси билан давомий ишлаш. Буни англайман ва тайёрман. Демак, мен ким учундир вақт белгилайман. Айтилган вақтда ҳамма ёқни тинч қилиб, таёрланиб кутаман. Аммо, ёзилган аёлларнинг аксарияти (афсуски кўп қисми) учрашув ҳақида унутади ёки қўнғироққа жавоб бермайди.

Аслида бунга ҳам ўрганганман, анча кўникиб қолганман. Узр сўраб ёзадигани 1%, яна 50% и мен ўзим сўрасамгина узрини айтади.

Энг ёмон томони эса, кўп ҳолларда «касал бўлдим» ёки унданам даҳшати «болам касал» деган баҳона. Балки ростдан хам шундайдир, лекин афсуски, мен бундай баҳоналарни  миллатимизнинг энг ёмон бир одати деб биламан.

Хўш бунга баланснинг  нима алоқаси бор?

Гап шундаки одам кимгадур вақт белгиланганда у ўша инсоннинг шунча вақтини олади. Яна ўз мисолимда келтирсам. Яъни белгилаган вақтим унумли ишлатилмай қолади. Демак вақтим учун у инсон қарздор! У қарзни менга тўламайди. Бу ерда гап пул ҳақида ҳам эмас! Лекин шунақа майда-чуйда «қарздорликлар» йиғилиб боради. Инсон кимнингдир вақтини ҳурмат қилмадими, ўзининг вақтига нисбатан ҳам бошқалардан ҳурмат ололмайди.

Яна бир «кўринмас қарз» мисоли. Берилган саволни жавобсиз қолдириш! Билмасдан қилиш ҳақида гапирмаяпман. Билиб туриб жавобсиз қолдириш ҳақида. Ҳар хил миллатлар билан алоқада бўлганим сабаб бу айнан ўзбекларга хос хислат, ўзбекона одат деб ҳисоблайман (фикрим субъектив).

Ҳа айтганча! Бизда индамай қўйиш(саволга жавоб бермаслик, қўнғироқни кўрмаганликка олиш ва ҳ.к) – гўёки инсонни хафа қилмаслик деб ҳисобланади. Лекин бу бир баҳона. Биз шунчаки  ўзимизни «ёмон» кўрсатмаслик учун шу йўлни тутамиз. Агар ўйлаб кўрсак биз жуда кўп шунақа кичик қарздорликларни вужудга келтириб яшаймиз.

Бу қарзчаларимиз эса ҳаётимизнинг бошқа томонлари ҳисобидан бадал сифатида қайтарилади.

  – Жамиятимизда бахтсиз инсонлар кўпми?

 – Бизнинг жамиятимизда бахтсиз инсонлар кўпдек назаримда. Онгсиз яшаётганимизнинг ўзи бахтсизлик. Оилавий, молиявий шароитдан эмас, ҳақиқий онгсизлик бор жойда бахтсизлик бор. Ҳақиқий онгли ҳаёт бошлангандан кейин бахтлилик бошланади.

Буни ҳар куни ижтимоий тармоқларда яққол кўришингиз мумкин. Энг оммалашган ҳолатлардан бири, қайноналар келинига азоб беришгани. Бу қайноналар ёмон инсонлигиданми?

Йўқ. Бу бахтсизликдан. Кўп эркаклар аёлларига зулм қиладилар! Уларнинг барчаси шундай разил одамларми ёки руҳий носоғлом?  Йўқ. Бу кўп ҳолларда «эр» бу жамиятда ўз ўрнини тополмагани, ич-ичидан камситилганлик ҳисси билан яшаганидан, ҳаётда ўз ўрнига эга  бўлолмаганидан! Аёллар ўзаро ғийбат қилишади, бу маданиятнинг камайиб бораётганими ёки бекорчиликдан? Йўқ. Аёл бахтни татимаганидан.

Сиз, мен, ҳар биримиз шу ондан бошлаб ўзгаришни, муҳаббатга тўлишни мақсад қилсак, биз албатта «муҳаббат» вирусини атрофимиздагиларга улашамиз. Бу ҳар биримизнинг қўлимиздан келади! Бунинг учун сиз «Менинг бахтим бу фақат менинг қўлимда» деган  оддий ҳақиқатни англашингиз керак! Бир бахтли инсон атрофидаги кўплаб одамларга нур сочиб, уларни ҳам бахтли бўлишга ундаши мумкин.

Бахтли инсон ҳеч кимга қўполлик қилмайди, ёмонлик қилмайди.

– Инсоннинг ўз шахсий ҳудудини билмаслиги жамиятга қанчалик зарар етказади?

–  Шахсий ҳудудни Европада икки ёшли болалар ҳам билади. Масалан аттракционларда икки ёш болалар бировнинг чегарасини босиб ўтмайди, ўзининг навбатини кутади. Шахсий ҳудудни билмаслик ҳам онгсизлик. Хорижда кичкина болаларни ўпиб эркалаш ҳам шахсий ҳудуднинг бузилиши учун биринчи қадам. Шу учун бизларда педофиллик кучайиб кетган. Ҳаммаси мана шу бировнинг чегарасини бузишдан бошланади. Ўзининг чегарасини билган одам бошқаларнинг чегарасини ҳам ҳурмат қилади.

 Ҳар бир инсон ўзига яраша иқтидор билан туғилади...

– Ёш болаларни кузатсангиз буни яққол сезасиз.  Бир бола ўйинчоқларни бузади, тузади, ўрганади. Бундай болалардан асосан инженер-контструктор соҳа вакили чиқади. Айрим қизлар доим ўйинчоқларини даволайди, меҳр беради. Улар шифокор ёки педагог касбини танлайди. Менинг катта қизим кўзгу олдидан кетмайди, макияж қилиб кўради, кийимларини алмаштиради – гўзаллик соҳасида иқтидори борлигини кўраман. Нима деб ўйлайсиз, мен шу қизимга сен ўқиб доктор бўлишинг керак десам ёки ҳуқуқшунос бўлишга ундасам тўғрими? Ёки иқтидорига қараб зўр тикувчи бўлгани яхшими?

Кўп ҳолларда ота-оналар ўз орзу-армонларини фарзандларига сингдиради, қўпол қилиб айтганда, тиқиштиради.

Бизнинг менталитетимизда ота-она истаги қонун бўлгани сабабли болалар ҳам индамай ўша кўрсатилган йўлдан  кетишади! Мана шу вақтда у ўзлигини йўқотади. 16-17 ёш болалардан «Ким бўлишни истайсан» деб сўрасангиз деярли ҳар доим ота-онаси истагига кўра жавоб беради. Чунки уларни хурсанд қилишни истайди.

Ёши ўтган сари инсон ўзганинг ҳавасларини деб ўз ҳаётини яшамаётганини сезади, аммо энди кеч деб ҳисоблайди. Орзулар армонга айланади.

У ҳам ўзининг ўтолмаган йўлини  кейинчалик фарзандларига мерос қилиши мумкин. Мен доктор бўла олмадим, сен бўласан ва бу боланинг хоҳишлари билан мос тушадими йўқми, фарқи йўқ. Қарабсизки, ҳеч ким ўз йўлида яшолмай ўтиб кетади.

 Бу мавзуда жуда кўп суҳбатлашиш мумкин, айтолмай қолган гапларингиз...

– Ҳаммамиз ўз иқтидоримизга хос ишлар билан шуғулланайлик! Ўз орзуларимизга ўзимиз интилайлик. Болаларда эса «бахтлилик» ҳиссини мерос қилайлик... Ўзлигимизни топиб, онгли яшайлик. Билиб қўйинг, ўзига қизиқ бўлмаган инсон ҳеч кимга қизиқ эмас.

                                                                       Барно Султонова суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг