Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Тантанали эчкиқасам

Тантанали эчкиқасам

Шу десангиз, чап томондаги шоир қўшним роса ғаламис-да! Нуқул норози бўлгани-бўлган! Илҳоми келмай қолса, бошқалар айбдор! Бугун эрталаб мени йўлакда кўриб қолиб, ярим соат арзи ҳол қилди. Нима эмиш, қасамхўрлик кампанияси бошланибди. Бу яхши эмасмиш!.. Хўш, нима қилибди бошланса? Ҳаёт бир хил давом этгунча ранг-баранг бўлса яхши-ку! Қасам ичибди, ароқ ичмабди-ку!

– Менга қаранг, виждон нега керак? – деб сўради у.

– Виждон?.. Шу, яхши ишлаш учун-да!

– Қасам ичиш-чи?

Талмовсираб қолдим:

– Э, сиз бир саволлар берасиз, одам жавоб тополмай қолади. Қасамхўрлик... виждонга тиргак бўлиш учун керакдир-да!

– Йўқ, билмайсиз! Кун тартибида бошқа масала йўқлиги учун керак! Ким ўйлаб топган бўлсаям...

– Узр, шошиб турувдим...

Ишга бироз кечикиб бордим. Ҳамкасблар келиб бўлишган экан. Ҳазил-ҳузил билан ишга шўнғиган пайтимда хўжайин пайдо бўлди! Бу одамга қўл қовуштириб турмасанг, шартта ишдан бўшатворади.

– Ҳамманг ортимдан юр, – деди у. – Тез бўл.

– Қаёққа?

Хўжайиннинг жаҳли ёмон.

– Катта холангникига, – деб бақирди у.

– Хўп-хўп, ҳозир.

– Халатни нега ечасанлар? Кийиб ол!

Тапир-тупир, шоша-пиша машинага ўтирдик. Умримизда кўрмаган бир бинога кириб бордик. Кейин «Мажлислар зали» деган жойга олиб киришди. Тумонат одам. Қўлларимизга қоғоз тутқазишди. Ҳа, тушунарли, демак, бизга ҳам қасам ичиришади. Навбатимиз келибди-да! Оббо, энди нима қиламан? Ҳозир қасам ичиб қўйсам, кейин тирикчилик нима бўлади? Қочиб қолсам-чи? Айримлар қасам ичиб қўймаслик учун ўрнига билдирмасдан бошқаларни юбораётган экан-ку!

Аланг-жаланг атрофга қарадим. Йўқ, қочиб бўлмайди. Ноилож қўлимдаги матнга кўз югуртирдим ва елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Қандай яхши! Мана энди ҳаммаси жойида!

«Катта келди», дейишди. Кўриниши прокурорларга ўхшаб кетадиган одам экан. Бунча бадқовоқ бўлмаса! Савлатидан от ҳуркади-ей! Мажлис бошланди. Телевизорда эшитавериб ёд бўлиб кетган гаплар. «Фуқаролик жамиятининг устувор йўналишлари...»

Хаёл суриб кетибман. Бир пайт қарасам, одамлар ўрнидан туриб, қоғоздаги матнни ўқишяпти. Камерага тушмай деб мен ҳам шартта қаддимни ростлаб уларга жўр бўлдим. Айниқса, «қасамёд қиламан» деган жойини баланд овозда такрорлаб турдим. «Мен ҳалиги... ҳалиги... ҳалигига қасамёд қиламан, тантанали қасамёд қиламан».

Тадбир қанча давом этди, билмайман, жиққа терга ботган эдим. Ҳа, қасамёд қилишнинг ўзи бўлмаскан? Агар шоир ёнимда бўлганида, ёлғондан ўқиганинг учун терлаб кетдинг, дерди! «Катта хурсанд бўлди», дейишди пичирлашиб. Ҳайронман, қасамни биз ичган бўлсак, нега у қувонади?

Мажлислар залидан чиққач, Баҳромга ҳазиллашдим:

– Худди отанг ёзган китобни ўқигандай қироат қилдинг. Қойил!

– Мен ана шунақа туғма талантман, – мақтанди у.

Бу гап Тоҳирга алам қилиб деди:

– Туғма талант эмиш! Эчкига ўхшаб маърадинг!

Ёнимиздан ўтиб кетаётган оқ халатли хўппа семиз киши минғирлади:

– Ўзи нега мен қасамёд қилдим?

– Ия, сиз ҳам дўхтир эмасмисиз, амаки? – деб сўради Баҳром.

– Ошпазман. Одам кам экан, деб олиб келишди. Ўзларинг-чи?

– Бизми? – Баҳром шивирлаб жавоб берди: – Сартарошлармиз.

Тоҳир қўшимча қилди:

– Эчкиқасамлар десаям бўлаверади, ҳи-ҳи-ҳи...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг