Гиёҳванднинг сўнгги кунлари
У яна ғужанак бўлганча оғриқнинг зўрига чидолмай ингради. Эшикнинг ҳалиям ташқарисидан тамбаланганини кўриб ҳафсаласи пир бўлди. Асабий тишларини ғижирлатди: «Бу сафар аниқ ўлиб қоламан, анавини қаердан бўлсаям топмасам, аҳволим чатоқ» деб ўйлади. Ҳозир унинг хаёлини ўша заҳри қотилдан бошқа нарса эгалламаганди.
Жавҳарбек оилада якка-ю ёлғиз ўғил бўлиб, ўзига тўқ хонадонда ўсганди. Отаси шаҳарма шаҳар юриб бизнес қилар, онаси эса ҳеч қаерда ишламас, уйда ўтириб эрининг топганини латта-путта, тақинчоққа сарфлаб, гўё ҳаёт фақат бойлик билан қизиқдек ўзини хурсанд қилиб яшарди. Уларнинг бирдан-бир овунчоқлари мана шу якка-ю ёлғиз ўғиллари эди. Шунинг учун эрка ўғилнинг айтгани айтган, дегани деган бўлиб, сиртдан қараганда Жавҳарбек ҳамма нарсаси муҳайё, ҳеч нарсадан кам-кўсти йўқ, болалиги осуда ўтаётган энг бахтли болалардан бири эди гўёки. Лекин Жавҳарбек ёшлигидан ҳеч нарсага зориқмасдан ўсган бўлса-да, унинг доим кўнгли кемтик эди. Чунки отасини ҳафтада, гоҳида ойда бир кўрар, ҳеч ота-онасининг бир оила бўлиб жамулжам дастурхон бошида ўтирганини ҳам эслолмайди.
Жавҳарбек ҳам бошқа тенгдошлари қатори отаси билан қаерларгадир боргиси, дилдан гаплашгиси келар, лекин отаси ўғлига бўлган меҳрини фақат пул билан исботларди. Аммо кўнгил кемтиклигини пул билан тўлдириб бўлмас экан. Жавҳарбек яхши кийингани, доимо чўнтагида пули бўлгани учун унга дўст бўлишни истайдиганлар жуда кўп эди. У балоғат ёшига етганда ана шундай кўнглини очса бўладиган «дўстлар» топди. Унинг осуда, тинч ҳаёти ана шу дўстлари орқали саргузашту кўргиликларга бой бўлди. «Нега ҳаммаси шундай бўлди?» ўйлади у. Ахир бошқа тантиқ, эрка болалардек «мактабда ўқимайман», деб хархаша қилмасди. Ҳамма фанлардан аъло баҳога ўқиди. Хулқи ҳам яхши эди. Нафиса исмли синфдошини яхши кўрарди. Доимо отасининг меҳрига зор бўлиб ўсган Жавҳарбек мулоҳазали йигит бўлгани учун Нафиса ҳам уни ёқтирарди. Ўша «дўстлар»га йўлиққач эса унинг характерида, руҳиятида ўзгариш пайдо бўлди. Отасига нисбатан норозилик кучайди. Серзарда бўлиб қолди. «Дўстлари» айтганидек отасининг бошқа оиласи борлигига аниқ ишонди. Яхши кўргани Нафиса эса...аввалига йигитнинг гиёҳванд бўлиб қолганини билиб қолгач карахт бўлиб қолди. Лекин қиз муҳаббатидан осон кечиб бўлмаслигини ҳис қилгач, йигитга шарт қўйди. «Агар ўзингизни даволатмасангиз мен сиз учун йўқман» деди. Лекин Жавҳарбек даволанишга ваъда берди-ю ортга суравериб игна олишгача етиб борди. Мана уч кундирки у уй қамоғида. Отаси Россиядан қайтгач таниш, тажрибали шифокорларга кўрсатиб даволатмоқчи. «Ҳозир озгина бўлса эди» ўйлай бошлади у «кейин майли даволанишга розиман». «Ойи», деди у бор овози билан эшикни муштлаб. Бирпасдан сўнг Жавҳарбекнинг ойиси эшик ёнига келди.
— Ойи мени эшитаяпсизми, — деди йигит овози қалтираб.
— Болам эшитаяпман. Јани дардинга даво тополсам ўғлим.
— Эшикни очинг. Мен билан гаплашинг, ахир сиздан бошқа мени ким тушунади, ким...
Она, онаизорда кўнгли бўшади. Кўзи ёшга тўлди:
— Очсам тўполон қилмайсанми, анавиндан топиб бер деб.
— Йўқ, ваъда бераман тўполон қилмайман. Фақат, фақат сиз билан гаплашиб ўтирмоқчиман. Ахир шунга ҳаққим бордир.
Она ўғлининг гапига ишонди. Жигари билан чин дилдан она — болага ўхшаб гаплашгиси келди. Эшикни очди. Ўғли онаси кутганидек тўполон қилмади. Фақат югуриб тепа қаватга чиқиб кетди. Игнага ўтиргандан бери чекадиган нашага ҳожат қолмаганди. Энди эса ўшанга ҳам зор. Яхшиям яшириб қўйгани, жойида турган экан топиб олиб, чекди. Хайрият хумори сал босилгандай бўлди. Онаси тепага чиққанда ўғлининг «сигарет» чекиб ўтирганини кўриб кўнгли хотиржам тортди. Оёқларини керганча деворга суяниб ўтирган ўғлининг ёнига келиб бошини силади:
— Жуда қийналиб кетдинг. Даволансанг ҳаммаси бошқача бўлади. Ҳаётингни бошқатдан бошлайсан. Уйланасан. Невараларимни ўзим кўтариб катта қиламан. Фақат сен яхши бўлиб кетсанг бўлди. Сендан умидларим катта.
Негадир нашанинг таъсириданми йигитнинг миясидаги туман қоплагандек бўлди. Негадир доимо «қачонлардир қайтадан дунёга келсам ҳеч қачон бу хатомни такрорламасдим» деган умидли ўй уни тарк этмасди. Онасининг тиззаларига бошини қўйди:
— Ойижон эсингиздами болалигимда дадамни соғиниб йиғлаган пайтларим сиз мени паркка олиб борганларингиз.
— Эсимда, эсимда кейин бир пой туфлингни йўқотиб қўйгандинг. Дадангга йиғлаб айтганингда ўшандай туфлининг уч жуфтини олиб келганди.
— Мен ўшанда туфлиларимнинг кўплигига эмас, дадамнинг келганига хурсанд бўлганман. Нафисани яхши кўрардим. У ҳам эрга тегиб кетди.
— Ҳали ундай қизлар дарахтни тепсанг ёғилади. Сен дам ол. Аҳволингни қара, кимга ўхшаб қолдинг, — деди онаизор ўғлининг озиб, соқоллари ўсиб кетган чеҳрасига изтироб билан қараганча. — Худди тарки дунё қилган одамга ўхшайсан...
Йигитнинг миясини катта бир қурт кемираётгандек боши ғувиллай бошлади. Энди тушкунликка туша бошлади. Негадир унга ҳамма душмандек кўринаётганди. Чеккан «сигарета»сининг кайфи унча узоққа бормади. Яна бояги оғриқ аъзои баданини қақшатди. Яна кўзига ҳеч нарса кўринмай қолди. Титраб қақшаганча, оғриқнинг зўридан тишларини ғижирлатди. Унинг хаёлида қаердан бўлса ўша кучлисини топишдан бошқа ўй йўқ эди. Отаси унинг гиёҳванд эканлигини билгандан бери пул бермай қўйди. Онасининг пули турадиган хона ҳам қулф. У пастга тушди. Ошхонада куймаланаётган онасининг олдига борди. Ўғлининг ранги оқариб, кўзлари бежо бўлганини кўрган онасининг юраги шувиллаб кетди. «Яна ломкаси бошланди шекилли» ўйлади у.
— Ойи, ойиии менга пул беринг, — деди у ингроқ товушда.
— Ҳозиргина бинойидай эдинг. Яна бошландими?
— Бу охиргиси бўлади. Даволангунимча шу нарсани истеъмол қилмасам ўлии-и-и-б қоламан.
— Даданг эрталаб келади. Чидагин энди. Яна озгина қолди.
— Чидолмайман, пул берасизми ўзи, йўқми?
— Беролмайман ўғлим, — деди онаси иложи борича вазиятни юмшатишга уриниб.
Онаси унинг кўзига балодай кўриниб кетди. Онаси уни яхши кўрармиш. Яхши кўрса боласининг шундай қийналаётганини кўриб пулини аяйдими? Буларнинг бари душман.
— Тезроқ ўлсам қутуласизми, шуми ниятингиз, — деди жон ҳолатда бақириб.
Ўғлининг қон тўлган кўзига қараб онани ваҳима босди.
— Жон ўғлим нималар деяпсан. Мен сенинг, яккаю ёлғиз ўғлимнинг ўлишига жим қараб тураманми?
Онаси ўғлини шаштидан қайтариш учун яқинлашганди, шунда...шунда у онасини турткилаб юбордию халатини титкилаб калитларни олиб қўйди. Онаизор ўғлининг орқасидан қўл чўзганча қолаверди.
У онасининг пул турадиган ётоғига кириб ҳамма шкафларни титиб чиқди. Унга пул турадиган жойни топиш унчалик ҳам қийин кечмади. ўаладонни титкилаб икки даста пулни олганча кўчага отилди. Эски мижозининг уйига йўл олди. Дарвозани жони борича тақиллатди. Эшикдан уйқусираганиданми кўзлари қизариб кетган бир эркак чиқиб келди. Жавҳарбекни кўриб кўзлари чақнаб кетди.
— Бормисан, неча кундан бери йўқ бўлиб кетдинг, — деди йигитнинг бежо кўзларига қараб.
— Ака, боягиндан топиб бермасангиз аҳволим чатоқ, — деди Жавҳарбек ҳансираганча.
— Ўшанга лойиқ пулинг борми ишқилиб. Анаву кунгидек қарзга беради, деб ўйласанг хато қиласан.
— Йўқ қарзгамас, мана қарзимни ҳам узаман, фақат яхшисидан топиб беринг. Шунинг барига бераверинг.
Йигит ортига қайтди. Йўлакда беҳол ўтирган онасига ҳам қарамай ўз хонасига югурди. Эшикни ичидан маҳкамлаб олди.
— Яна шу зормандани топиб келдингми, — деди онаси унинг эшигини муштлаганча.
— Ойи, кетинг бу ердан, — деди йигит зарда билан, кетинг ҳеч кимдан ҳеч нарса топганим йўқ, мени тинч қўйинг мен дам олмоқчиман, кетинг.
Онаизор ноилож эшик олдидан узоқлашди. Йигит фурсатдан фойдаланиб яширган жойидан шприцларини олди. Ҳар доимгидай ўзига укол қилди. Бошини деворга тираганча бир зум тек қотди. Кейин ҳамма нарсани унутди. Хаёллари пойинтар-сойинтар ҳар ёқда кеза бошлади. Нафисани ўйлади. Уни излаб бир пайтлар қизнинг болалиги ўтган уйга бормоқчи бўлди. Унинг хаёлида ҳали ҳам Нафиса эрга тегмаган эди. Турмоқчи бўлганди неча кундан бери тузук овқатланмагани учунми боши айланиб ўтириб қолди. Кейин ўша заҳотиёқ Нафисани унутди.
Энди хаёллари айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Бир зум ўзини болалигига қайтгандек ҳис қилди. Ўзича сархуш жилмайди. Худди дарсга бориши керак бўлган одамдек яна ўрнидан турди. Яна хаёллари ҳар ёққа тўзғиб кетди. Энди негадир тушкунликка туша бошлади. Худди чорасиз қолган одамдек, ўзини ёлғизланиб қолгандек ҳис қилди. Йиғлагиси келди. Тиззаларини бирлаштириб ўтирганча қучоқлади. Бошини билаклари устига қўйди. Ҳўнграб йиғлаб юборди. Яна ҳамма жойи қақшаб оғрий бошлади. Шунда қорадорининг кучи аввалгидек узоққа бормаётганини, уни истеъмол қилиш вақти тобора қисқариб бораётганини, олдингидек лаззат ололмаётганини ҳис қилди.
«Эртага, эртага дадам келсин бориб даволанаман. Кейин ҳамма-ҳаммаси бошқача бўлади. Ўқишимни давом эттираман, уйланаман, машина оламан — одамларга ўхшаб яшайман, лекин ҳозир, ҳозир анави зормандадан охирги марта укол қилмасам бўлмайди». У яна шприцни қўлига олди. Таъсири анчагача етиши учун бу гал у шприцга қорадорини ҳар доимгидан кўпроқ тортди. Кейин кўзларини юмганча билагига нинани тиқди. У яна осмону фалакда уча бошлади. Бир зумга, бир зумгинага болалигига қайтгандек бўлди. Кўз олдида миттигина, оқ кучукча билан варрак учириб чопқиллаб юрган дўмбоққина болакай — ўзи гавдаланди. Негадир осмон шунчалар ёп-ёруғ эдики. Фақат болаликдагина ана шундай ёруғликни ҳис қилиши мумкин эди. У ҳам бир зумгина ўша ёруғликни ҳис қилди. Кейин осмон торая бошлади. Осмондаги варраги чирпирак бўлиб шиддат билан ерга туша бошлади. Гўёки Жавҳарбекнинг ўзи осмону фалакдан қулаб тушаётгандек бўлди. «Ойи», деган овозини ўзи ҳам эшитмади.
Нафаси қисиб ҳеч қаерга сиғмай кетаётгандек бўлди. Ёқаларини йиртиб тортди. Жон талвасасида ўзини ҳар ёққа отди. Онги шуурида бир лаҳзагина «ҳаммаси тамом, наҳот ҳаммаси тамом», деган ўй ўтди. Кейин, кейин ҳеч нарсани англолмай қолди...
Тунда келган дадаси онаси билан эшикни бузиб киришганда ўғилларининг ўлиб ётганининг устидан чиқишди... Унинг очиқ қолган кўзларида чексиз мунг ва изтиробни кўрган отаси илк бор ўғлининг бошини кўксига олиб чин дилдан эркалаб, силади...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter